Жамият | 21:22 / 11.07.2025
9958
3 дақиқада ўқилади

Куйдирги бўйича қўшни мамлакатда вазият жиддий — Санэпидқўмита

Куйдирги касаллигининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида 55 та чегара пунктида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фото: Asia-Plus

Куйдирги касаллиги Ўзбекистон ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида чегара пунктларидан ўтувчилар чуқур текширувдан ўтказилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси эпидемиология ва ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Фарҳод Қурбонбеков маълум қилди.

Июл бошларида Тожикистонда ўта хавфли куйдирги касаллиги билан боғлиқ 41 та ҳолат аниқлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Қозоғистонда ҳам куйдирги тарқалган, икки қишлоқ карантинга олинган.

Қурбонбековга кўра, Ўзбекистонда куйдирги касаллигининг олдини олиш учун гумон этилган ҳолатлар юзага келганда ташхислаш, даволаш учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, касаллик ўчоқларида тупроқдан намуналар олиб, лаборатория шароитида доимий назорат олиб борилади.

«Касалликни мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида эса 55 та чегара пунктларимиздан ўтувчилар чуқур текширувдан ўтказилади. Ушбу пунктларда касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтказилиши зарур бўлган барча чора-тадбирлар назоратга олинган», - дейди мутахассис.

Маълумот учун, куйдирги — Bacillus anthracis бактерияси сабабли юзага келадиган хавфли инфекцион касаллик бўлиб, асосан ҳайвонлардан юқади. Куйдирги ўта ҳавфли юқумли касалликлар гуруҳига киради. Организмнинг умумий заҳарланиш ҳолати, безгак тутиши ҳамда тери, ўпка ва ичаклар зарарланиши билан таърифланадиган инфекцион касалликдир. Куйдирги касаллиги билан барча турдаги қишлоқ хўжалиги, ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда одамлар касалланади.

Одамларга касаллик асосан куйдирги касаллиги билан касалланган ҳайвонни парвариш қилган пайтда, ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин. Куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвон териси ва жунидан тайёрланган ҳар хил мўйна буюмлар орқали ҳам касаллик юқади. Ҳатто 100 даражада қайнатилган гўшт ҳам хавфли бўлиши мумкин, фақат тўлиқ қиздирилган, ичида пушти жой қолмаган гўшт хавфсиз ҳисобланади.

Мавзуга оид