Ўзбекистон | 20:51 / 08.07.2025
2578
3 дақиқада ўқилади

Йил бошидан буён содир этилган жиноятларнинг 42 фоизини кибержиноятлар ташкил қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 8 июл куни маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, 2025 йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланганди ҳамда криминоген вазияти оғир маҳаллаларга масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.

Ўтган олти ойда ҳар бир вилоят, туман ва маҳалла бўйича манзилли “йўл хариталари” асосида ижтимоий профилактиканинг самарали тизими йўлга қўйилди, жамоат жойларини рақамлаштириш қамрови оширилди, ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари томонидан илмий-амалий ўрганишлар ўтказилди. Алоҳида эътибор вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ва оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятчиликни жиловлашга қаратилди. Бунинг натижасида 5 минг 200 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят бўлмади.

Таъкидланишича, криминоген вазияти оғир маҳаллалар ҳали ҳам бор. Профилактика инспекторлари, тезкор-қидирув, патрул-пост ва қўриқлаш хизмати фаолиятини кучайтириб, аҳоли хавфсизлигини жойларда таъминлаш шартлиги қайд этилди. Бутун тизимни пастга тушириб, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш зарурлиги таъкидланди.

Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ҳолатлари кўп учраб турибди. Бунга қарши курашилаётган, зарарли воситалар ва лабораториялар йўқ қилинаётган бўлса-да, муаммо тўла бартараф бўлмаган. Шу боис видеокузатув камералари ва сунъий интеллектни қўллаб, гиёҳвандлик моддалари тарқалишини аниқлаш, манбасини таг-томири билан йўқ қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Бугунги кундаги яна бир долзарб муаммо – кибержиноятчилик. Юртимизда йил бошидан буён содир этилган жиноятларнинг 42 фоизини шу иллат ташкил қилган.

Шу жиҳатдан, кибержиноятларнинг олдини олиш, аҳолининг бу борадаги билими ва огоҳлигини кучайтириш, тўлов тизимларида мижозларининг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги айтилди.

Соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш – замон талаби. Шу боис Ички ишлар вазирлиги Академияси фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилган. Жумладан, унга қабул квотасини босқичма-босқич ошириш, янги йўналишлар очиш ва дуал таълимни ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари таълим ва малака дастурларини замонавий хавф-хатарларга мослаштириш, ходимларнинг жанговар ва руҳий шайлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Таъкидланишича, ички ишлар тизими прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан узвий иш олиб бормоқда. Хусусан, республикадаги криминоген вазият кундалик таҳлил қилиниб, манзилли назорат тадбирлари ўтказиляпти. Ҳар бир жиноятнинг сабаблари ўрганилиб, қайта такрорланмаслиги чоралари кўрилмоқда. Муқаддам судланган ёки маъмурий назоратдаги инсонларнинг ижтимоий шароитларини яхшилашга кўмаклашилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ишининг ўзаро мувофиқлиги ва тезкорлигини кучайтириб, қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш, жиноятчиликни кескин камайтириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик ва қонун устуворлиги иқтисодиёт ривожи, аҳоли фаровонлигининг муҳим шарти экани таъкидланди.

Мавзуга оид