Жаҳон | 07:56
1545
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Зеленский Трамп билан АҚШдаги элчини алмаштиришни муҳокама қилди

Оксана Маркарованинг ўрнига Украинанинг Вашингтондаги элчиси бўлиш учун номзодлар орасида Шмихал, Умеров, Стефанишина, Галушченко бор, деб ёзади Bloomberg ва "РБК-Украина".

Фото: Tom Williams/CQ-Roll Call, Inc./Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский 4 июл куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқоти чоғида Украинанинг Вашингтондаги элчисини алмаштириш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда аноним манбага таяниб, Bloomberg агентлиги хабар берди.

Нашрнинг хабар беришича, Зеленский Украина Ташқи ишлар вазирлигига Америка томони билан янги элчи тайинлаш масаласини муҳокама қилишни топширган. Қайд этилишича, бу лавозимга эҳтимолий номзодлар орасида Украинанинг амалдаги бош вазири Денис Шмихал, унинг ўринбосари Олга Стефанишина, мудофаа вазири Рустем Умеров ва энергетика вазири Герман Галушченко бор.

Худди шу маълумотни «РБК-Украина» интернет нашри тарқатди: «РБК-Украина» манбаси Украинанинг АҚШдаги элчиси лавозимига номзодлар орасида Шмихал, Умеров, Стефанишина, Галушченко борлигини тасдиқлади».

«Зеленский элчини алмаштириш зарурлигини муҳокама қилди ва янги элчимиз Америкага тушунарли бўлиши учун уни алмаштириш таклиф қилинмоқда. Президент бу одамларни танлади, чунки улар америкаликлар ва бошқа кучли ҳамкорлар билан аллақачон алоқада бўлган ва натижа берган ва даража Америка билан муносабатлар даражасига мос келади», — дея нашр суҳбатдошларидан иқтибос келтиради.

Украинанинг АҚШдаги амалдаги элчиси Оксана Маркарованинг алмаштирилиши мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар жуда нозик бўлган бир пайтда юз бермоқда, дея таъкидлайди Bloomberg. Ўтган ҳафта Трамп маъмурияти Украинага артиллерия снарядлари ва ҳаво мудофаа тизимларини етказиб беришни тўхтатган, бу эса «Зеленский ҳукумати ва унинг иттифоқчиларини ҳайратда қолдирган».

Мавзуга оид