Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Bloomberg: Лондон Украина учун АҚШдан қурол сотиб олишга тайёр
Европа давлатлари Киев учун АҚШдан қурол сотиб олиш борасида турлича фикрда. Аммо Буюк Британия бунга рози бўлиши мумкин.

Фото: REUTERS
Буюк Британия ўзининг европалик ҳамкорлари билан АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина учун йирик миқёсдаги қурол сотиб олишни назарда тутувчи ташаббусидаги иштирокини муҳокама қилмоқда, бунинг учун Киевнинг Европадаги иттифоқчилари тўлайди. Бу ҳақда 17 июл, пайшанба куни вазиятдан хабардор манбага таяниб, Bloomberg агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, музокаралар дастлабки босқичда, бироқ Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Лондоннинг харидларда иштирок этиши мумкинлигига шама қилган. Лондонда Германия канцлери Фридрих Мерц билан мамлакатлар ўртасида янги ҳамкорлик шартномаси имзоланиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида Стармерга Буюк Британия Доналд Трампнинг режасига қўшиладими, деган савол берилди. «Биз иттифоқчилар билан имкониятларни (Украинага) тақдим этиш учун ишлаяпмиз», деб жавоб берди Стармер ва Лондон бу имкониятларни «самарали» қилишга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.
Бир неча кун аввал АҚШ президенти Украинага кенг кўламли ҳарбий ёрдам кўрсатиш, жумладан, Киев узоқ вақтдан бери сўраб келаётган қиммат Patriot ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш режасини тақдим этган эди. Трампнинг баёнотига кўра, гап «етказиб беришга тайёр» бўлган камида 17 та қурилма ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Бу рақам ҳатто Киевни ҳам ҳайратда қолдирди — Украина ҳарбий разведкаси раҳбари ўринбосари Вадим Скибицкий гап тўлиқ батареялар эмас, балки комплекснинг бир қисми бўлган учириш қурилмалари ҳақида кетаётганини тахмин қилди. The New York Times газетасининг ёзишича, Украина ихтиёрида бор-йўғи саккизта Patriot ҳаво мудофаа тизими мавжуд.