Ўзбекистон | 22:42 / 14.07.2025
1082
2 дақиқада ўқилади

«Ташаббусли бюджет»да 823 та маҳаллага танаффус берилди

Ўзбекистон бўйлаб 823 та маҳалла, жумладан, уларда жойлашган муассасаларга «Ташаббусли бюджет»нинг 15 июлдан бошланадиган 2-мавсуми, шунингдек, келаси йил 1-мавсумида қатнашишга танаффус берилади.

«Ташаббусли бюджет»нинг 2025 йил 2-мавсуми ва 2026 йил 1-мавсумида 823 та маҳаллага танаффус берилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, бундан аввалги икки овоз бериш: 2024 йил 2-мавсуми ҳамда 2025 йил 1-мавсумида кетма-кет ғолиб бўлган маҳаллалар кейинги икки овоз беришда танаффус олади.

Яъни мазкур маҳаллалар (шунингдек, ушбу маҳаллаларда жойлашган мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар) навбатдаги икки мавсум доирасида ўз лойиҳалари билан иштирок эта олмайди.

Танаффус бериладиган маҳаллаларнинг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Ғолиблар рўйхатига аниқлик киритилган ҳолларда ҳар мавсум бошланишидан аввал танаффус берилаётган маҳаллалар рўйхати Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий саҳифалари ҳамда OpenBudget порталида эълон қилиб борилади.

Бундан ташқари, Наманган шаҳридаги Даштбоғ, Когон шаҳридаги Нурафшон ва Шуманай туманидаги Бегжап маҳаллаларининг 2025 йил 1-мавсумидаги лойиҳалари рад этилгани сабабли уларга танаффус берилмайди.

Мавзуга оид