Фан-техника | 16:47 / 19.07.2025
1624
3 дақиқада ўқилади

Антибиотиклардан ташқари бошқа оддий дорилар ҳам организмнинг табиий ҳимоя тизимини бузиши мумкинлиги аниқланди

Аллергияга қарши воситалар, антидепрессантлар ва гормонал препаратлар ичакларда оғир диарея чақирувчи микробнинг кўпайишига сабаб бўлади. Антибиотик бўлмаган мазкур дорилар фойдали бактерияларни йўқотса-да, зарарли микроб – салмонеллага таъсир қилмаслиги маълум бўлди.

Фото: Getty images

Инсон ичаги оддий ҳазм қилиш аъзоси эмас. Унда миллионлаб микроорганизмлар, “микробиом” деб аталувчи фойдали бактериялар яшайди. Улар ҳазмга ёрдам беради, иммунитетни мустаҳкамлайди ва танани ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилади.

Шу вақтгача, асосан, антибиотиклар микробиомга кучли зарар етказиши мумкин деган қараш мавжуд эди. Сўнгги изланишларга кўра, аллергияга қарши воситалар, антидепрессантлар ва гормонал препаратлар ҳам антибиотиклар сингари фойдали бактерияларни йўқ қилиши эҳтимоли мавжудлиги аниқланди.

Профессор Лиза Маер бошчилигида Тубинген университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотда 53 хил дори воситаси ўрганилди. Бу дорилар инсон ичагидан олинган микроорганизмлар жамланмасига юборилди. Натижада ҳар уч доридан бири организмда салмонелла бактерияси (оғир диарея чақирувчи микроб)нинг кўпайишига туртки бўлиши ойдинлашди.

Яна бир муҳим ҳолат шуки, антибиотик бўлмаган мазкур дорилар фойдали бактерияларни йўқотса-да, зарарли микроб – салмонеллага таъсир қилмаслиги маълум бўлган. Бу жараён ичакда мувозанатнинг бузилиши ва патоген микроблар таъсири кучайишига олиб келади.

«Аввал фақат антибиотиклар хавфли деб ўйлардик. Энди эса бошқа дорилар ҳам ички ҳимоя тизими – микробиомни емириши мумкинлигини исботладик», – дейди мутахассислар.

Тана ҳимоясиз қолса, оддий микроблар ҳам оғир асоратларни ҳосил қилади. Бу, айниқса, иммунитети заиф, кекса ёки сурункали касаллиги бор инсонлар учун жуда хавфли бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар барча янги дори воситалари ишлаб чиқараётганда уларнинг микробиомга қандай таъсир кўрсатишини ҳам текширишни тавсия қилмоқда. Айниқса, антигистамин (аллергияга қарши), руҳий ҳолатга таъсир қилувчи ёки гормон модуляторлари каби воситаларда бу жиҳат эътибордан четда қолмаслиги керак.

Шундай экан, оддий дори ичишдан олдин уни қанча муддат давомида қабул қилиш зарурлигини шифокор билан маслаҳатлашиш муҳим: касалликни даволайман деб, тананинг энг муҳим ҳимоя қалъаси – ичак микробиомини заифлаштириб қўймаслик керак.

Мавзуга оид