Ўзбекистон | 23:48 / 10.07.2025
1779
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда сув қувури кучли босим остида ёрилиб кетди, ўзбекистонликлар томонидан Шенген визаси учун топширилган аризалар сони ошди — маҳаллий дайжест

Шавкат Мирзиёев гастрономик туризм учун яратилган шароитлар билан танишди. Тошкентда сув қувури кучли босим остида ёрилиб кетди. Шенген визаси учун топширилган аризалар сони ошди. Андижон ва Сурхондарёда солиқ бошқармалари бош инспекторлари ушланди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкентда сув қувури кучли босим остида ёрилиб кетди

Тошкент шаҳрида Шайхонтоҳур тумани ҳудудидаги тиббиёт институти чорраҳасида ер тагида сув қувури ёрилиб кетди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, 10 июл куни соат 11:00 ларда пойтахтнинг Фаробий кўчаси ҳудудидан ўтувчи, диаметри 800 миллиметр сув қувурида кучли босим остида ёрилиш ҳодисаси юз берган.

Аниқланишича, ушбу ҳолат режавий тадбир асосида ўтказилган коммунал тармоқдаги иссиқ сув тармоғини босим остида текшириш жараёнида юзага келган.

Мазкур ҳолат сабаб фуқаролар мулки, транспорт воситалари ёки бошқа объектларга етказилган барча зарарлар Veolia Energy Tashkent компанияси томонидан тўлиқ қоплаб берилади.

Ҳозирда иссиқлик сув қувуридаги ушбу ҳодиса коммунал-техник авария-тиклаш бригадаси куч ва воситалари билан бартараф этилиб, носозлик оқибатларини тугатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳодиса оқибатида 3 киши енгил тан жароҳати олган, уларга воқеа жойида тиббиёт ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Уларни шифохонага олиб боришга эҳтиёж бўлмагани сабаб уйларига рухсат берилган.

Шенген визаси учун топширилган аризалар сони ошди

2024 йилда Ўзбекистон фуқаролари томонидан Шенген визаси учун 58 минг 691 та ариза топширилди — бу ўтган йилга нисбатан 26,2 фоизга кўп.

Шенген келишуви портали статистикасига кўра, бутун дунё бўйлаб Шенген визаси сўровларининг 0,50 фоизи ўзбекистонлик аризачилар ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон 2024 йилда Шенген визасига берилган аризалар сони бўйича 35-ўриндаги давлат бўлди.

Германия Ўзбекистон фуқаролари учун энг машҳур йўналиш бўлди: виза учун 19 329 та ариза топширилган. Швейцария Ўзбекистондан виза учун бирорта ариза олмаган.

Шу билан бирга, Шенген давлатлари Ўзбекистондан тушган 9250 та виза аризасини рад этган.

Ўзбекистонлик мурожаат этувчиларга виза беришдан бош тортишнинг энг юқори фоизи Полшада қайд этилган. Ўзбекистон фуқароларига 51 минг 604 та Шенген визаси берилган.

Энг юқори маъқуллаш даражаси Болгарияда қайд этилган — 133,40 фоиз. Германия ўзбекистонлик аризачиларга энг кўп виза берган — 15 минг 205 та виза маъқулланган.

Умумий ҳисобда Ўзбекистон фуқаролари Шенген визасини олиш учун 4,7 миллион еврога яқин маблағ сарфлаган. Виза берилмагани туфайли мамлакат фуқаролари 740 минг евро «йўқотган».

Шавкат Мирзиёев гастрономик туризм учун яратилган шароитлар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, аҳолининг турмуш шароитлари, саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

Бу сафарги йўналиш Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларини қамраб олди. Уларни Бунёдкор кўчаси боғлаб туради. Ушбу марказий кўчада санъат ва маданият масканлари, турли идоралар, кўп қаватли уйлар, супермаркет ва ресторанлар жойлашган. Бу салоҳиятдан фойдаланиб, унинг 1,5 километр қисми хизмат кўрсатиш ва гастротуризм кўчасига айлантирилган.

Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга бу ердаги шароитларни кўздан кечирди.

Шу мақсадда бу ердаги 90 та тадбиркорлик субъекти тун-у кун ишлаш тартибига ўтказилган. Шундан 45 та корхона янги ташкил этилган. 500 киши иш билан таъминланган.

Шу ерда замонавий бекатлар ҳамда автотураргоҳлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Андижон ва Сурхондарёда солиқ бошқармалари бош инспекторлари ушланди

Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори 2,5 минг доллар билан ушланди.

У мансаб мавқейидан фойдаланиб, Олтинкўл туманида радио ва телеаппаратуралар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ томонидан солиқ ва йиғимлар бўйича топширилган солиқ ҳисоботларида товарлар реализацияси тўғри акс эттирилмагани натижасида МЧЖга жуда кўп миқдорда солиқ ҳисобланиши ҳамда солиқ текшируви ўтказилишини айтган.

Сўнг Солиқ бошқармасидаги ҳамкасблари орқали ушбу текширувни ўтказмасликни ваъда қилиб, эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилган ва муқаддам МЧЖ таъсисчисидан 500 доллар олган.

Аммо у қолган 2,5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармасининг солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш бўлими бош инспектори пора билан қўлга тушган.

У Жарқўрғон туманида мотоцикллар ва эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга нисбатан ўзининг ваколатли ҳамкасблари орқали сайёр солиқ текшируви ўтказиш билан қўрқитиб, мазкур текширувни амалга оширмаслик эвазига МЧЖ раҳбаридан 2500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Мавзуга оид