Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чиқиндидан қарздор чироқсиз қолади: расмийлар ва жамоатчилик фаоли баҳси
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги раҳбариятига кўра, августдан бошланадиган тартиб ички идентификациядан ўтган абонентларга татбиқ этилади ва фақат июл ойидан бошлаб шаклланган қарзларга тааллуқли бўлади. Иқтисодчи Отабек Бакиров янгиликни амалга киритишдан олдин қилиниши керак бўлган ишлар бор эди деб ҳисобламоқда.

2025 йил 1 августдан бошлаб чиқиндидан қарзи борлар чироқ учун тўлов қила олмайди. Бу март ойида қабул қилинган қонунда белгиланган. Янги тартибга кўра, чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматидан қарзи бор истеъмолчиларга ҳар ойнинг 5-санасигача SMS юборилади. Шундан кейин 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади.
Қарздорлик бартараф этилиши билан, чеклов автоматик тарзда ечилиши айтиляпти. Агар қарз тўланмаса, маълум вақтдан кейин, абонентнинг электр энергияси бўйича олдиндан тўлови тугаши билан, у светсиз қолади.
Kun.uz бу мавзуда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов, агентлик масъуллари ҳамда тизимда қатор муаммолар борлигини айтаётган иқтисодчи Отабек Бакиров иштирокида жонли эфирда суҳбат ташкил этди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.
Янги тартиб нима сабаб светга боғлаб қўйилди?
Шарифбек Ҳасанов суҳбат аввалида вазиятни тушунтираркан, аҳолининг чиқиндидан қарздорлиги юқори эканига урғу берди.
“Чиқинди бўйича жуда кўп йиллардан бери тўланмай келаётган дебитор қарздорликлар мавжуд. Оддий фуқаролар учун [киши бошига ойлик тўлов] 4000 сўм, бир хил жойларда тариф ҳали ҳам ошгани йўқ, ана шу 4000 сўм бўлишига қарамасдан, тўлашмайди. Лекин кўчага чиқиб, чиқиндичиларнинг аҳволини бир кўрадиган бўлсангиз, жуда ҳам оғир аҳволда ишлашади. Ойликлари жуда ҳам паст.
Бунга давлат раҳбарининг ўзи сиёсий ирода қилиб, чиқинди тўловини электрга улаш бўйича биринчи фармонни белгилаб берди ва бундан кейин қонун қабул қилинди. Қонундан кейин электрга уланиши бўйича аниқ дастурлар белгилаб олинди. Биз “Ҳудудий электр тармоқлари” билан бирга ишлаб, ўша техник жиҳатдан ҳамма нарсаларни йўлга қўйдик”, – деди у.
Ҳасановга кўра, чиқиндини олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатилмаса ҳам, тўлов ёзиб борилиши ҳолатларига янги тизим билан чек қўйилади: чиқинди ташувчи машиналарга GPS ўрнатилган бўлиб, агар машина белгиланган жойга бормаса, у ҳолда истеъмолчиларга тўлов ҳисобланмайди.
“Тизимда хизматнинг амалда кўрсатилгани қанақадир бир одам фактори орқали аниқланмайди. Машина аҳоли учун хизмат кўрсатгани GPS қурилмаси орқали тасдиқлансагина, хизмат кўрсатилган деб ҳисобланади.
Қайсидир ҳудудларда аҳоли норозгарчилиги бор, хизмат сифати пастлигидан. Бунга нима сабаб бўлган? Давлатнинг бўйнидаги юкни енгиллаштириш учун функциялар давлат-хусусий шерикчилик асосида аутсорсинг тарзида тадбиркорларга берилган. Энди қайсидир ўша раҳбарлар вақт-замонида нотўғри тушуниб, буни нотўғри талқин қилган ҳолда, қайсидир бир яхши ишламайдиган тадбиркорга берган, [шу билан] хизмат сифати тушган”, – дея қайд этди агентлик раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, янги тизимда хизмат кўрсатувчи операторларнинг хизмат сифатини ошириш учун уларни баҳолаш механизми ишга туширилмоқда. Чиқиндини олиб кетиш билан шуғулланадиган корхоналар 3 хил: қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилади.
“Қизилга тушган операторлар билан битимларни бекор қиламиз. Сариқ ранга тушган операторларни бир марта огоҳлантирамиз, яъни аҳолидан келиб тушадиган мурожаатларни ҳам инобатга оламиз. Агентликнинг 1205 қисқа рақами бор. Бир кунда камида 137 та мурожаат келиб тушади. Ҳар битта мурожаатга индивидуал ёндашган ҳолда, ҳал қилишга ҳаракат қиламиз”, – деди Шарифбек Ҳасанов.
Аҳолининг 600 млрд сўмлик қарздорлиги қанчалик асосли?
Жамоатчилик фаоли, иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, тўловни электр энергиясига боғлашдан олдин, чиқиндиларни олиб кетиш тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиб олиш керак.
“Ҳозир чиқинди тўловларини йиғишнинг энг осон йўли – электрга боғлаш масаласи билан ечилишига ҳеч ким эътироз билдирмаяпти. Масала – энди бундан буёғига чиқинди тўловларини йиғишдаги амалга ошириладиган ишларда. [Экология вазири Азиз] Абдуҳакимовнинг биринчи чиқишида эътибор берган бўлсангиз, [бу тартибни] асослантириш ва мотив шундай бўлган: бугунги кунда 600 миллиард сўмдан ортиқ чиқиндидан қарздорликларимиз мавжуд. Ўшандаёқ савол қўйилган эди: бу 600 миллиард сўмлик чиқинди қарздорлик қанчалик асосли? Инвентаризация қилинганми?
Эсласангиз, 2017–2018 йилларда газ, электр, сув бўйича ҳеч қанақа рақамлаштириш, шартномавий муносабатлар йўлга қўйилмаган пайтда, энергетика соҳасида энг катта ўғриликлар айнан аҳолининг бўйнига қарздорлик ёзиб юбориш билан боғлиқ эди. Энергия корхоналари чиқиб айтардики, бизда аҳолидан 1,5 – 2 триллион сўм қарздорлик бор, биз йиға олмаяпмиз дер эди. Аслида, кейинчалик ҳисоб-китоб қилиниб, рақамлаштирилганда, шартномавий муносабатлар тартибга солинганда маълум бўлдики, у қарздорлик шиширилган қарздорлик экан. Яъни нефт соҳасида ҳам, газ соҳасида ҳам, электр энергия соҳасида ҳам жуда катта ўғриликлар йиллар давомида аҳоли бўйнига сочиб юбориб келинган”, – дейди Бакиров.
У чиқинди соҳасида шартномавий муносабатларни тартибга солишга чақирди.
“Чиқинди йиғиш соҳасида ҳам аввал биз шартномавий муносабатларни тартибга солиб олишимиз керак эди. Мен ўзим истеъмолчи сифатида айтаманки, хусусан, мен билан ҳеч ким шартнома тузмаган. Лекин қаердадир, қайсидир далолатномаларда гўёки менинг қарздорлигим мавжуд. Мен шартли равишда айтяпман. Ҳозир мен сиз билан суҳбатга киришдан аввал агентликнинг сайтига кирдимда, ҳеч бўлмаса, вилоятлар қирқимида хизмат кўрсатувчи корхоналар бормикан деб, ҳеч қанақа ахборот йўқ. Туманлар қирқими ҳақида гапирмаяпман”, – деди жамоатчилик фаоли.
Тизим босқичма-босқич ишга туширилади
Агентлик бўлим бошлиғи Шерзод Раҳмоновнинг айтишича, аҳолининг шу вақтгача шаклланган 600 млрд сўмлик қарзи янги тартибни қўллаш учун асос бўлмайди.
Унинг сўзларига кўра, бу тартиб 2025 йил 1 июлдан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 1 августидан бошлаб қўлланади. 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга эса татбиқ этилмайди.
“Июл ойида бир ойлик қарздорлик шаклланади, августдан ишга тушади. GPS тизими бўйича уланган ҳудудларга электр билан боғланган тизим босқичма-босқич жорий этилади. Яъни оддий қилиб айтганда, агар республикада 9500 та маҳалла бўладиган бўлса, 1 августдан 9500 та маҳалла ишга тушади дегани эмас. Қайси бири ўша тизимга мос бўлса, ўша тизим ишга тушади”, – деди Раҳмонов.
Унинг қўшимча қилишича, янги тартиб GPS тизими ишга туширилган ҳудудлар ва ички идентификасиядан ўтган абонентларга тааллуқли бўлади. Ҳозирда республика бўйича истеъмолчиларнинг 80 фоизи идентификация қилинган. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу рақамларга шубҳа билдирди.
Суҳбат давомида жамоатчилик фаоли ва расмийлар чиқинди соҳасига оид бир қатор масалалар юзасидан баҳсга киришди. Жонли эфирда кечган суҳбат билан тўлиқ шаклда видео орқали танишишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид

19:07 / 11.07.2025
Чиқиндидан қарзи борлар 1 августдан бошлаб свет учун пул тўлолмайди

12:15 / 10.07.2025
Андижонда чиқиндидан электр ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бошланди

16:39 / 07.07.2025
Фермерлар яна синов қаршисида: мораторийлар нима бўлади?

13:30 / 05.07.2025