Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Идиш ювиш губкаси: ҳожатхона таглигидан 456 баравар кўп бактерия сақлайдиган ошхона буюми ҳақида нималарни биласиз?

Фото: Getty images
Губкадаги намлик, иссиқлик ва озиқ-овқат қолдиқлари микроблар кўпайиши учун идеал муҳит яратади. Сиз эса ҳар куни “зараркунандалар уяси”га айланган ана шундай тозалаш воситаси билан идиш-товоқларни юваётган бўлишингиз мумкин. Мазкур буюм ҳар бир квадрат сантиметрида ўртача 362 хил бактерия турини тўплайди. Айрим ҳолатларда эса битта губкада 45 миллиардгача микроорганизмлар мавжудлиги аниқланган. Ушбу мақолада ошхона губкасида учрайдиган бактерия турлари, уларнинг соғлиққа салбий таъсири ҳамда идиш ювиш воситасидан хавфсизроқ фойдаланиш йўллари ҳақида сўз юритилади.
Микроблар армиясига мезбонлик қилаётган тозалаш воситаси
Ташқи кўринишдан зарарсиздек туюлган ошхона губкаси (мачалкаси) аслида уйдаги бактерия энг кўп тўпланадиган буюмлардан бири саналади. Унда йиғиладиган зарарли моддалар миқдори унитаз ўриндиғидагидан бир неча минг баробарга кўп. Айниқса, у ҳўл ҳолатда узоқ вақт бир жойда қолдирилганида турли касалликларни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар учун идеал “инкубатор”га айланади: илиқлик, доимий намлик ва озиқ-овқат қолдиқларининг мавжудлиги микроблар учун қулай яшаш муҳитини яратади.
Илмий манбаларга кўра, губкада инсон саломатлиги учун хавф туғдирадиган қуйидаги бактериялар йиғилади:
- Салмонелла – ошқозон-ичак тизими фаолиятига таъсир қилувчи энг кенг тарқалган патогенлардан бири бўлиб, у губкада 7 кунгача яшай олади. Салмонелла билан зарарланиш овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг асосий сабабларидан биридир. Инфекция кучли ич кетиши, ҳарорат кўтарилиши, умумий ҳолсизликни юзага келтиради.
- Стафилококк (staphylococcus aureus) – бу бактерия тери ва юмшоқ тўқималарда турли инфекцияларни пайдо қилади. У яралар, ҳатто ўпка ва қон инфекцияларини ҳам ҳосил қилиши мумкин.
- Ичак таёқчаси (escherichia coli, E. coli) – мазкур микроорганизмларнинг айрим турлари одам организмида табиий ҳолатда мавжуд бўлса-да, унинг зарарли штаммлари ичак яллиғланишини юзага келтиради. Ҳолат ич кетиши, қорин оғриғи, кўнгил айниши каби аломатлар билан намоён бўлади.
- Листерия (listeria monocytogenes) – ушбу бактерия ҳомиладор аёл, янги туғилган чақалоқ, қария ва иммунитети паст одамлар учун хавфли ҳисобланади. У паст ҳароратда ҳам яшай олади, шунинг учун совитилган маҳсулотлар орқали ҳам тарқалиш қобилиятига эга.
- Кампилобактер (campylobacter) – кўпинча хом гўштда учрайди. У организмга тушгач, 2-5 кун ичида ўзини намоён қилиб, диарея, иситма, қорин оғриғи, кўнгил айниши ва қусиш каби симптомларга сабаб бўлади.
Бу бактериялар губкадан бевосита қўлларга, ундан эса овқатлар, ошхона сиртлари ёки идишларга ўтиб, организмга кириб боради.
Ошхона губкаси ҳожатхона ўриндиғидан ҳам ифлосроқ
“Scientific reports” журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, ишлатилган ошхона губкасининг ҳар бир квадрат сантиметрида 362 хил турдаги бактерия аниқланган. Яъни кичкина бир тангадек жойнинг ўзида юзлаб турли микроблар мавжуд бўлган. Бундан ташқари, баъзи кейсларда ушбу бактерияларнинг сони шу кичик жойда 45 миллиардгача етгани аниқланган.
Германиялик микробиолог Маркус Эгерт бошчилигидаги яна бир изланишда мазкур кўрсаткич 54 миллиардгача чиққани қайд этилган. Тадқиқотчилар бу миқдорни “инсон нажасидаги бактериялар сонига яқин” деб баҳолаган.
Филаделфиядаги Дрехел университети олимлари 100 дан ортиқ уй ошхоналарини таҳлил қилиб, идиш-товоқ ювиш губкаси ҳожатхона таглигига қараганда бактерияни ўзида 456 баравар кўпроқ сақлашини исботлади. Яна бир тадқиқотда эса ошхона пештахталарида ҳар 25 см² да 316 та, ҳожатхона қопқоғида эса 398 та бактерия аниқланган. Солиштирадиган бўлсак, худди шу ўлчамдаги ошхона раковинасида 32 000 та, губканинг ўзида эса 7,9 миллиондан ортиқ бактерия топилган.
Губкани узоқ вақт алмаштирмасдан ишлатиш ундаги микробларнинг тез кўпайиши ва бутун ошхона бўйлаб тарқалишига олиб келади. Уни фақат ёмон ҳид чиққанда ёки кўзга кўринадиган даражада кирланганда алмаштириш эса соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради.
Ошхона мачалкасидан тўғри фойдаланиш учун:
- Ишлатиб бўлганингиздан кейин губкани яхшилаб чайиб, сиқиб қуритинг;
- Озиқ қолдиқларини олиб ташланг;
- Губкани ҳўл жойда эмас, очиқ, қуруқ идишда сақланг;
- Уни ҳар ҳафтада камида бир марта алмаштиринг;
- Ёқимсиз ҳид чиқа бошласа, эскиришини кутмай дарҳол алмаштиринг;
- Стол ёки газ сиртини артишда губка ўрнига қоғоз сочиқ ёки дезинфекцияловчи салфетка ишлатинг.
Алтернативлар
Мутахассислар губкани тез-тез алмаштириш ёки ундан бутунлай воз кечиб, муқобил воситалардан фойдаланишни тавсия этади. Масалан, бир марталик қоғоз сочиқлар стол, пештахта, гўшт ёки сабзавотдан тушган суюқликларини артишда жуда қулай. Улар ишлатилгач дарҳол ташланади, шунинг учун бактериялар тўпланмайди. Микрофибер салфеткалар эса қайта-қайта фойдаланиш мумкин бўлган восита бўлиб, сиртларни самарали тозалайди, тез қурийди ва бактерияларни камроқ тўплайди.
Бундан ташқари, бамбук толаларидан тайёрланган матолар экологик тозалиги ва табиий антибактериал хусусияти билан ажралиб туради. Силикон губка ёки чўткалар эса узоқ муддат хизмат қилиши, осон тозаланиши ҳамда зарарли микроорганизмларни ўзида кам сақлаши билан афзал ҳисобланади. Шунингдек, пахтадан тўқилган матолар ҳам яхши алтернатив саналади, фақат уларни тез-тез ювиб, қуритиб туриш керак.
Унутманг, бир ойда 4 та янги губка харид қилиш битта антибиотик таблеткасидан арзонроқ, аммо соғлиқ учун кўпроқ фойдали!
Диёрахон Набижонова
Мавзуга оид

11:53 / 28.04.2025
Тупроқ ва экинларни «ёритувчи» бактериялар яратилди

21:24 / 23.11.2024
Олимлар бактериялардан янги антибиотик яратди

14:21 / 21.10.2024
Бактериялар кучли антибиотикларга чидамли бўлиб боряпти. Бу нимага олиб боради?

11:43 / 01.10.2024