Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Лвивга ҳужум қилди, Полша қирувчи самолётларини ҳавога кўтарди
12 июлга ўтар кечаси Россия қўшинлари Лвивга учувчисиз учоқлардан зарба берди. Полша ўз ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун қирувчи самолётларини ҳавога кўтарди.

Фото: Telegram / andriysadovyi
Россия қўшинлари 12 июл, шанбага ўтар кечаси Лвивга учувчисиз учоқлар билан катта зарба берди. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий Telegramʼда Лвив вилояти ва унинг марказига дрон ҳужуми уюштирилгани ҳақида маълум қилди. Расмийнинг ҳисоб-китобларига кўра, шаҳарга 10 дан ортиқ Shahed типидаги УУА зарба берган.
Лвив мэри Андрей Садовий Telegramʼда шаҳар марказидаги турар жой биносига зарар етганини ёзди. Турар жой бўлмаган бинонинг томи ҳам ёниб кетган. Ғарбий Украинанинг бошқа ҳудудлари: Тернопил, Ивано-Франкивск ва Ровно вилоятларида ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. У ерда ҳеч қандай зарар қайд этилмаган.
Полша армиясининг оператив қўмондонлиги Ғарбий Украинага зарба Россиянинг узоқ масофали авиацияси томонидан амалга оширилганини маълум қилди. Шу муносабат билан «Полша ва иттифоқчи ҳаво кучлари Полша ҳаво ҳудудида ҳаракат қила бошлади».
«Навбатчи қирувчи самолётлар жуфтлиги ҳавога кўтарилиб, ердаги ҳаво мудофааси ва радар разведка тизимлари юқори шай ҳолатга келтирилди», — дея қўшимча қилди Полша ҳарбийлари.