Спорт | 11:12
4460
4 дақиқада ўқилади

Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди

«Истанбул Башакшеҳир» ўзбекистонлик ҳужумчини кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди.

Фото: «Истанбул Башакшеҳир»

Ўзбекистон миллий жамоаси форварди Элдор Шомуродов фаолиятини Туркия чемпионатида давом эттиради. Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клуби 29 ёшли футболчини Италиянинг «Рома» клубидан ижарага олди.

Ижара келишуви 2025/2026 йиллар мавсуми якунигача тузилган, турклар клуби мавсум сўнгида унинг трансфер шартномасини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Аввалроқ инсайдер Фабрицио Романо «Башакшеҳир» бир йиллик ижара учун 3 млн евро тўлаши, мавсум якунида яна 2,7 млн евро тўлаб, футболчини ўзиники қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.

Шунингдек, шартномада Шомуродовнинг кейинги сотувидан римликлар 10 фоиз улушга эга бўлиши кўзда тутилган.

«Ўзбекистон миллий жамоаси футболчисини оиламизда қутлаймиз ва тўқ сариқ-кўк рангли либосимизда унга омад тилаймиз», – дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.

 

Мазкур жамоа 2024/25 йиллар мавсумида Туркия Суперлигаси турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб, Конференциялар лигасида иштирок этадиган бўлган.

Футболчи Рим клуби билан хайрлашув мактубини ёзди.

«Раҳмат, «Рома»! Энди сизлар билан хайрлашиш вақти келди. Бу клуб менга унутилмас хотиралар, голлар, курашлар ва ажойиб жамоа, мураббийлар ҳамда мухлислар билан бўлган ўзига хос лаҳзаларни берди.

«Рома» либосини кийиш мен учун шараф эди. Ҳар бир дақиқа, ҳар бир гол ва ҳар бир сабоқ учун миннатдорман.

«Рома» доим юрагимда қолади. Менга ишонч билдирганингиз ва доимо қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур.

Янги саҳифа очилмоқда, лекин бу хотиралар мен билан умр қолади. Ҳурмат ва муҳаббат билан Элдор Шомуродов», – деб ёзади у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Шомуродов якунланган мавсумда римликлар учун барча турнирлар доирасида 37 ўйинда қатнашиб, етти гол урди ва беш голга узатма берди (А серияда 27 ўйинда 4+4). «Рома» 38 ўйинда 69 очко тўплаб, Италия чемпионати турнир жадвалида бешинчи ўринни эгаллади ва кейинги мавсумда ЕЧЛда эмас, Европа лигасида қатнашадиган бўлди. Мавсум якунида Клаудио Раниери бош мураббийлик фаолиятини якунлади, жамоага унинг ўрнига Жан Пиеро Гасперини олиб келинди.

Шомуродов футболчилик фаолиятининг дастлабки даврида «Машъал» ва «Бунёдкор» каби клублар сафида ўйнаган, 2017-2020 йилларда Россиянинг «Ростов» клуби сафида тўп сурган, 2020 йилда Италиянинг «Женоа» клуби сафига ўтган. Ҳужумчи айнан шу клуб сафидаги ўйинларидан кейин 2021 йилда «Рома» томонидан сотиб олинганди. Аммо у ушбу клубда асосий таркиб футболчиси бўла олмади ва 2023-2024 йилларда «Специя» ва «Каляри» каби клубларда ҳам ижара асосида тўп тепди. У ўтган мавсумда асосий таркибга қайтганди, аммо Раниерининг кетиши унинг кейинги фаолиятига таъсир кўрсатди.

Олдинроқ футболчига МЛС чемпионатидан қизиқиш борлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид