Жаҳон | 18:40
2021
5 дақиқада ўқилади

Ҳамас урушни якунлайдиган битим талаб қилмоқда. Исроил эса ғазоликларни кўчирмоқчи

Ҳамас расмийси агар Ғазодаги урушни якунлашга доир келишувга эришилмаса, узоқ давом этадиган тўқнашувга тайёр эканини билдирди. Шу ҳафтада Вашингтонга келган Моссад раҳбари Давид Барнеа эса ғазоликларни кўчириш борасида АҚШдан ёрдам сўради. Дипломатик манбаларига кўра, Исроил бу масалани — Индонезия, Эфиопия ва Ливия билан муҳокама қилмоқда.

Фото: Reuters

Ҳамас ҳарбий қаноти Ал-Қассам бригадаси сўзчиси Абу Убайда 18 июл куни «Исроил Ғазода сақланаётган барча асирларни озод қилишни назарда тутган оташкесим битимини рад этгани» ҳамда агар келишувга эришилмаса, ҳаракат узоқ давом этадиган урушга тайёр эканини билдириб, баёнот берди.

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, гуруҳ сўнгги ойларда барча асирларни бирдан озод қилишга қаратилган «комплекс келишув» таклиф қилганини, бироқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг ўта ўнгчи вазирлари томонидан рад этилган.

Фото: Reuters

Абу Убайданинг айтишича, агар Исроил ҳозирда Қатарда давом этаётган билвосита музокараларни тарк этса, Ҳамас ҳеч қандай қисман келишувларга, жумладан, ҳозир муҳокама қилинаётган 60 кунлик битимга қайтишни кафолатламайди. Бу келишувга кўра, 10 нафар асир озод этилиши керак эди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса «гаровдагиларни озод қилиш бўйича битим ва 60 кунлик ўт очмаслик келишуви устида ҳаракат қилаётганини, аммо Ҳамас бу таклифларга ҳозирча жавоб қайтармаганини» айтди.

Фото: Getty Images

Ҳамаснинг икки расмийси Reuters агентлигига берган изоҳида Исроил армиясининг чекиниш харитаси, Ғазога гуманитар ёрдам етказиш механизми ва урушни якунловчи кафолатли шартлар юзасидан ҳануз келишувга эришилмаганини маълум қилди.

Ҳамас позициясига кўра, ҳар қандай битим урушни якунлаши керак. Нетаняҳу эса фақат Ҳамас қуролсизлантирилиб, унинг етакчилари Ғазодан чиқарилгандагина уруш тугайди, деган фикрда туриб олган.

Трампнинг ваъдалари

18 июл куни Оқ уйда конгрессменлар билан кечки овқат чоғида сўзга чиққан АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазодан яна ўн нафар гаровга олинган шахс тез орада озод этилиши кутилаётганини маълум қилди. Бу хабар Исроил ва Ҳамас ўртасида 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга музокаралари давом этаётган бир пайтда янгради.

Фото: Reuters

«Биз гаровга олинганларнинг кўп қисмини ортга қайтардик. Яна ўн нафари жуда тез орада озод қилинади. Умид қиламизки, бу жараён тезда якунланади», - деди Трамп республикачи сенаторлар билан кечки овқат пайтида. The Guardian нашрининг ёзишича, шунингдек, у Яқин Шарқ бўйича элчиси Стив Уиткоффни «ажойиб инсон» деб мақтаган.

Трамп сўнгги ҳафталарда оташкесим ва гаровдагилар келишуви «яқин» эканини такрорлаб келмоқда, бироқ ҳозиргача ҳеч қандай реал натижа эълон қилинмаган.

Уруш жинояти

Axios нашри хабар беришича, Исроил разведкаси – Моссад раҳбари Давид Барнеа шу ҳафта Вашингтонга ташриф буюриб, АҚШдан ёрдам сўраган. У Ғазода қолаётган юз минглаб фаластинликларни бошқа мамлакатларга жойлаштириш борасида халқаро ёрдамга умид қилмоқда.

Нетаняҳу бошчилигидаги ҳукумат бундай кўчиришнинг «ихтиёрий» бўлишини даъво қилаётган бўлса-да, АҚШ ва Исроилнинг ҳуқуқшунос экспертлари ҳам буни уруш жинояти деб баҳолаган.

Моссад раҳбари Давид Барнеа / Фото: Jerussalim Post

Нашр манбаларига кўра, Исроил разведкаси раҳбари Давид Барнеа Яқин Шарқ бўйича элчиси Стив Уиткоффга Эфиопия, Индонезия ва Ливия Ғазодан катта миқдордаги фаластинликларни қабул қилишга очиқлик билдирганини айтган.

Барнеа таклифига кўра, АҚШ ушбу давлатларга имтиёзлар (ёрдамлар) тақдим этиши ва Исроил билан биргаликда уларни бу режа фойдасига ишонтириши керак. Уиткофф бу борада аниқ позиция билдирмаган, шунингдек, АҚШ бу масалага фаол тарзда аралашадими-йўқми, бу ҳам ҳозирча номаълум.

Геноцид тўхтамаяпти: қурбонлар ортмоқда

Қатар ва Миср воситачилигида АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган 60 кунлик сулҳ режасига оид Доҳадаги музокаралар 10 кундан ошдики, давом этмоқда. Ҳамас ҳозирда Ғазода 50 кишини гаровда сақламоқда, шундан 20 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.

Фото: C.S.Monitor

Исроил аскарлари ҳанузгача қамал остидаги Ғазога гуманитар ёрдам киришига йўл қўймаяпти, очликдан азият чекаётган фаластинликларни эса GHF томонидан бошқарилаётган жойларда ўлдиришда давом этмоқда. Бундан ташқари, Исроил халқаро танқидларга қарамай, Рафаҳ вайроналари ўрнида концлагерга ўхшаш янги иншоот қуриш режасини олдинга сурмоқда.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг охирги маълумотларига кўра, 2023 йил октябр ойида бошланган урушдан бери 58 667 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 139 974 нафари жароҳат олган. 

Мавзуга оид