Иқтисодиёт | 22:01 / 18.07.2025
938
3 дақиқада ўқилади

“Бу иқтисодий сиёсатга зид” – мутахассис маркировкалаш қоидасини бузганлик учун жаримани айланмага боғламасликни таклиф қилди 

1,5 млн сўмлик камомад учун 5 млрд жарима қўлланган…маркировкалаш қоидасини бузганлик учун жарима қонуний айланмага боғланган экан, тадбиркорда рискни камайтиришнинг ягона йўли қонуний айланмани камайтириш бўлади”, - деди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ССПда ўтказилган очиқ мулоқотда. У маркировкалаш қоидасини бузганлик учун аниқ жарима белгилашни таклиф қилди.  

Фото: YouTube

18 июл куни молия-иқтисодий соҳада фаолият юритувчи мутахассислар — аудиторлар, бухгалтерлар ва солиқ маслаҳатчилари иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.  

Унда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов маркировкалаш қоидасини бузганлик учун жазо чорасини айланмага боғламасликни таклиф қилди.  

“Маркировкалаш қоидасини бузгани учун жазо ўтган ойда қонуний ишлаган айланмасига боғлиқ бўлса, ҳар қандай тадбиркорлик субъектида рискини камайтиришнинг ягона йўли қонуний айланмани камайтириш бўлади. Шу сабаб маркировка учун жазо чораси 50 млн сўмми, 100 млн сўмми, [аниқ бўлиши керак]”, - деди мутахассис.  

Унинг таклифини зал қўллаб-қувватлаб, қарсак чалди. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов эса маркировкада хато ёки контрафакт мол сотиб қўйса, жарима юқори, арзонроқ қилиш керак, демоқчимисиз, дея аниқлаштирувчи савол берди.  

Унга жавобан Муҳаммаджонов “бу тизимдан мақсад – ноқонуний ишловчиларни қонуний ишлашга ўтказиш, аммо тадбиркор қонуний ишлаганидан келиб чиқиб жазоланадиган бўлиб қоляпти”, дея таъкидлади.  

 “Жазо суммасини камайтиришнинг ягона йўли оқ айланмани камайтириш бўлиб қоляпти. Яъни бу ҳозирги иқтисодий сиёсатга тескари. Аниқ бир сумма қўяйлик, чунки куни кеча “Лактел” (Lactalis Central Asia) масаласи кўтарилди, 1,5 млн сўмлик камомад учун 5 млрд жарима қўлланган. Шерзод Давлетович эшитганидан кейин бунчалик бўлиши мумкин эмас. деб айтди”, - деди у.

Бундан ташқари, у маркировка билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик мезони кассирга боғлиқ бўлиб қолаётгани ва хатони тузатиш имкони йўқлигини таъкидлади. 

“Кассир қайсидир товарнинг маркировкасини урмаса, бутун бизнес жазоланиши керак бўлиб қоляпти. Ўзимиз ҳам солиқ маслаҳатчиси сифатида бориб ўрганяпмиз, айрим ҳолатларда товарнинг маркировкаси урилган, лекин касса аппаратга урилмаган ҳолатлар бор. Айнан шундай ҳолатларни бартараф этиш учун йўл-йўриқ йўқ. Товар уриб бўлинди, орқага қайтариш имкони йўқ. Шу камчиликни тузатиш имконини яратиб бериш керак”, - деди Мурод Муҳаммаджонов. 

Маълумот учун, Солиқ кодексига биноан фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш —  реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг икки фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. 

Худди шундай ҳуқуқбузарлик жарима қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид