Иқтисодиёт | 21:34 / 21.07.2025
3589
4 дақиқада ўқилади

“Бой давлатларнинг қолипини бизга қўллаб бўлмайди” — фаоллар пенсия ислоҳоти ҳақида

Ўзбекистонда пенсия ёши ўзгаради деган гап бор. Лекин бу ҳақда ҳали якуний қарор қабул қилинмаган, давлат аҳолидан бемаслаҳат қарор қабул қилмасликка ишонтирмоқда. Бироқ тавсия Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан илгари сурилаётгани, энг муҳими, расмийлар бундай эҳтимолни истисно этмаётгани қизғин муҳокамаларни келтириб чиқаряпти.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz фаоллар билан айни мавзуда суҳбат ўтказиш учун тегишли ташкилотлар расмийларини таклиф этди, лекин улар келишмади. Натижада студиямиздаги муҳокама фақат жамоатчилик фаоллари иштирокида ўтди. Улар эса пенсия ёшини ошириш хато бўлишини айтмоқда.

Хотин-қизлар фаоли Умида Якубовага кўра, аёлларнинг пенсияга чиқиш ёши ҳозирги 55 ёшдан оширилиши – уларда стресс, асабийликни оширади. Ўзбекистон шароитида 55 ёшгача аёл организми чарчайди, 60 ёшда пенсияга чиқиш учун яшаб улгуриш ҳам сўроқ остида қолади, дейди у.

“Қўшниларим, айниқса педагоглар бундай гап-сўзлардан чуқур хавотирда. Ўлган кунимиздан шу пенсияга чиқишни кутиб ўтирибмиз, дейди улар. Ҳамманинг ҳам дам олгиси келади. Экологиянинг аҳволи маълум. Ўзбек аёллари ўзи стрессда яшаса, 60 ёшга ўзгартиришса, нима, биз пенсияни тобутимизда оламизми?” – дейди Умида Якубова.

Иқтисодчи Шуҳрат Расулга кўра, Халқаро валюта жамғармасининг бу тавсияси Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий аҳволига мутлақо тўғри келмайди. Айнан шу ташкилот мезонларига кўра мамлакатимиз камбағал (жон бошига ялпи ички маҳсулот 3100 доллар) давлат ҳисобланаркан, пенсия ёшини ошириш тавсияси баҳсли.

“Пенсия ёши 60-65 бўлган давлатларда аҳоли жон бошига ЯИМ 20-30 минг долларга тўғри келади. Нега биз таққослаяпмиз, сабаби бундай ривожланган давлатларда одамларнинг тиббиётга тўлай олиш қобилияти бошқача бўлади. Бундан ташқари, у давлатларда одамлар узоқ яшайди, масалан Японияни олинг, эркаклар – 83, аёллар 86 ёш умр кўради. Улар пенсияга чиқиб ҳам яна 20-25 йил давлатдан пул олади. Демак, уларнинг қолипини ХВЖ бизга кўчириб олиб келиши – сал баҳсли ҳолат”, – дейди Шуҳрат Расул.

Жамиятшунос Маҳмуд Йўлдошевга кўра, пенсия ёшининг оширилиши пенсионерлар ва ишловчиларнинг сонини, давлат бюджетининг имкониятларини инобатга олганда, объектив зарурат бўлиши мумкин, лекин буни аниқ асослаш ҳамда қарор қабул қилишдан олдин бўлажак ижтимоий норозилик каби оқибатларни жиддий кўриб чиқиш керак бўлади. Социолог, шунингдек, ХВЖ берган тавсиялардан яна бири – амалдаги энг юқори 5 йиллик иш ҳақидан пенсия ҳисоблаш тартиби ўрнига бутун меҳнат фаолияти давомидаги ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб пенсияни ҳисоблашга ўтишни ҳам танқид қилди. Бундай тизим ўрнатилса, пенсия миқдори каррасига камайиши мумкин, дейди у.

“Ўша 5 йиллик иш ҳақидан пенсия ҳисоблаш тизими яхши ўйлаб топилган эди ва одамларга маъқул эди. Агар тавсияга қараб, ҳатто собиқ СССРдаги маошини қўшиб пенсия ҳисобланса – биз анча чуқурликка тушамиз.

Бир нарсага эътибор беринг, бизнинг Ўзбекистон аҳолисининг қанча қисми расман ишлайди ва қанча қисми ўзи пенсияга лойиқ? Улар пенсия фондига қанча тўлаяпти ўзи? Умри давомида умуман ишламаганлар бор, фермер-у деҳқон бўлганлар, ўғлининг орқасидан яшайман деб турганлар бор, улар оладими пенсия?” – дейди жамиятшунос Йўлдошев.

Суҳбатда қатнашганлар бир овоздан мамлакатда ижтимоий аҳамияти юқори бўлган, одамларнинг кайфиятига тўғридан тўғри таъсир қилувчи пенсия мавзусида эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақиришди. Суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид