Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қизил денгизда фаоллашган ҳусийлар, қўшнисига бож жорий қилган Трамп ва шимол билан муносабатларни тикламоқчи бўлган Корея – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Ғазода тиббий марказ яқинига авиазарба берди
Исроилнинг Ғазо секторидаги тиббий марказ яқинига уюштирган авиазарбаси натижасида 16 киши, жумладан 10 нафар болалар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларига таяниб, Reuters нашри хабар бермоқда.
Ғазо секторининг марказий қисмидаги Дейр ал-Балаҳ шаҳрида рўй берган ҳужумдан олинган тасдиқланган видеоларда аёллар ва болаларнинг қон ичида ётгани, чанг-тўзон ва қичқириқлар фонида кўринади.
«У ҳеч нарса қилмаган, бегуноҳ эди, қасам ичаман. Орзуси уруш тугаши ва бугун шу эълон қилиниб, мактабга қайтиш эди», — деди портлашда ҳалок бўлган қизининг ёнида ўтирган аёл.
Исроил армияси баёнотида айтилишича, зарба ҲАМАС аъзосига қаратилган бўлган. Энди эса ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда, чунки тасодифий жабрланганлар ҳақида хабарлар мавжуд.
АҚШда жойлашган Project Hope инсонпарварлик ташкилоти ҳужум уларнинг «Альтаяра» номли клиникаси ёнида содир бўлганини билдирди. «Даҳшат ва юракни эзувчи аламни сўз билан ифодалаб бўлмайди», — дейилади ташкилот баёнотида.
Ушбу ҳужум Исроил ва ХАМАС вакилларининг Қатарда ўтказилаётган 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилишга оид келишув бўйича музокаралари чоғида юз берди. Музокаралар доимий сулҳга эришиш умидида олиб борилмоқда.
Исроилнинг юқори мартабали расмийси чоршанба куни берган баёнотида битимга эришиш эҳтимоли бир ёки икки ҳафта ичида бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ эса сулҳга жуда яқин қолганини таъкидламоқда.
Жорий йил март ойида аввалги сулҳдан кейин Исроил армияси ҳарбий кампанияни қайта бошлади, натижада ҳар куни ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлмоқда. Минглаб яраланганлар эса Ғазонинг оз сонли, бусиз ҳам ёнилғи танқис бўлган шифохоналарига катта босим ўтказмоқда.
Исроил армияси вакили чоршанба ва пайшанба кунлари шифохоналар ва бошқа гуманитар муассасалар учун мўлжалланган ёнилғи Ғазога киритилганини билдирди. Бироқ БМТ вакили Стефан Дюжарик бу ҳажмда ёнилғи етарли эмаслигини, ҳаётий муҳим хизматлар учун анча кўпроқ ёқилғи кераклигини таъкидлади.
Трамп Канадага ҳам 35 фоизлик бож ставкаларини жорий қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп келаси ой Канададан олиб кириладиган маҳсулотларга 35 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Трамп пайшанба куни ўзининг ижтимоий тармоғида эълон қилган мактубда Канада бош вазири Марк Карнига бу янги ставка 1 августдан кучга киришини ва агар Канада қарши чоралар кўрса, бож миқдори янада оширилишини маълум қилди.
Бу душанбадан бери Трамп томонидан дунё бўйлаб 20 дан ортиқ мамлакатларга юборилган шундай мактублардан биридир. Пайшанба куни эълон қилинган мактуб, Трамп ва Карни ўртасида илиқлашаётган муносабатларга қарамай, эълон қилинди.
Канада раҳбари 6 май куни Оқ уйга ташриф буюрган ва Трамп билан Овал офисда илиқ учрашув ўтказган эди. Улар ўтган ой Канадада бўлиб ўтган «Катта еттилик» саммитида яна учрашган ва ўша ерда лидерлар Трампни оғир бож сиёсатидан воз кечишга ундашган.
NBC News нашрига берган интервьюсида Трамп «бошқа савдо ҳамкорлари, ҳали мактуб олмаган бўлса-да, тез орада умумий бож чораларига дуч келиши»ни айтди.
«Ҳамма ҳам мактуб олиши шарт эмас. Буни сиз ҳам биласиз. Биз шунчаки бож ставкаларини ўрнатяпмиз. Қолган барча мамлакатлар ҳам тўлайди — бу 20 фоизми ёки 15 фоизми, энди шуни аниқлаштирамиз», — дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда нашр.
Ҳусийлар фаоллашди: Қизил денгизда икки кема чўктирилди
Ямандаги Ҳусийлар шу ҳафта Қизил денгизда икки кемани чўктирганидан сўнг, Исроилнинг Бен-Гурион аэропортига қарата ракета ҳужуми уюштиришга уринди. Al-Jazeera нашрининг ёзишича, бу ҳаракатлар гуруҳнинг Ғазодаги урушни тугатиш мақсадида Исроилга босимни кучайтириш ва фаластинликларга нисбатан бирдамлигини намойиш этиш сиёсатининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда. Исроил армияси эса бу зарба ўз кучлари томонидан тўхтатилганини билдирди.
Куни кеча эса ҳусийлар Либерия байроғи остида сузган, юнонлар бошқарувидаги Eternity C номли кемага ҳужум уюштирди. Маълумотларга кўра, Eternity C бортида жами 25 киши бўлган. Кема сешанба куни чўкиб кетганидан сўнг, 10 нафар экипаж аъзоси денгиздан тирик чиқарилган, 11 нафари эса бедарак йўқолган. Улардан 6 нафари ҳусийлар томонидан асирга олингани тахмин қилинмоқда.
Eternity C кемасига уюштирилган ҳужумдан бир кун олдин, ҳусийлар Magic Seas кемасига зарба бериб, уни ҳам чўктирган эди. Бу кемадаги барча экипаж аъзолари қутқарилган.
Пайшанба кунги чиқишида ҳусийлар етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий, ҳеч бир компанияга Исроил билан боғлиқ юкларни Қизил денгиз, Адан қўлтиқлари ва Араб денгизи орқали ташишга рухсат берилмаслигини яна бир бор тасдиқлади:
«Бу қарор ҳеч қачон бекор қилинмаган. Бу кучда бўлган ва қонуний қарордир. Бу ҳафта айрим компаниялар бу қарорни бузганликлари аниқланди», деди у.
Ҳусийларнинг сўнгги ҳаракатлари натижасида юк ташувчи кемалар учун суғурта қиймати деярли икки бараварга ошди.
Рубио ва Лавров учрашуви
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 10 июль куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси саммити доирасида ўзаро учрашув ўтказди. Улар саммитга меҳмон сифатида ташриф буюрган эди.
Учрашув тахминан 50 дақиқа давом этди. Унинг якунлари бўйича Россия ТИВ қисқа расмий пресс-релиз чиқарди, унда айтилишича, томонлар «Украина атрофидаги келишув, Эрон ва Сурия атрофидаги вазият, шунингдек, бир қатор бошқа халқаро масалалар»ни муҳокама қилган. Лавров ва Рубио Россия ва АҚШ ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни қайта тиклаш мавзусига ҳам тўхталган.
Рубио, ўз навбатида, ўн дақиқалик матбуот анжумани ўтказиб, унда АҚШ Россиянинг Украина билан урушини тугатиш бўйича музокараларда олдинга силжиш йўқлигидан жуда норози экани ва Доналд Трамп илгари очиқчасига билдирган бу позициясини Лавровга етказганини маълум қилди. АҚШ давлат котибининг сўзларига кўра, айнан Россия-Украина уруши суҳбатнинг асосий мавзуси бўлган.
Рубио мулоқот «очиқ руҳда» ўтганини айтди, шу билан бирга Оқ уй Россия томонидан «мослашувчанлик» йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлганини таъкидлади. Шунингдек, Рубио Россия Украинага нисбатан «янги ва бошқача ёндашув» таклиф қилганини айтди.
«Биз бу қандай кўринишда бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баъзи ғояларни муҳокама қилдик. Мен буни тинчликни кафолатлайдиган нарса сифатида тавсифламайман, аммо бу ғояларни президентга етказаман ва умид қиламанки, бунинг асосида нимадир қуришимиз мумкин», – деди АҚШ давлат котиби. Унинг сўзларига кўра, Оқ уй Россия раҳбарияти билан келишмовчиликларни яширмайди, аммо Вашингтон ва Москва «бир-бирини эътиборсиз ҳам қолдира олмайди».
Жанубий Корея Шимол билан муносабатларни тикламоқчи
Yonhap агентлиги хабарига кўра, Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён президент лавозимини эгаллаганидан сўнг илк бор Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишига раислик қилиб, Шимолий Корея билан бузилган алоқаларни тиклашга чақирди:
«Икки Корея ўртасидаги тинчлик — бу миллий хавфсизлигимизни таъминлашнинг энг реал ва амалий йўлидир,» деган у.
Президентнинг фикрича, бундай мулоқот миллий хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олишга хизмат қилади. У, шунингдек, шимол билан «барқарор ва узоқ муддатли муносабатлар» зарурлигини таъкидлади.
Айни вақтда эса Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёл ҳибсга олинди. Суд махсус прокуратуранинг собиқ президентни ҳибсга олиш борасидаги сўровини қаноатлантирди. Махсус прокурор бешта муҳим айблов бўйича ордер берилишига эришган.
Судья ўз қарорини собиқ президент ишга оид далилларни йўқ қилиши мумкинлиги билан изоҳлади. Юн Сок Ёл Сеулдаги қамоқхонага жойлаштирилган бўлиб, у суднинг навбатдаги қарорини кутади.
Кореяда президентлар билан боғлиқ бу «анъана» ўтган асрнинг охирги йилларидан бери бор: Шу кунга қадар камида Кореянинг 6 нафар собиқ президентига айбловлар эълон қилинган ва ҳибсга олинган.
Франция ва Британия ядровий тийиб туриш тўғрисида битимни имзолади
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Франция президенти Эммануэл Макрон ҳар икки мамлакатнинг ядровий тийиб туриш воситалари мустақил экани, аммо бир-бири билан мувофиқлаштирилиши мумкинлиги тўғрисидаги фармонни имзолади.
«Бугун эрталаб биз биринчи марта ядровий тийиб туриш бўйича мустақил кучларимизни мувофиқлаштирувчи декларацияни имзоладик», — деди Британия бош вазири. Ҳужжатга кўра, Европа Иттифоқи учун фавқулодда таҳдид юзага келса, Лондон ва Париж биргаликда ядро қуролини қўллайди.
Киевда Украина хавфсизлик хизмати полковниги отиб кетилди
Киев шаҳрининг Голосеевский районида УХХ ходими ўлдирилиши факти бўйича жиноий иш қўзғатилди. Махсус хизматдаги манбанинг тасдиқлашича, отиб кетилган шахс – полковник Иван Воронич.
Украина хавфсизлик хизмати офицернинг шахсига аниқлик киритмаган, бироқ қатор манбаларда у полковник бўлиши мумкинлиги айтилган.
Маҳаллий пабликларда кузатув камераларидан олинган ва қотиллик акс этган видео пайдо бўлди. Украиналик ҳарбий ва разведкачи, аввалроқ УХХда ишлаган Роман Червинский ўз ҳамкасби ўлдирилгани ҳақида ёзган.
Унинг сўзларига кўра, Воронич УХХда «ҳозирда россияликлар учун кўп муаммо туғдираётган» йўналишга асос солганлардан бири бўлган.
Червинский у эрталаб соат 8 да уйдан чиқаётганда «яқин масофадан отилган бешта ўқ узиш» билан ўлдирилганини қайд этган. Ҳозирда полициячилар Киевдаги отишма тафсилотларини ўрганмоқда.
Мавзуга оид

14:25 / 10.07.2025
Доҳада давом этаётган оғир музокаралар, Украинада ушланган хитойлик жосуслар ва Трампдан янги «мактублар» – кун дайжести

13:30 / 09.07.2025
Трамп ва Нетаняҳунинг Оқ уйдаги муҳокамалари, «Толибон»га қарши халқаро баёнотлар ва бош кўтараётган Эрон-Исроил зиддияти – кун дайжести

14:17 / 08.07.2025
Қозоғистонга бож солган Трамп, Россияда ўзини отиб ўлдирган вазир ва “ҲТШ”ни террорчилар рўйхатидан чиқарган АҚШ – кун дайжести

14:25 / 07.07.2025