Жамият | 21:20 / 21.07.2025
1076
2 дақиқада ўқилади

ДХХ 22 кг гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйди

Тезкор тадбирларда бир қанча шахслар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Фото: ДХХ

Сурхондарё вилояти, Денов туманида 9 кг гашиш гиёҳвандлик моддасини олиб кетаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, муқаддам судланган, 38 ёшли шахсга ушбу гиёҳвандлик воситаси келгусида сотиш мақсадида тожикистонлик наркокурьерлар томонидан етказиб берилган.

Шунингдек, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1994 ва 1988 йилларда туғилган 2 нафар фуқаронинг транспорт воситаси текширилганда 5 кг 862 гр гашиш борлиги маълум бўлди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, улардан бу гиёҳвандлик воситасини ҳар бир кг учун 89 млн сўм бермоқчи бўлган шахс ҳам қўлга олинди. Бундан ташқари, ушбу гиёҳвандлик воситасини муқаддам Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирган жиноий гуруҳ етакчиси, Сўх туманида яшовчи шахс ҳам процессуал тартибда ушланди.

Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам судланган шахс 3 кг 950 гр гашиш моддасини харидорга 38 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан муқаддам Қирғизистондан келтирилган 868 гр гашиш моддаси ҳам олинди.

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда маҳаллий фуқаро ва унинг шериги Тожикистондан келтирилган 1 кг 962 гр опий моддасини харидорга 200 млн сўмга сотган вақтида ДХХ томонидан қўлга олинди.

Сирдарё вилоятида муқаддам судланган икки нафар фуқаро Тожикистондан келтирилган 943 гр опий моддасини сотмоқчи бўлган вақтида ДХХ томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 22 кг 585 гр гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Ҳозир барча ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид