Жаҳон | 23:17 / 10.07.2025
5929
2 дақиқада ўқилади

Россиялик фермерлар ҳосилни йиғиш учун мигрантлар етишмаётганидан шикоят қилди

Айрим фермерлар ишчи кучи етишмаётгани туфайли талаба ва ўқувчиларни жалб этишни бошлаган.

Фото: Reuters

Россиялик фермерлар дала майдонларида ишчи кучи танқислиги кучайиб бораётганидан хавотир билдирмоқда. Россия боғбонлари ассоциацияси президенти Игор Муханиннинг сўзларига кўра, кардлар билан боғлиқ инқироз бир вақтнинг ўзида бир нечта минтақани қамраб олган ва бевосита ҳосилга таҳдид уйғотмоқда. У миграция талаблари кучайтирилгани, хусусан, рус тили бўйича мажбурий имтиҳон жорий этилганини ишчи кучи етишмаслигининг асосий сабаби сифатида кўрсатди. «Унга [мигрантга] олма териш учун рус тили нега керак? Бригадир рус тилини билади ва бу етарли», — дейди Муханин.

Боғбонлар ассоциацияси президентининг сўзларига кўра, 2024 йилда Краснодар ўлкасида минтақа расмийлари томонидан мавсумий ишларга мигрантларни жалб этишга қўйилган тақиқ туфайли минглаб тонна олма ва резаворлар мевалар йўқотилган — ҳосилни йиғишга шунчаки вақт етмаган. 2025 йилда вазият яхшиланмаган, ишчи кучи етишмаслиги яна йўқотишларга олиб келиши мумкин. Тамбов областида ҳосил мўл бўлгани боис фермерлар уларни йиғиб олишга улгурмаяпти. «Ҳозир ертут, хўжағат терилиши керак, тез орада олча бошланади, аммо тонналаб маҳсулот йўқ бўлади. Одамлар йўқ», — дейди Муханин.

Муханиннинг айтишича, кадрлар танқислиги сабзавотчиликка ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда: ёмғирли мавсумда сабзавотларни тезда йиғиш ва саралаш талаб этилади, бироқ одамлар етишмаслиги сабабли ҳосилнинг бир қисми шунчаки чирийди, натижада дўконларда нархлар ошади.

Айрим фермерлар ишчи кучи етишмаётгани туфайли талаба ва ўқувчиларни жалб этишни бошлаган. «Малино» давлат корпорацияси бош директори ўринбосари Татяна Губинанинг сўзларига кўра, ўқув муассасалари ўз жадвалларини мавсумий ишларга мослаб тузмоқда. Талабалар механизатор ва агрономларга айланмоқда, мактаб ўқувчлари эса экиш ва сақлаш жойларида меҳнат қиляпти. Таъкидланишича, аммо бу ҳам муаммони тўлиқ ҳал этмайди.

Мавзуга оид