Жамият | 22:27 / 10.07.2025
1490
7 дақиқада ўқилади

Булоқбошида яна тошқин хавфи: аҳоли Жанубий Фарғона каналида сув сатҳи кўтарилганидан хавотирда

Андижонда икки ой олдин катта тошқин бўлган Сарбонтепа маҳалласи аҳлининг Kun.uz'га маълум қилишича, Жанубий Фарғона канали бўйида яна сув сатҳи кўтарилган ва қирғоқлардаги дамба мустаҳкамлиги шубҳа остида қолмоқда. Вилоят ФВБ ва туман ҳокимлиги хавф катта эмаслигини айтди, лекин мурожаатдан кейин дамба мустаҳкамланди. Мурожаатчилар эса ИИБ биносига олиб борилиб, улардан тушунтириш хати олинди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz'га Андижон вилояти Булоқбоши тумани «Сарбонтепа» МФЙда яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Бир неча ой олдин бу қишлоқнинг тепа қисмида сув тошиб кетиб, маҳалла аҳли катта талафотлар кўрган эди.

Маҳалла фаолларининг айтишича, жорий йил 8 июнга келиб сувнинг зарар кўриб очилиб кетган жойидан 1-1,5 километр пастроқда, Катта Фарғона каналида сув ёнига қилинган дамба пасайиб кетган. Умумий пасайган жой миқдори 120-150 метр атрофида. Аҳолининг асосий хавотири – дамба ювилиб кетса, катта сув қишлоққа яна зарар етказиши мумкин.

«Халқ қўрқиб, шу ерга ўзининг ёнидан пул сарфлаб тупроқларни олиб келиб тўкяпти. Шу қишлоқни сув ювиб кетмасин деб. Яқинда, икки ой олдин қишлоғимизнинг ярмини сув ювиб кетди. Ўшанда бир соат деганда қишлоқни текислаб қўйди. Мана, 1–1,5 км пастда яна худди шунақа ҳолат такрорланяпти.

Маҳалланинг катталари чиқиб, лента тортяпти, машина юрмасин бу ёққа, деб. Давлатимиздан илтимос қилиб қоламиз, вилоят ҳокими, Булоқбоши тумани ҳокими… Шу нарсанинг эртароқ олдини олинглар. Эртага келиб буни сув ювиб кетадиган бўлса, ундан кейинги ёрдамнинг умуман кераги йўқ. Чунки уйни бошқатдан қилиш керак, умуман ҳамма жой расво бўлиб кетади. Чунки биз нарсани ўз кўзимиз билан кўрдик, қишлоқда қанақа ҳолат бўлганини. Шу хавфнинг олдини олайлик, сизлардан илтимос қилиб қоламиз», дейилади маҳалла аҳлининг мурожаатида.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Фаоллар олган видеода бетон каналидан сут сатҳи баъзи жойларда 70-90 смгача кўтарилиб кетганини кўриш мумкин. Мурожаатчининг айтишича, сув ёнидаги хавфли вазиятни тушунтириш учун профилактика инспекторини ҳам чақиришган. Лекин у «ўқишда» бўлгани учун келолмаган. Маҳалла раиси ҳам ёрдамчилари билан «ўқишда» бўлган.

«Шунга биз кимни чақиришни билмадик. Иложи борича сизларга тушунарли қилиб маълумотини бердик, деган умиддамиз. Илтимос, келиб шу нарсани ўрганинглар. Эртага келиб сув очилиб кетса ёки бошқа бир ёрилиб кетадиган бўлса, ундан кейинги ёрдамнинг фойдаси йўқ», дейди фаоллар.

Агар ушбу дамба очилиб кетадиган бўлса, катта миқдордаги сув 300 метр пастроқда бўлган аҳоли яшаш жойига бориши мумкин.

ФВВ «хавф катта эмас» демоқда

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида дастлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан боғланди.

ФВВ Андижон вилояти бошқармаси масъули Нодирбек Йўлдошевнинг айтишича, вазият аслида бунчалик ваҳимали эмас. Шунга қарамай, аҳолининг хавотирларини аритиш учун шағал тўкилиб, дамба кўтарилган.

«Жойига бордик. У ерда туман ҳокими бошчилигида барча ташкилотлар вакиллари ишлаяпти. Машина ва шағаллар келяпти. Хавф йўқ, лекин халқ талаб қилгани учун дамба кўтариляпти. 120 метр узунликдаги ҳудудда кўтариляпти.

Шу билан бирга, дарё олдида дамба бироз чўккани тўғри. Лекин бу дарёнинг суви бошқариладиган бўлгани учун сув кубометри ошиб кетмайди. Хавотирли эмас», деди Андижон вилояти ФВБ масъули.

Фото: Булоқбоши тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Унинг қўшимча қилишича, Булоқбоши тумани ҳокими ўша жойга етиб бориб штаб тузган, бугун бу ишлар тугайди.

ФВВ матбуот хизмати аслида канал ва у билан боғлиқ масалалар «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тасарруфида эканини билдирди. Kun.uz жамият матбуот хизмати билан боғланиб, ҳолат юзасидан изоҳ сўради.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати ходими Ҳулкар Жўраева ҳолатни ўрганиб, изоҳ берилишини маълум қилди.

Мурожаатчилар ИИБга олиб кетилди

Маълум бўлишича, каналдаги сувдан хавотирланиб, аҳолининг видеомурожаати ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалгач, Булоқбоши тумани ҳокими Фурқатбек Бўтахонов ҳудудга етиб борган. Ҳоким дастлаб видеомурожаат юборган фуқароларни тўплаб, бундай масалаларни ижтимоий тармоқларга чиқармаслик кераклигини айтган.

Шундан кейин ўз маҳалласини сув хавфидан сақлаш ҳақида илтимос қилган маҳалла фаолларини ИИБ биносига олиб кетишган. Улардан тушунтириш хати олиниб, қўйиб юборилган. Мурожаатни видеога олиб, тармоқларга жойлаган фуқаро ҳамон ИИБ биносида қолмоқда.

Андижон вилояти ИИБ матбуот котиби Шерзодбек Нуриддиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, фуқаролардан бири «Катта Фарғона канали тошмоқда, аҳоли хавф остида қолди», деган ваҳимали сарлавҳа билан видеони ўзининг саҳифасига жойлаган. Кейин видео ўчириб юборилган. Шу сабабли «вазиятни ўрганиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида фуқаролар ўз розилиги билан ИИБ биносига олиб келинган». Кейинроқ улар қўйиб юборилган. Видеомурожаатни жойлаган фуқаронинг ҳаракатлари эса ўрганилмоқда.

Булоқбоши тумани ҳокимлиги эса дастлаб 9 июн куни туманнинг «Сарбонтепа» МФЙ ҳудудидан ўтувчи Фарғона каналининг сув сатҳини ишчи гуруҳ ўргангани, натижада «каналдаги сув сатҳи маълум миқдорда кўплиги, бироқ белгиланган ҳажмдан паст экани»ни ёзди.

Лекин 10 июн куни эрталаб Булоқбоши тумани ҳокими Фурқат Бўтахонов ҳудудга келди ва дамбанинг сатҳи кўтарилгани маълум қилинди.

Фото: Булоқбоши тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

«Бугун эрталабда туман ҳокими Ф.Бўтахонов бошчилигида сув тошиши хафви бўлган 150 метр атрофидаги йўлнинг устки қисмига техникалар ёрдамида қаттиқ жисмдаги тоғ тоши, шағаллар ётқизиш ишлари бошланди. Туман ҳокими ва тегишли масъул раҳбарлар иштирокида мурожаатчилар билан мулоқот ўтказилиб, шахсан ўзи назоратга олгани, сув тошиш хавфини олдини олиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилишини тушунтириб ўтди», дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

Юқорида қайд этганимиз, мурожаатчиларни ИБ биносига олиб кетиш ҳам айни ҳоким келганидан сўнг содир бўлган.

Булоқбоши тумани ҳокими Фурқат Бўтахонов мурожаатчилар билан

Умумий вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида кун давомида Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Рустам Эшонов билан боғланишга уринишларимиз самара бермади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида ҳам Булоқбоши тумани «Сарбонтепа» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоқларининг бирига шикаст етгани натижасида катта миқдорда сув тошган эди. Оқибатда ўнлаб хонадонлар ва ҳовлиларни сув босди, йўллар ва экинлар вайрон бўлди. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов воқеага жойига келган ва аҳолига зарарларни қоплаб бериш ишлари шу куннинг ўзида бошланганди.

Ўша фожиада ҳам Сарбонтепа маҳалласи фуқаролари Kun.uz билан суҳбатда канал қирғоғи ўпирилиши асли 24 апрелдан бошланганини, шу санадан бошлаб қирғоқдан сув сизиб чиққанини айтганди.

Мавзуга оид