Ўзбекистон | 16:59 / 08.07.2025
930
6 дақиқада ўқилади

Central Asian University RUR вa THE Impact Rankings 2025 халқаро рейтингларида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда

Central Asian University (CAU) ўтган бир йил давомида ўзининг академик ва бошқарув салоҳиятини сезиларли даражада ривожлантирди. Буни икки муҳим ютуқ тасдиқлайди: университет нуфузли Round University Ranking (RUR) 2025 рейтинги бўйича дунёнинг энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатидан ўрин эгаллади ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга университетлар қўшган ҳиссасини баҳоловчи Times Higher Education Impact Rankings 2025 рейтингида илк бор иштирок этди.

Round University Ranking 2025 даги ютуқлари

2025-йил июн ойида 2010-йилдан бери ўтказилиб келинаётган ва 100 дан ортиқ мамлакатни қамраб олган нуфузли глобал университет рейтингларидан бири — Round University Ranking (RUR)ʼнинг янги натижалар эълон қилинди. Ушбу рейтинг университетлар фаолиятини тўртта асосий соҳага бўлинган 20 та кўрсаткич бўйича таҳлил қилади:

• ўқитиш сифати;

• илмий-тадқиқот фаолияти;

• халқаро ҳамкорлик (International Diversity);

• молиявий барқарорлик (Financial Sustainability).

Баҳолаш натижаларига кўра, Central Asian University илк бор дунёнинг ТОП-1000 та энг яхши университетлари қаторига кириб, умумжаҳон рейтингида 975-ўринни эгаллади. Алоҳида йўналишлар бўйича университет қуйидаги натижаларни кўрсатди:

• ўқитиш сифати кўрсаткичи бўйича 936-ўрин;

• халқаро фаоллик тоифасида 669-ўрин, бу хорижий университетлар билан кенг ҳамкорликни, хорижий ўқитувчилар ва талабаларнинг мавжудлигини, шунингдек, халқаро академик алмашинув дастурларида фаол иштирок этишни англатади.

Бундан ташқари, университет "Халқаро хилма-хиллик" мезони бўйича Ўзбекистонда 1-ўринни эгаллаб, халқаролашув даражаси бўйича мамлакатнинг бошқа олий ўқув юртларидан олдинга чиқиб олди. Молиявий барқарорлик рейтингида CAU дунёда 257-ўринни эгаллаб, "Кумуш лига"дан ўрин олди. Рейтингнинг бу сегменти университетларнинг узоқ муддатли ишончлилигини баҳолашда айниқса муҳимдир: кампусни ривожлантиришга сармоялар, таълим дастурларини қўллаб-қувватлаш учун даромад яратиш қобилияти, шунингдек, барқарор ва "яшил" ривожланиш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар ҳисобга олинади.

Шундай қилиб, Round University Ranking 2025 натижалари CAU академик стандартларни изчил ошираётгани, илмий-тадқиқот инфратузилмасини ривожлантираётгани ва барқарор бошқарув моделини шакллантираётганидан далолат беради.

THE Impact Rankings 2025ʼдаги илк иштирок

Central Asian Universityʼнинг Times Higher Education Impact Rankings 2025’даги биринчи иштироки ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди — бу университетларни нафақат академик кўрсаткичлар бўйича, балки БМТ томонидан тасдиқланган Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга қўшган ҳиссаси бўйича ҳам баҳолайдиган кам сонли жаҳон рейтингларидан биридир.

2025 йилда ушбу рейтингда 130 мамлакатдан 2500 дан ортиқ университет иштирок этди. Рейтинг университетларнинг сифатли таълимни таъминлаш, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, барқарор шаҳарларни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва адолатли институтларни шакллантириш каби йўналишлардаги ҳиссасини баҳолайди.

Central Asian University умумий ҳисобда 1501+ тоифасида илк бор иштирок этди ва бир қатор асосий Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича кўрсаткичларни тақдим этди:

• SDG 6 (Тоза сув ва санитария) - 601+ тоифаси;

• SDG 8 (Муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш) - 1001+ тоифаси;

• SDG 4 (Сифатли таълим) - 1501+ тоифаси;

• шунингдек, SDG 7, 10, 11, 12, 16 (тоза энергия, тенгсизликни қисқартириш, барқарор шаҳарлар ва жамоалар, масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш, тинчлик ва адолат) - барчаси 801+ оралиғида.

Рейтинг натижалари июн ойида Истанбулда бўлиб ўтган Глобал барқарор Ривожланиш Конгресси 2025 доирасида эълон қилинди. Унда барқарор ривожланиш бўйича глобал ёндашувлар ва университетларнинг экологик ва ижтимоий масъулиятли келажакни шакллантиришдаги роли муҳокама қилинди.

Университетлар бу турдаги рейтингларда нима учун иштирок этади?

Иккала рейтинг ҳам халқаро миқёсда эътироф этилишга интилаётган университетлар учун муҳим восита ҳисобланади.

RUR университетнинг ўқитиш сифати, илмий тадқиқотлари ва глобал иштироки бўйича жаҳон етакчилари орасидаги ўрнини баҳолаш имконини беради, шунингдек, инвесторлар, ҳамкорлар ва талабалар учун йўл-йўриқ кўрсатади.

THE Impact Rankings эса ўз навбатида, университетларнинг ижтимоий ва экологик ҳиссасига эътибор қаратиб, уларнинг инсоният олдида турган глобал муаммоларни ҳал этишга қанчалик ёрдам бераётганини намойиш этади.

CAU учун ушбу рейтинглардаги иштирок ва ютуқлар университетнинг таълим ва тадқиқот фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ йўлга қўяётгани, ESG тамойилларини (экологик,ижтимоий ва бошқарув амалиётларини) фаол жорий этаётгани ҳамда барқарор ривожланишнинг глобал кун тартибини амалга оширишга ҳисса қўшаётганининг муҳим кўрсаткичидир.

Central Asian University ректори Камран Гуламов рейтинглардаги ютуқларни шарҳлаб, улар университет учун шунчаки расмий кўрсаткичлар эмаслигини таъкидлади: "Бу бизнинг янги турдаги — дунёга очиқ, таълим, илмий иш ва бошқарувда илғор ёндашувларга йўналтирилган университет қуриш стратегиямизнинг тасдиғидир. Биз нафақат академик ҳамжамиятни ривожлантириш, балки бутун минтақанинг барқарор келажагига ҳисса қўшишдек муҳим вазифани зиммамизга олганмиз".

Бундай натижалар Central Asian University Марказий Осиё олий ўқув юртлари орасида салмоқли ўрин эгаллаб, ишончли ва замонавий университет сифатидаги обрўсини шакллантираётганидан далолат беради. Ўзбекистон олий таълим тизими учун бу, шунингдек, миллий олий ўқув юртларининг жаҳон академик харитасидаги ўрни ва глобал ташаббусларга қўшилишининг тобора ортиб бораётганини кўрсатувчи омилдир.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид