Жаҳон | 07:45
878
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украина бюджетига 19 млрд еврони йўналтириш имконини изламоқда

Россия ва Украина ўртасида ўт очишни тўхтатишга бўлган умидлар сусайганлиги сабабли, Европа Иттифоқи Киевга 2026 йилги бюджетдаги тешикни ёпишда ёрдам бермоқчи.

Фото: Viacheslav Ratynsky/REUTERS

Британиянинг Financial Times (FT) газетаси Европа Иттифоқи расмийлари Украинага келаси йилги 19 миллиард евролик бюджет тақчиллигини қоплашда ёрдам бериш имкониятларини зудлик билан ўрганаётгани ҳақида хабар берди.

Ҳозирда Европа Комиссияси Европа Иттифоқи давлатлари билан турли хил қўллаб-қувватлаш вариантларини муҳокама қилмоқда, жумладан, Украинага бюджетдан ташқари грантлар кўринишида ҳарбий ёрдам юбориш, Киевга жорий G7 қўллаб-қувватлаш схемаси бўйича 50 миллиард доллар миқдорида кредитлар бериш ва Европа Иттифоқида музлатилган Россия давлат активларидан фойдаланиш, деб ёзади FT бир неча аноним манбаларга таяниб.

«Украинанинг келаси йилги бюджет тақчиллиги ҳозирча ташқи молиялаштириш ҳисобига қопланмаган», — дейди муаллифлар. «Келгуси йил ҳақидаги хавотир кучайиб бормоқда ва бу йил ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга умид қилган кўплаб манфаатдор томонлар ҳар қандай сценарийда молиявий бўшлиқ пайдо бўлишини англаб, ўз харажатларини қайта ҳисоблашга мажбур», — дея Киев билан музокараларда иштирок этган Европа Иттифоқининг юқори мартабали амалдоридан иқтибос келтиради журналистлар.

Нашр манбалари таъкидлаганидек, 2025 йил давомида Украинадаги урушнинг кучайиши, Киев ва Москва ўртасида яқин орада ўт очишни тўхтатишга ишонч йўқлиги фонида Европа Комиссияси аллақачон Украина билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан харажатларни тўғрилашга мажбур бўлган.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Украинанинг молиявий эҳтиёжлари келаси йилда қопланади, деб ҳисоблайди. Бироқ, бу ҳисоб-китоблар уруш шу йил ёки 2026 йилнинг ўрталарида тугаши ҳақидаги тахминларга асосланади, бу ҳозирча ЕИ учун ҳам, Украинанинг ўзи учун ҳам даргумон.

Мавзуга оид