Жаҳон | 08:15
1215
1 дақиқада ўқилади

Россия дронларининг Харкивга ҳужумида камида 3 киши жабрланди

Россия армияси Харкивга 15 июл куни кечқурун "Герань-2" дронлари билан ҳужум қилди. 20 дақиқа ичида шаҳарда 17 та портлаш содир бўлди. Уч киши жароҳатланган.

Фото: Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати

Россия Қуролли кучлари 15 июл, сешанба куни кечқурун Харкивга учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Синегубов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Синегубовнинг сўзларига кўра, 20 дақиқа ичида шаҳарда камида 17 та портлаш содир бўлган. Зарбаларнинг аксарияти, деб ёзади у, шаҳарнинг Киев туманидаги фуқаролик корхонасига тўғри келди. Ҳужум ёнғинга сабаб бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, россиялик ҳарбийлар "Герань-2" (Shahed) учувчисиз учоқларидан фойдаланган. Маълум бўлишича, уч киши жароҳат олган – уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

15 июл, сешанбага ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Воронеж вилоятига учувчисиз учоқлардан зарба берди. Ҳужум натижасида 27 киши тан жароҳати олди, деди вилоят губернатори Александр Гусев. Унинг сўзларига кўра, яраланганлар орасида тўрт нафар вояга етмаганлар ҳам бор. Бир неча кишининг аҳволи оғир.

Мавзуга оид