Спорт | 14:37 / 10.07.2025
11445
3 дақиқада ўқилади

Карло Анчелотти бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Машҳур мураббий 2014 йилда Испанияда солиқ қонунчилигини бузганликда айбдор деб топилди. Бироқ, бундай ҳукм учун унинг қамоқда ўтириши шарт эмас.

Фото: AFP

Мадриднинг Апелляция суди «Реал» клуби собиқ бош мураббийи Карло Анчелоттини 2014-молия йилида даромад солиғини тўлашда фирибгарлик содир этганликда айбдор деб топди ва бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шу билан бирга, суд уни 2015 йилда худди шундай айблов бўйича оқлади. Бу ҳақда El Mundo хабар берди.

Энди Анчелотти солиқ идораси олдидаги қарзини тўлашдан ташқари, 386 минг евро миқдорида жарима ҳам тўлаш керак.

Ҳукм икки йилдан кам бўлгани учун Бразилия миллий жамоасининг амалдаги мураббийи қамоқда ўтирмайди. Шу билан бирга, прокуратура ёки Анчелоттининг ўзи ҳам ҳукм устидан Олий судга шикоят қилиши мумкин.

Суд Анчелотти футболчиларга нисбатан бошқа солиқ текширувларига хос бўлган стандарт фирибгарлик схемасини қўллагани исботланган деб ҳисоблади: у ўз имиж ҳуқуқини хориждаги, Британия Виржиния оролларидаги компанияларга топширган. Ушбу компаниялар аслида ҳеч қандай фаолият билан шуғулланмаган, ходимлари ҳам бўлмаган ва имиж ҳуқуқлари учун ҳеч қачон солиқ тўламаган. Мураббий 2014 йилда ушбу фаолиятдан тушган даромадни декларацияга киритмаган, бундан ташқари, Ғазначиликдан деярли 40 минг евро миқдоридаги солиқларни қайтариб олишни сўраган ва олган.

Анчелотти айбловни рад қилиб, шунчаки «Реал» клуби кўрсатмаларига амал қилганини айтди. Шунингдек, у сохта компаниялар ҳақида ҳеч нарса билмаслигини таъкидлади. Суд унга ишонмади, чунки Анчелотти ушбу компанияларга имиж ҳуқуқларини ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни шахсан имзолаган.

«Компаниялар солиқ тўлашдан бўйин товлаш мақсадида ташкил қилинган», дейилади Мадрид Апелляция суди қарорида.

2015-молия йили учун фирибгарлик айблови бўйича суд Анчелоттини оқлади, чунки унинг Испания солиқ резиденти экани исботланмади. Бунинг сабаби шундаки, у ўша йили «Реал»даги фаолиятини якунлаб, Лондонга кўчиб ўтган эди.

Нашрнинг таъкидлашича, мураббийнинг адвокатлари ҳукмдан қониқиш ҳосил қилган. Даставвал прокурор Анчелотти учун 4 йилу 9 ой қамоқ жазосини сўраган эди. Суд эса энг кам жазони тайинлади.

Анчелотти Мадриднинг «Реал» клубида 2013-2015 ва 2021-2025 йилларда ишлади. У жамоа билан Чемпионлар Лигаси (3 марта), клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати (2 марта), УЕФА Суперкубоги (3 марта), Ла Лига (2 марта), Испания қироли Кубоги (2 марта) ва Суперкубогида (2 марта) ғалаба қозонган.

Мавзуга оид