Жаҳон | 22:22 / 18.07.2025
2402
6 дақиқада ўқилади

Сурия уруши: Исроил «араблар ҳимоясига» шошилди. Наҳотки?!

Азизлар, биласизми, биз жуда ёмон даврда яшаяпмиз. Бир қарашда инсон чинакам замонавий ҳаётга қадам қўйган, давлатлар яхшироқ яшаш борасида мусобақалашаётгандек. Лекин инсон идроки ўрнини сунъий идрок эгаллаётган ултразамонавий дунёда ҳукмдорлар ҳамон ҳукуматни сақлаб қолиш учун жанг қилмоқда. Бунинг номини ҳукумат узурпацияси десак, хато бўлмайди. Қуйида Бинямин Нетаняҳунинг баёнотлари мисолида дунёда жуда ёмон тенденция авж олаётганига тўхталамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил «араблар ҳимоясида»

Кўзингиз тушган бўлса керак, охирги кунларда Исроил Сурияни зўр бериб бомбаламоқда. Жўланий бошчилик кучлар Сурияда Башар Асадни ағдарганидан буён Исроил доимий тарзда бу давлатни бомбардимон қилиб келади. Охирги ҳужум вақтида Мудофаа вазирлиги биноси нишонга олинди.

Бу жиддий ўзгариш, чунки Исроил ҳаво кучлари одатда Асад армиясидан қолган қурол омборлари ва бошқа ҳарбий нишонларга ракета учирарди. Бу гал янги шаклланган, кимсан Трамп кўришиб легитимлигини тасдиқлаган ҳукуматга тегишли мудофаа вазирлиги биносини нишонга олинди. Бу жуда жиддий ҳолат. Эътибор берган бўлсангиз, аввалги ҳужумларни Сурия томони номигагина қоралаб қўйганди, лекин бу гал Аҳмад аш Шараа Исроил манзилига кескин гаплар айтиб, «керак бўлса урушга тайёр эканини» айтди.

Бинямин Нетаняҳу охирги чиқишида Сурияга берилаётган зарбалардан мақсад у ердаги друзларни ҳимоя қилиш эканини айтди. «Биз режани аниқлаштириб олдик: Дамашқ жануби – Жўландан Друз тоғигача бўлган ерлар демилитаризация қилинади. Друз тоғида друз дўстларимизни ҳимоя қиламиз», деди Нетаняҳу.

Баёнотдаги демилитаризация деган сўзга эътибор берган бўлсангиз керак. Мен демилитаризация деган иддао билан уруш бошлаган, дарвоқе, Нетаняҳу билан жуда яхши келишадиган, европалик бир сиёсатчини ҳам биламан. Ўша сиёсатчи «демилитаризация қилишни истаган» қўшниси уруш бошланган вақтда аскарларига каска етказа олмайдиган ҳолатда эди, уч йил ўтиб дунёдаги энг замонавий қуроллар билан «оғзи-бурнигача қуролланди». Ўша давлат ҳозир мактаб болаларига дронда танкни портлатишни ўргатмоқда. Мана сизга демилитаризация.

Энди Нетаняҳунинг «Сурияни демилитаризация қилиш» даъвосига қайтсак. Эмишки, Исроил гўёки «у ерда яшайдиган друзларни ҳимоя қилиш учун» операция бошлабди. Друзлар бу – арабларнинг бир тури, улар эътиқод жиҳатдан Суриядаги бошқа араблардан фарқ қилади холос. Диққат қилинг, Ғазода 60 мингга яқин арабни ўлдирган Исроил Сурияда «арабларни ҳимоя қилиш учун» сал бошқачароқ арабларга ҳужум қилибди.

Эрон билан уруш тугагач эълон қилган видеомизда Нетаняҳу ҳукумати урушсиз қулаши, энди Биби тезда бошқа бирор давлатга, масалан Яманга қарши уруш бошлашини тахмин қилгандик. Бироз адашибмиз, «жаноб қутқарувчи» Сурияда «араблар ҳимоясига шошилди».

Бу кетишда Суриядаги уруш тугаса, Нетаняҳу кўч-кўронини йиғиштириб хотини Сара билан таътилга чиқиш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмай, яна бирор давлатга қарши уруш очади. Яқин Шарқда урушадиган ҳеч ким қолмаса, «Австралиядаги абориген биродарлар озодлиги учун» курашади. Бу бўрттириш, албатта, лекин чиндан вазият издан чиқиб кетди. Ожиз дунё Яқин Шарқдаги кичик бир давлатнинг қамалишига сал қолиб яна бош вазирликка қайтган ва атрофидаги ҳамма билан олди-орқасига қарамай урушаётган бир мулозимга қарши ҳеч нарса қила олмаяпти…

Бунақаси кетмайди, жаноблар. Мен Сурия янги ҳукуматини оқламоқчи эмасман, янги даврда чиндан сунийлардан бошқа қавмларни қийнаш авж олди, баъзи ҳудудларда бутун бошли қирғинлар бўлди. Лекин бу камчиликларни Жўланий ҳукумати ҳам тан олиб, уни тузатишга сўз берган.

Тўғри тушуниш керак, ҳозир Сурияда якдил давлат йўқ. Йиллар давомида авж олган миллатлар, динлар, мазхаблар ўртасидаги низолар мамлакатни деярли тиклаб бўлмас ҳолатга келтириб қўйган. Дунё Сурия янги ҳукуматига қўл узатиб мана шу тарқоқ давлатни тиклашга интилмоқда. Бутун бошли Америка, Европа Иттифоқи лидерлари Сурия ҳукумати билан учрашиб уларга имкон беришини айтиб, санкцияларни бекор қилди. Бундай вақтда жуда кўп азоб чеккан давлатга ёрдам бериш керак, ракета отиб гуруҳлар ўртасидаги низони авж олдириш керак эмас.

Сурия жуда истеъдодли шифокорлар, ажойиб ҳунармандлар, Абдуллатиф Жандоли каби инженерлар юртди. Кўпчилигингиз Apple асосчиси бўлмиш бу инсонни Стив Жобс деган исми билан танигансиз.

Бир сўз билан айтганда, бу ажойиб давлат дунёдаги барча тинч ўлкалар каби отишмаларсиз, урушларсиз яшашга, ўз ички муаммоларини мустақил ҳал қилишга ҳақли. Уруш ҳукуматда қолишининг ягона асоси бўлган узурпаторлар бу давлат ниҳоят оёққа туриш имконига эга бўлганда, уни яна топтаб ташлаши керак эмас...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид