Ўзбекистон | 17:42 / 08.07.2025
2814
3 дақиқада ўқилади

UzIMEI бўйича вазир Шерматовга сенатор сўрови юборилди

Сенатор Қобул Турсунов UzIMEI тизими бўйича рақамлаштириш вазири Шерзод Шерматовга сўров юборди. Унда техник муаммоларни бартараф этиш, IMEI2 кодни рўйхатдан ўтказиш ва тизимдаги бюрократияни юмшатиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бериш сўралган.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобул Турсунов рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга сенатор сўрови юборди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонда 2019 йилдан буён мобил қурилмаларни IMEI-коди орқали рўйхатдан ўтказиш амалиёти жорий этилган, 2024 йилдан эса уларни Ўзбекистонга олиб киришда мажбурий декларация тўлдириш талаб этилади. Агар декларация тўлдирилмаса, қурилмани UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш учун божхона қийматининг 30 фоизи миқдорида тўлов белгиланган.

Сенатор сўровида айтилишича, сўнгги пайтларда мазкур жараёндаги муаммолар ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, uzimei.uz, my.gov.uz сайтлари ва BIRDA иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш имконияти чеклангани туфайли айрим ҳолларда хизмат ҳақи сунъий оширилмоқда.

Шунингдек, иккинчи SIM-карта учун IMEI2-кодни алоҳида рўйхатдан ўтказиш ва буни фақат қурилмани аввал рўйхатдан ўтказган жойда амалга ошириш талаби фуқаролар учун қўшимча мураккаблик ва харажатларни юзага келтирмоқда.

Юқорида келтирилган ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига асосан, вазирдан uzimiei.uz ва my.gov.uz платформалари ҳамда BIRDA мобил иловасидаги техник муаммоларни бартараф этиш, IMEI2-кодни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, UzIMEI тизимида мавжуд бюрократик талабларни юмшатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида 10 кун ичида маълумот тақдим этиши сўралмоқда.

Маълумот учун, Шерзод Шерматов 2022 йилда Kun.uz'га берган интервюсида UzIMEI тизими ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили UzIMEI тизими оператори – "Information Technology Center" МЧЖдаги 49 фоиз давлат улушини хусусийлаштиришга қарор қилинган эди. Лекин 2025 йилда эълон қилинган янги хусусийлаштириш дастурига бу компания киритилмади.

UzIMEI оператори, шунингдек, бир неча ой олдин очиқланган эксклюзив ҳуқуққа эга компаниялар реестрига ҳам киритилмаган.

Мавзуга оид