Жамият | 21:42 / 14.07.2025
6828
1 дақиқада ўқилади

Банк карталардан 1 млрд сўмга яқин пулларни ўзлаштирган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Жиноий гуруҳ аъзолари турли давлат фуқаролари бўлиб, улар одамларга Telegramʼдан APK файллар юбориб келган.

Фото: ИИВ

Тошкент шаҳрида киберўғирлик билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди, деб хабар беради ИИВ Киберхавфсизлик маркази.

Қайд этилишича, ушбу шахслар одамлар телефонига вирусли дастур юклаб, шахсий маълумотлар орқали банк карталаридан пул ўғирлаб келган.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ аъзолари турли давлат фуқароларидир. Улар Telegramʼда махсус гуруҳ тузиб, фаолият юритган. Хусусан, ушбу шахслар одамларга Telegramʼдан APK файллар юборган. Шу орқали фуқаролар телефонидаги SMS-кодлар, контактлар, қўнғироқлар тарихи ва банк маълумотларини қўлга киритган.

Жиноий гуруҳ 177 кишининг банк карталаридан жами 1 миллиард сўмга яқин пулларни ноқонуний ўтказмалар орқали ўзлаштирган. Барча ҳаракатлар Call-марказ орқали назорат қилинган.

Ҳозирда жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш ва жиноятни тўлиқ фош этиш бўйича суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.

Мавзуга оид