Жаҳон | 19:14 / 08.07.2025
2477
12 дақиқада ўқилади

Ғазоликларни кўчириш, Эрон ва Сурия мавзулари — Трамп ва Нетаняҳу нималарни муҳокама қилди?

Оқ уйда Доналд Трамп билан учрашган Нетаняҳу ғазоликларни кўчириш режалари ҳақида гапирди ва АҚШ етакчисини Нобел мукофотига тавсия қилди. Трамп эса Эронга берилган зарбаларни Японияга ташланган атом бомбасига қиёслади. Айни вақтда Вашингтонда Нетаняҳунинг ташрифига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда, Қатарда эса Ҳамас билан музокаралар давом этмоқда.

Фото: White House

Кечки овқат, Нобел ва мақтовлар

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу душанба, 7 июн куни тонгда Вашингтонга етиб келди. Аввало у Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф, АҚШ давлат котиби ҳамда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Марко Рубио билан учрашди.

Фото: Исроил бош вазири матбуот хизмати

Шу куни АҚШ президенти Доналд Трамп Бинямин Нетаняҳуни Оқ уйда кечки овқат устида қабул қилди. Трамп ва Нетаняҳу Ғазонинг узоқ муддатли келажаги ва Исроилнинг Форс кўрфазидаги қўшнилари билан муносабатларини нормаллаштириш масаласини муҳокама қилган.

New York Times'нинг ёзишича, Оқ уйнинг Мовий залида ўтирган етакчилар аввало, ўзаро ўзларини табриклаган ва АҚШнинг Эрон ядро объектларига уюштирган ҳаво ҳужумларини нишонлаган. Нетаняҳу эса бу вазиятда Трампни Нобел тинчлик мукофотига номзод қилганини айтди.

«У ҳозирнинг ўзида минтақадаги бир мамлакат ортидан бошқаси билан тинчликка эришмоқда. Барчангизга катта раҳмат. Бу — сизни тинчлик мукофотига номзод қилиш учун тўла-тўкис муносиб. Сиз, албатта, уни олишингиз керак», деган Нетаняҳу.

«Катта раҳмат. Мен бу ҳақда билмасдим. Мен Эронга тинч йўл билан тикланиш имкониятини беришни хоҳлайман. Улар Яқин Шарқдаги безори эди, энди эса безори эмас», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда нашр.

Шунингдек, Трамп ўзининг Эронга ҳаво зарбаси бериш қарорини Иккинчи жаҳон уруши даврида президент Гарри Труменнинг Японияга атом бомбаси ташлаш қарорига қиёслади. «Бу кўплаб урушларни тўхтатди, бу ҳам худди шундай», деди у.

Фото: White House

Исроил бош вазири пайшанба, 10 июлгача Вашингтонда қолишни режалаштирмоқда. У вице-президент Вэнс, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон ва мудофаа вазири Пит Ҳегсет билан учрашувлар ўтказади. Бу Нетаняҳунинг Трамп иккинчи марта президентликка киришганидан бери Оқ уйга учинчи ташрифи бўлди — бу бошқа ҳар қандай хорижий етакчидан кўпроқ.

Ғазоликларни кўчириш ва сулҳ масаласи

Reuters нашрининг ёзишича, кечки овқат бошланишида журналистларга мурожаат қилган Нетаняҳу, АҚШ ва Исроил бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиб, фаластинликларга «яхшироқ келажак» тақдим этиш устида ишлаётганини айтган.

«Агар одамлар қолишни истаса, қолишлари мумкин, лекин кетишни истасалар, кетиш имкониятига эга бўлишлари керак. Биз шунга рози мамлакатларни топиш борасида АҚШ билан жуда яқин ҳамкорлик қиляпмиз. Улар доим фаластинликларга яхшироқ келажак беришни исташини айтади. Менимча, биз бир нечта давлатларни топишга яқинлашяпмиз», деди Нетаняҳу.

Фото: Foxnews

Нашрга кўра, Трамп, Нетаняҳуга ушбу масала ҳақида савол берилганда, дастлаб ўзини четга олган. Кейинроқ атрофдаги давлатлар ёрдам бераётганини таъкидлади. «Бизда атрофдаги мамлакатлар билан жуда яхши ҳамкорлик бор, уларнинг ҳар бири билан… Шундай экан, нимадир яхши нарса содир бўлади», деди Трамп.

Жорий йил феврал ойида Нетаняҳунинг АҚШга ташрифи чоғида, Трамп икки миллионга яқин фаластинликни Ғазо секторидан бошқа яқин давлатларга доимий кўчириш ва АҚШ бу ҳудудни эгаллаб олиб уни «Яқин Шарқнинг Ривиераси»га айлантириш режасини эълон қилган эди. У кейинчалик бу ғоясидан чекинишини билдирган.

Араб давлатлари Трампнинг режасига қарши чиқиб, аҳолининг ўз жойида қолишини, ҳудудни қайта тиклаш ва уни келажакдаги Фаластин давлати таркибига киритиш режасини илгари сурди. Ғазоликлар эса бу таклифни танқид остига олиб, ўз юртларини тарк этмасликка қасамёд қилишган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу режани «этник тозалаш» деб қораламоқда.

Трамп ва Нетаняҳу Вашингтонда бир неча соат давомида учрашув ўтказди. Бу орада исроиллик расмийлар АҚШ воситачилигидаги Ғазо бўйича ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш юзасидан Қатарда Ҳамас билан билвосита музокараларни давом эттирмоқда.

Эрон ва Сурия ҳақида

Трамп ўз маъмурияти Эрон билан музокараларга тайёргарлик кўраётганини айтди: «Биз Эрон бўйича музокараларни режалаштирдик ва улар суҳбатлашишни истаяпти. Улар катта зарба олишди», деди у. Унинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф эса «бу учрашув келаси ҳафта ёки шунга яқин» бўлишини айтган.

Трамп, шунингдек, Эрон устидан санкцияларни олиб ташлашни исташини билдирди: «Мен истардимки, тўғри вақти келганда, бу санкцияларни олиб ташлай олсам», деди у.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён душанба куни эълон қилинган интервюсида Эрон АҚШ билан бўлган зиддиятларни мулоқот орқали ҳал қилиши мумкинлигига ишонишини айтганди.

New York Times нашрига кўра, Доналд Трамп ва Нетаняҳу Исроил ва Сурия ўртасидаги муносабатларни ҳам муҳокама қилди. Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати даврида имзолаган «Иброҳим келишувлари»ни кенгайтиришга умид қилмоқда. Бу келишувлар Исроил ва минтақадаги бошқа давлатлар ўртасида дипломатик алоқаларни нормаллаштиришни назарда тутади.

Фото: White House

Трамп яқинда АҚШнинг Сурияга қарши йиллар давомида амалда бўлиб келган санкцияларини бекор қилишга қаратилган фармонни имзолади. Бу орада, янги президент Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги Сурия ҳукумати 13 йиллик фуқаролик урушидан сўнг мамлакатни тиклашга уринмоқда. АҚШга кўра, Сурия ва Исроил АҚШ воситачилигида чегарада тинчликни тиклашга қаратилган «мазмунли» музокараларни олиб бормоқда.

Вашингтондаги намойишлар

Оқ уй ташқарисида Фаластин шарфини таққан ва Фаластин байроқларини ҳилпиратган юзлаб намойишчилар тўпланди. Улар «Исроилга қурол етказишни тўхтатинг» ва «Геноцидга йўқ денг» деган баннерларни кўтариб чиқишди. Шунингдек, улар Ғазода содир этилган уруш жиноятлари бўйича Халқаро жиноий суднинг ҳибсга олиш ордерига ишора қилиб, Нетаняҳуни ҳибсга олишга чақиришди.

Фото: 7News

Аслида бундай намойишлар Нетаняҳу ташрифидан бир неча кун олдин бошланган эди. Исроил ОАВларига кўра, асосий намойишлар фаластинлик Ёшлар ҳаракати (Palestinian Youth Movement) ҳамда Социализм ва Озодлик партияси (Party for Socialism and Liberation) томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

Фото: 7News

Намойишда, шунингдек, Америка Мусулмонлар жамияти ва Тинчлик тарафдори яҳудийлар гуруҳи (Jewish Voices for Peace) каби ташкилотлар ҳам қатнашган. Тадбир олдидан фаластинлик Ёшлар ҳаракати баёнот эълон қилиб, АҚШнинг Исроил ва араб давлатлари ўртасида муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган ҳаракатларини қоралади. Улар бу жараённи «Фаластинни унинг араб халқларидан ажратиб қўйиш ҳаракати» деб атади.

Қатарда музокаралар давом этмоқда

60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифни ишлаб чиққан асосий шахслардан бири бўлган Стивв Уиткофф ушбу ҳафта Доҳага жўнаб, у ерда Қатар ва Миср вакиллари билан давом этаётган музокараларга қўшилади.

«Яқин Шарқдаги президентнинг энг устувор вазифаси — Ғазодаги урушни якунлаш ва барча гаровдагиларни қайтариш», деди Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт душанба куни тушдан кейин журналистларга. «Исроил томонидан қўллаб-қувватланган ўт очишни тўхтатиш бўйича таклиф Ҳамасга юборилган. Умид қиламизки, улар бу таклифни қабул қилади. Биз барча гаровдагилар озод қилинишини хоҳлаймиз».

Фото: White House

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт ўт очишни тўхтатиш таклифини «қабул қилса бўладиган ва мос» деб атади.

Reutersʼнинг фаластинлик манбалари томонлар ўртасида ҳали ҳам жиддий тафовутлар борлигини, Исроил инсонпарварлик ёрдамини Ғазога эркин ва хавфсиз киришини рад этаётгани билвосита музокараларнинг асосий тўсиғи бўлиб қолаётганини айтди.

АҚШ томонидан таклиф этилган битим гаровга олинганларни босқичма-босқич озод қилишни, Исроил қўшинларининг Ғазонинг айрим ҳудудларидан чиқишини ва урушни тўлиқ тугатиш бўйича музокараларни назарда тутади.

Ҳамас эса узоқ вақтдан бери барча гаровдагилар озод қилинишидан аввал урушга якун берилишини талаб қилиб келмоқда. Исроил барча гаровдагилар озод қилинмагунча ва Ҳамас бутунлай йўқ қилинмагунча жанговар ҳаракатларни тўхтатмаслигини айтганди. Кейинроқ ички ва ташқи босимлар оқибатида Нетаняҳу учун гаровдагиларни озод қилиш асосий ўринга чиқди.

Ўтган ҳафта Трамп Ғазо бўйича битимга тезда эришиш зарурати юзасидан «жуда қатъий» бўлишини айтган ва Исроил бош вазири ҳам урушни тугатишни истаётганини билдирганди.

Фото: ABCNews

Шу кунларда Шимолий Ғазонинг Байт Ҳанун ҳудудида йўл бўйидаги портлаш натижасида камида беш нафар Исроил аскарлари ҳалок бўлди. Бунга жавобан Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бош вазир Бенямин Нетаняҳуни «Доҳа шаҳрида Ҳамас билан музокара олиб бораётган делегацияни зудлик билан қайтаришга» чақирди.

«Бизнинг жангчиларимизни ўлдираётганлар билан музокара олиб боришга ҳожат йўқ — уларни буткул йўқ қилиш, очлик билан ўлдириш, уларга инсонпарварлик ёрдами орқали "кислород" етказмаслик керак», - дейди у.

Мақсадлар

Исроил-Фаластин можаросига икки давлатли ечим тарафдори бўлган Исроил сиёсий форуми ташкилотининг Вашингтондаги ижрочи директори Рейчел Бранденбург фикрича, Трамп ва Нетаняҳунинг ушбу учрашувдан кутган натижалари бир-биридан фарқ қилади.

«Президент Трамп ўт очишни тўхтатиш шартларини кафолатлашни ва Исроилнинг Эронни яна нишонга олмаслиги бўйича келишувга эришишни истайди», деди у. «Аммо Бош вазир Нетаняҳу, эҳтимол, шунчаки ғалабани нишонлашни ва сиёсий мавқейига хавф туғдирадиган ҳеч нарсага имзо чекишни истамайди».

Фото: White House

Ғазодаги кенг кўламли уруш 2023 йил октябр ойида бошланди. Исроил томонига кўра, Ҳамас жанубий Исроилга ҳужум қилиб, мингдан ортиқ одамни ўлдирган ва 251 кишини гаровга олган. Улардан 50 нафари ҳануз Ғазода гаровда қолмоқда, 20 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.

Исроилнинг кейинги жавоб ҳужумлари эса геноцидга айланиб кетди. Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода 57 мингдан ортиқ фаластинлик вафот этди, 130 мингдан ортиқ инсон жароҳатланди. Уруш сабабли Ғазо аҳолиси кенг кўламда ўз уйларини ташлаб чиқди, сектор деярли вайрон бўлди. БМТ баҳосига кўра, ярим миллион одам очлик хавфи остида қолмоқда. 

Мавзуга оид