Жаҳон | 07:15
2448
3 дақиқада ўқилади

Трамп Украинага Tomahawk ракеталарини бермоқчи бўлган

Киевни узоқ масофага учувчи Tomahawk қанотли ракеталари билан таъминлаш имконияти ўтган ҳафтада кўриб чиқилди, деб маълум қилди WP. Ҳозирча бундай ракеталар Украинага берилмайди, бироқ Трамп Россияга босимни кучайтиришга қарор қилса, фикрини ўзгартириши мумкин.

Фото: Scott Howe/ U.S. Defense Department via AP

АҚШ президенти Доналд Трамп узоқ масофага учувчи Tomahawk қанотли ракеталарини Украинага топшириш имкониятини кўриб чиқди, деб хабар берди The Washington Post (WP) манбага таяниб. Нашр маълум қилишича, 11 июл, жума куни АҚШ Эронга зарба беришда фойдаланилган Tomahawk'ни етказиб бериш масаласи муҳокама қилинган, бироқ бу ракеталар Украина учун қуролларнинг якуний рўйхатига киритилмаган. Аммо, агар Трамп Россияга босимни кучайтиришга қарор қилса, "Томагавк"лар кейинчалик Украинага ўтказилиши мумкин.

Пентагондаги манба, шунингдек, WP  нашрига АҚШ Украинада мавжуд бўлган ATACMS ракеталари бўйича масофавий чекловларни олиб ташлаши мумкинлигини айтди. Бу қадам украиналик ҳарбийларга ўзларида мавжуд бўлган 18 та ATACMS ракеталаридан тўлиқ масофада – 300 кмгача фойдаланиш имконини беради. Бу Москва ёки Санкт-Петербургдаги нишонларни уриш учун етарли эмас, лекин Россия ҳарбий базалари ва аэродромларига зарба бериш учун кифоя қилади. Украина ҳарбийлари Tomahawk ракеталари билан Москва ва Санкт-Петербургга зарба бериши мумкин эди.

WP'нинг таъкидлашича, Доналд Трамп ўтган ҳафта суҳбат чоғида Украина президенти Володимир Зеленскийдан нега Москвага зарба бермаслигини сўраган. «Агар бизга қурол берсангиз, буни қила оламиз», деб жавоб берди Зеленский. Шундан сўнг Оқ уй раҳбари Украина нафақат Москва, балки Санкт-Петербургга ҳам зарба бериб, Россия президенти Владимир Путинга босимни кучайтириши кераклигини таъкидлади.

14 июл куни Трамп АҚШ ва Европа Иттифоқи Киевга қурол етказиб беришга келишиб олгани, унинг харажатлари Европа томонидан қопланишини маълум қилди. Тахминларга кўра, Украина нафақат қўшимча Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва улар учун ракеталарни, балки ҳужумкор қуролларни ҳам олади. Axios манбаларининг маълум қилишича, Киевга янги ҳарбий ёрдам пакети Россиядаги нишонларга етиб боришга қодир узоқ масофали ракеталарни ўз ичига олиши мумкин.

Мавзуга оид