Жамият | 15:21 / 06.07.2025
2418
2 дақиқада ўқилади

Тахтақорача довонида яна ёнғин чиқди

Ёнғин 6 июл куни соат 00:20 ларда бошланган ва орадан бир соат ўтиб ўчирилган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарарига аниқлик киритилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тахтақорача довонида юзага келган ёнғин уч кундан бери жиловланмагани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 4 июл соат 12:08 да Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, «Қайнар» МФЙ ҳудудидаги қир-адирликда қуруқ ўтлар ёнгани тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.

Шунга кўра воқеа жойига ёнғин-қутқарув экипажлари соат 13:00 да етиб бориб, ёнғин соат 16:00 да ўраб олинган ва соат 17:00 да ўчирилган.

Иккинчи ҳолатда ёнғин 6 июл куни ушбу ҳудудда соат 00:20 да содир бўлган.

Ҳодиса жойига ёнғин-қутқарув экипажлари ҳодиса етиб борган, ёнаётган қир-адирликдаги ёнғин соат 01:20 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ёнғин сабаби ва зарарига аниқлик киритилмоқда.

«Айтиш керакки ушбу ёнғин 3 кундан буён эмас, балки икки хил вақтда бошқа-бошқа кунларда содир бўлган», — дейилади муносабатда.

Ўз навбатида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаролар, блогер ва ижтимоий тармоқ администраторларидан аҳоли орасида саросима кўтармаслик мақсадида нотўғри маълумот тарқатмасликни сўради.

Мавзуга оид