Ўзбекистон | 16:40
18439
5 дақиқада ўқилади

“Оғзига чойшаб тиқдим” – Тошкентда 2 ёшли болани қийнаб, ўлимига сабаб бўлган тарбиячи қамалди

Олмазор туманидаги хусусий боғча тарбиячиси болани тушлик вақтида ухламагани учун шафқатсизларча қийнаган: кўтариб ерга улоқтирган, оғзига чойшабни тиқиб азоблаган, тепган ва юзига урган. Бу қийноқлардан оғир тан жароҳати олган бола кома ҳолатида шифохонага олиб борилган ва орадан 2 кун ўтиб вафот этган. Суд тарбиячини 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳридаги “Jajji nihollar” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси ҳамда услубчиси жиноий жазога тортилди. Улар боғча тарбиячисини 3 кун шафқатсизларча қийнаган.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 1997 йилда туғилган Лайло Алимова “Jajji nihollar” номли хусусий боғчада тарбиячи, 1957 йилда туғилган Вазира Гиязова эса услубчи вазифасида ишлаган.

Вазира Гиязова 2024 йил 9 декабрдан 11 декабр кунига қадар бўлган вақт оралиғида 2022 йилда туғилган Зубайр Анваржоновни овқатланишни хоҳламаганлиги учун бош қисмидан урган, кийимларидан тортиб судраган ҳамда кўтариб, ётган каравотига зарб билан отиб юборган.

Зубайрга 2024 йил 9-11 декабр кунлари тарбиячи Лайло Алимова ҳам ўта шафқатсиз муносабатда бўлган. У тушлик вақтида ухламагани учун болани бир неча маротаба кўтариб ерга улоқтирган. Ҳатто Зубайрнинг оғзига чойшаб тиқиб қийнаган, бўйнидан бўғиб, ерга ётган жойида гавдасининг орқа қисмига бир неча маротаба оёқлари билан тепган. Шунингдек, кўтарган ҳолда хона ойнасидан танасини чиқариб, уни ташлаб юбориш билан қўрқитган, сўнгра зарб билан ерга улоқтирган. Тарбиячи бу ҳаракатлари орқали болага ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган.

Лайло Алимова судда айбига тўлиқ иқрор бўлган. У ушбу жиноятни жаҳл устида содир этиб қўйганини айтиб, чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган ва суддан енгиллик сўраган.

2024 йил 11 декабр куни одатдагидай соат 8:00 ларда ишга келиб, ўзимга бириктирилган гуруҳга келган болаларни ота-онасидан соғ-саломат қабул қилиб олдим. Уларга эрталабки нонуштасини бериб, сўнг машғулот ўтказдим. Тушлик вақтида болаларга овқат бердим. Сўнгра ухлашлари учун каравотига ётқиздим. Бу вақтда Зубайр Анваржонов каравотга ётмасдан, нариги хона эшиги олдида йиғлаб турганди. Жаҳлим чиқиб уни оёғим билан уч маротаба тепиб юбордим. Биринчи марта тепганимда Зубайр танаси билан деворга урилди. Сўнг уни кўтариб келиб, каравотига отиб юбордим.

Шу вақт хонага услубчи Вазира Гиязова кириб келди. У йиғлаб ётган Зубайр Анваржоновни қўли билан бир маротаба туртиб, кўтариб каравотига отди ва “ухламасанг ўлдираман, ухла” деб хонадан чиқиб кетди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, Зубайр ўрнидан туриб олганини кўрдим ва ушбу ҳолатдан жаҳлим чиқиб, унинг олдига бордим ҳамда қўлимнинг кафт қисми билан юзига урдим. Тахминан 10-15 дақиқадан сўнг Зубайр яна ётган жойидан бошини кўтарди. Жаҳлим чиқиб, ухлашини айтдим ва юзига икки маротаба урдим. Сўнгра ўз ўрнимга ўтириб, телефон аппаратимни ўйнашда давом этдим”, деган тарбиячи ўз кўрсатмасида.

Орадан 2-3 дақиқа ўтгач Лайло Алимова бола ухламаганини яна сезиб қолган ҳамда уни ётган жойидан кўтариб, каравотига отган. 10-15 дақиқадан сўнг эса Зубайр барибир ухламаганини кўриб, “бўғиб қўяман ҳозир” дея уни яна отиб юборган. Бу ҳолат бир неча бор такрорланган.

Соат 14:21 ларда Зубайрнинг олдига стул қўйиб ўтирдим ва унга “ухла, овозингни ўчир” дедим. У ухламасдан йиғлайвергач, овозини ўчириш мақсадида оғзига ўзининг чойшабини тиқдим ва бир неча марта оғзини қўлим билан ёпиб, бўғиб, юзларига урдим”, деган Лайло Алимова.

Бола тинчланавермагач тарбиячи уни зарб билан полга отиб юборган. Шундан сўнг Зубайр кўзи очиқ ҳолатда ҳаракатсиз бўлиб қолган. Лайло Алимова уни ҳожатхонага олиб кириб, юзини ювган, сўнгра жойига ётқизиб қўйган. Зубайрнинг ҳаракатсиз ётганидан қўрқиб кетган тарбиячи бошқа ходималарни чақирган. Болага биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишган, аммо у ўзига келмаган. Шундан сўнг тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келиб, уни шифохонага олиб кетишган.

Зубайр Анваржонов кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2024 йил 14 декабр куни шифохонада вафот этган.

Суд ҳукми билан Лайло Алимова Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандида (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Вазира Гиязовага эса Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми “а,в” бандлари билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси берилган.

Мавзуга оид