Жаҳон | 12:59
4110
3 дақиқада ўқилади

Трамп ўзининг Украинага илк ҳарбий ёрдамини тайёрламоқда

Шу билан бирга, Путинни тинчлик музокараларидаги асосий ҳамкор деб ҳисоблашда давом этмоқда.

Фото: AARON SCHWARTZ - POOL VIA CNP | ZUMA / SCANPIX

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага юзлаб миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш режасини муҳокама қилмоқда, деб хабар берди Politico вазиятдан хабардор бўлган манбаларга таяниб.

Американинг ҳозирги маъмуриятининг Украинага биринчи ёрдам пакети Presidential Drawdown Authority (PDA, қуролларни ҳисобдан чиқариш бўйича президент топшириқлари) линияси бўйича ажратилиши кутилмоқда. 2024 йилда Жо Байден бошқаруви даврида конгресс томонидан тасдиқланган ушбу жамғармада ҳали ҳам 3,8 миллиард доллар атрофида маблағ мавжуд. Трамп уларни конгресс рухсатисиз, ўз президентлик ваколатидан фойдаланган ҳолда сарфлаши мумкин. Олдинроқ Reuters агентлиги ёрдам пакети миқдори 300 миллион доллар атрофида бўлиши, у Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар, HIMARS тизимлари учун GMLRS снарядлари ҳамда ўрта масофада ҳаракатланувчи ракеталарни ўз ичига олиши ҳақида хабар берганди.

Трамп маъмурияти ҳозиргача Украинага фақат Байден томонидан ажратилган қуролларни юбориб келмоқда. Июл ойи бошида АҚШ Украинага айрим турдаги ўқ-дориларни юборишни тўхтатганди. 11 июл куни Украина президенти Володимир Зеленский Америка қуроллари етказиб берилиши қайта тикланганини маълум қилди.

Сўнгги вақтларда Доналд Трамп Россия тинчлик музокараларини чўзаётгани ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни фаоллик билан давом эттираётганидан норозилиги ҳамда ҳафсаласи пир бўлганини тобора кўпроқ билдирмоқда. АҚШ президенти 14 июл куни «Россия бўйича муҳим баёнот» беришни ваъда қилган, аммо ҳеч қандай тафсилотларни ошкор этмаган.

Риторикани ўзгартирганига қарамай, ҳозирча Оқ уй ҳақиқатан ҳам ўз сиёсатини Киев фойдасига ўзгартиргани ҳақида далиллар кам, деб ёзади Financial Times Вашингтон билан мудофаа ва хавфсизлик бўйича музокараларда иштирок этаётган Европанинг икки юқори мартабали мулозимига таяниб.

Нашр суҳбатдошларига кўра, Украинанинг ғарбий иттифоқчилари ҳамон Трамп Владимир Путинни тинчлик музокараларида ўзининг асосий шериги, Володимир Зеленскийни эса самарали келишувга эришиш йўлидаги асосий тўсиқ сифатида кўришга мойил деб ҳисоблашмоқда.

«Оҳанг ўзгаришига қараганда, бироз ортиқча ҳаяжон сезилади. Аммо биз бунинг жиддий ҳаракатларга айланишини кўрмаяпмиз», - деди мулозимлардан бири FT билан суҳбатда.

Шу билан бирга, нашр Володимир Зеленский Оқ уйдаги машҳур тортишувдан кейин Доналд Трамп билан мулоқотда сезиларли муваффақиятларга эришганини қайд этган. Европа етакчилари Украина президентига АҚШ президенти билан мулоқот оҳангини қандай ўзгартиришни, хусусан, унга кўпроқ мақтов ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдиришни маслаҳат беришган, дейди FT’нинг турли суҳбатдошлари.

Мавзуга оид