Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украин дронлари ҳужуми сабаб Москва осмони тўлиқ ёпилди
Дронлардан бири Зеленограддаги кўп қаватли уйга келиб урилган. Аэропортлардаги коллапс туфайли йўловчилар полда ва сунъий газонларда ухлашга мажбур бўлмоқда.

Artush Mkrtchyan / ТАСС / Scanpix / LETA
20 июлга ўтар кечаси Москвага украин дронларининг навбатдаги ҳужуми кузатилди. Шаҳар мэри Сергей Собянинга кўра, 19 июл куни соат 18:00 дан бошлаб Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 20 дан ортиқ дронни уриб туширишга муваффақ бўлган. РФ мудофаа вазирлиги Москва региони устида уриб туширилган 19 та учувчисиз учиш қурилмаси ҳақида хабар берган, шундан 16 таси тўғри Москва томон учган.
Дронлардан бири Зеленограддаги турар жой биносига урилган – Собянин «дастлабки маълумотларга кўра, жиддий шикастланиш ҳамда жабрланганлар йўқлиги»ни маълум қилган. Уй яқинида турган иккита автомобил ёниб кетган.
Украина қуролли кучларининг бу миқдордаги дронларининг пойтахтга ҳужуми сўнгги бор 6 майда, Россияда Ғалаба куни нишонланиши арафасида кузатилганди.

Artush Mkrtchyan / ТАСС / Scanpix / LETA
20 июлга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужум фонида Москвадаги Шереметево, Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортлари бир неча соат мобайнида самолётларни учириш ва қабул қилишга чекловлар ўрнатишга мажбур бўлди. Чекловлар Нижний Новгород, Калуга ва Ярославлдаги аэропортларга ҳам тааллуқли бўлган. Бу ҳақда Росавиация расмий вакили Артем Кореняко телеграм-каналда шундай ёзади:
Ҳаво кемаларини қабул қилиш ва чиқариш бўйича вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Чекловлар парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур. Ҳаво кемалари экипажлари, авиадиспетчерлар ва аэропорт хизматлари парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрмоқда – бу устувор вазифа.
«Аэрофлот» Шереметеводаги чекловлар туфайли «жадвалга тузатиш киритишга мажбур бўлди» – парвоз вақти ўзгартирилди ва баъзи рейслар, масалан, Минскка иккита рейс бекор қилинди. «Победа» вакиллари ҳам «мажбурий тузатишлар» ҳақида хабар беришган.
Чекловлар Россиянинг бошқа аэропортларига ҳам таъсир қилди. Хусусан, Красноярскдан Москвага «Аэрофлот», «Победа» ва NordStar самолётлари уча олмаган. Петербургнинг Пулково аэропорти, Росавиация маълумотларига кўра, Москвага парвоз қилган 30 га яқин рейсни қабул қилган. Кореняконинг ёзишича, жами 134 та самолёт захира аэродромларга йўналтирилган.
Рейслар кечикиши ва қолдирилишидан минглаб йўловчилар жабр кўрди. Astra телеграм-канали Шереметевода одамлар тўплангани акс этган видеони жойлаштирди. Телеграмдаги «Осторожно, Москва» ва «Осторожно, новости» каналларида Шереметево ва Внуководаги сунъий газонлар устида ухлаётган йўловчилар видеоси пайдо бўлди. Шунингдек, журналистлар Туркиянинг Анталия шаҳридан Москвага учиб, Пулковога қўнган одамлар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган. Уларнинг сўзларига кўра, экипаж аъзолари самолёт ёнилғи қуйилгандан сўнг дарҳол Москвага учишини айтган, бироқ кейин одамларни туширилган ва юкларни олиниши кераклиги айтилган.
«[Авиакомпания] вакиллари ва экипаж аъзолари олдимизга чиқишдан бош тортмоқда. Самолётда тахминан 400 киши, кўплаб ёш болалар бор. Йўловчилар аэропортда қолиб кетишди, [уларни] на сув, на меҳмонхона, на озиқ-овқат билан таъминлашди», – дейди «Осторожно, Москва» канали билан суҳбатлашганлар.
Телеграм-каналлардаги бошқа видеолар ҳам авиакомпаниялар ва аэропортлар вакиллари йўловчиларга ҳеч қандай маълумот бера олмаганини кўрсатмоқда.
20 июл куни, куннинг иккинчи ярмидаги ҳолатга кўра, Калуга шаҳрининг Грибово ва Москванинг Внуково шаҳарларида чекловлар ҳали ҳам амал қилмоқда. Шереметево бир неча соат давомида одатий режимда ишлаган, бироқ Москва вақти билан соат 12:30 да бу аэропортда яна чекловлар киритилган. Бир соатдан кейин Внуковода ҳам, Шереметевода ҳам чекловлар олиб ташланди.
Россия ҳам 20 июлга ўтар кечаси Украина ҳудудига дронлар билан ҳужум қилди. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Украина ҳаво мудофааси 57 та дрондан 18 тасини уриб туширган, яна еттитаси «манзилга етиб бормасдан йўқолган ёки радиоэлектрон кураш воситалари билан бостирилган».
Украина дронларининг Россия ҳудудига ҳужумлари 4 июл куни Володимир Зеленскийнинг Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқотидан кейин тез-тез содир бўлмоқда. Умуман олганда, «Агентство» ҳисоб-китобларига кўра, ўша кундан жумагача Москва ва Москва атрофи тўққиз кун, яъни 20 июл зарбасини ҳисобга олган ҳолда 11 кун давомида ҳужумга учраган. 19 июлга ўтар кечаси Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва области устида 16 та дронни уриб туширган, улардан 13 таси Москвага учаётганди.
Мавзуга оид

20:47
Украина Россияга музокараларнинг янги раундини ўтказишни таклиф қилди

20:19
Илҳом Алиев Украинани ҳеч қанақасига «оккупацияга рози бўлмаслик»ка чақирди

19:17
Германия канцлери: «Биз тинчлигимизга жиддий таҳдидни кўрмоқдамиз — ва бу Россия»

23:10 / 19.07.2025