Жаҳон | 08:41
2288
2 дақиқада ўқилади

UNRWA: Исроил 7 октябрдан бери Ғазода ҳар куни «бир синф болаларни» ўлдирмоқда

Агентлик маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён 18 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган, ўн минглаб болалар етим қолган ёки тўйиб овқатланмаяпти.

Фото: Anadolu Agency

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) Ғазодаги директори Сэм Роуз Исроил 2023 йилнинг 7 октябридан бери Ғазода ҳар куни биттадан «болалар синфини» ўлдираётганини айтди.

Роуз чоп этилган ёзма баёнотида Исроил ҳужумлари натижасида болаларнинг ўлим кўламига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Исроил армияси Ғазо секторига ҳужум қилганидан бери «ҳар куни камида битта синф болалар ҳалок бўлмоқда».

Унинг сўзларига кўра, Ғазодаги болалар Исроил бомбардимонидан қутулиб қолган тақдирда ҳам, кўчирилиш, оила аъзоларини йўқотиш, очарчилик ва бошқа фожиали шароитларда яшаш учун курашишга мажбур бўлади.

Ғазодаги ҳукуматнинг матбуот офиси маълумотларига кўра, сўнгги 21 ой ичида Исроил ҳужумлари оқибатида 18 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, Исроилнинг Ғазодаги ҳужумлари натижасида 4700 кишида ампутация амалга оширилган, уларнинг 18 фоизи болалардир. Шунингдек, расмий маълумотларга кўра, 42 минг бола онаси, отаси ёки ота-онасидан айрилган, 70 минг бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.

Мавзуга оид