Ўзбекистон | 12:03
9290
3 дақиқада ўқилади

Анора Содиқовани ҳақорат қилган блогер Мирсаид Ҳайдаров маънавий зарар тўлайдиган бўлди

Апелляция инстанцияси қарорига кўра, ўз постларида журналист Анора Содиқовага нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатган блогер Мирсаид Ҳайдаров («Mufasa») 25 миллион сўм маънавий зарар тўлайдиган бўлди. Шунингдек, унга журналистдан узр сўраб, ҳақоратли постларини ўчириш мажбурияти юклатилди.

21 июл куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси Анора Содиқова даъвоси юзасидан биринчи инстанция суди чиқарган қарорни бекор қилди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов хабар бермоқда.

Ўз постларида журналист Анора Содиқовага нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатган, «Mufasa» тахаллуси билан фаолият олиб борувчи блогер Мирсаид Ҳайдаров 25 миллион сўм маънавий зарар ва 5 миллион сўм бошқа зарарларни қоплайдиган бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, унга шунингдек, журналистдан узр сўраб, постларини ўчириш мажбурияти юклатилди.

Журналист Анора Содиқованинг ўзи бугунги суд жараёни натижаларини Kun.uz'га тасдиқлади.

«Аслида, биринчи инстанция суди унинг постида ҳақоратли сўзлар бўлишига қарамай, даъвомни қаноатлантирмагани жуда шармандали иш бўлганди. Чунки буни, „журнажалаб“ сўзи ҳақоратли сўз эканини ҳамма биларди. Журналистларга қарата ишлатилгани эса, бу гўёки журналистлар шунақа қатлам, дегандек эди. 

Аввалги суд қарори „журналистларни хоҳлаганча ҳақорат қилиш мумкин“ деган мужда каби бўлганди.

Лекин биз тўхтамадик, охиригача курашамиз, деб айтгандик ва бу содир бўлди. Бу ёлғиз менинг ютуғим эмас, бу суд жавобидан сўнг бошқа журналистлар ҳам ҳақиқат учун курашда давом этади. Уларда ҳам ишонч уйғонади, деб ўйлайман»,  дея изоҳ берди Анора Содиқова Kun.uzʼга.

28 май куни ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро суди судяси Анора Содиқованинг Мирсаид Ҳайдаров устидан шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво талабларини рад этганди. Содиқова ўшанда жамоатчилик учун ёпиқ тарзда ўтган судда судя қарши тарафга ён босгани ва жараён нохолис ўтганини билдирган эди.

Мавзуга оид