Жаҳон | 21:31 / 21.07.2025
3293
8 дақиқада ўқилади

Россия Киевга, Украина Москвага ҳужум қилиши фонида томонлар музокараларга тайёрланмоқда

Украина ҳарбийлари Москвага ҳужумларни давом эттирди. Россия пойтахтида турар жой биноси дронлар ҳужуми нишонига айланди. Шаҳар осмони мунтазам равишда парвозлар учун ёпилмоқда.

Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучлари Москва йўналишида дронларни тобора фаолроқ учирмоқда. Сўнгги уч кун ичида, 19-21 июл кунлари Москва мэри Сергей Собянин Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москвага учаётган 60 дан ортиқ дронни уриб туширганини маълум қилди: 19 июл куни – 18 та, 20 июл куни – 31 та, 21 июл куни – 14 та. Москвага ҳужумлар 17 июл куни қайта бошланган, ўшанда, Собяниннинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари кун давомида Украинанинг тўртта дронини уриб туширганди. Бунгача Москва мэри 11 июлдан 16 июлгача деярли бир ҳафта давомида Украина ҳужумлари ҳақида хабар бермаган.

Собяниннинг сўзларига кўра, 21 июлга ўтар кечаси учувчисиз учиш аппаратлари қолдиқлари Новая Москванинг Киевский аҳоли пункти ҳудудига қулаган. Шаҳар раҳбарининг сўзларига кўра, «жиддий зарар ва жабрланганлар йўқ». Россиядаги телеграм-каналлар Новая Москвадаги зарба оқибатлари акс этган фото ва видеоларни тарқатди. Кадрларда кўп қаватли уй томида ёнғин содир бўлганини кўриш мумкин.

Ўтган дам олиш кунларида бўлгани каби, Росавиация Москвага дронлар ҳужуми туфайли Москва атрофидаги аэропортлар фаолиятига чекловлар киритди. 21 июлга ўтар кечаси Москванинг барча тўрт аэропорти: Шереметево, Домодедово, Внуково ва Жуковский самолётларни қабул қилмади ва жўнатмади.

19 июлдан 21 июл кун ярмигача бўлган уч кун ичида Шереметево 10 марта ёпилди. Бошқа аэропортларда чекловлар нисбатан камроқ жорий этилган: Домодедовода – беш марта, Внуковода - беш марта, Жуковскийда - тўрт марта. Ушбу чекловлар туфайли ўнлаб рейслар кечиктирилди ва бекор қилинди, бу бир неча минг йўловчига таъсир қилди. Россия сайёҳлик операторлари ассоциацияси 19-20 июл кунлари бутун мамлакат бўйлаб «маълум бир вақтга еттита аэропорт ёпилгани, парвозларнинг асосий қисми Шереметевога тўғри келгани»ни таъкидлаган.

8 июл куни Россия транспорт вазири лавозимини эгаллаган Андрей Никитин 21 июл куни Москва аэропортларидаги вазият «май ойидагига қараганда бироз яхшилангани»ни айтди. Унинг сўзларига кўра, осмон ёпилишини назарда тутувчи «Ковер» режаси қачон жорий этилишини тахмин қилишнинг иложи йўқ, аммо «аэропортлар мослашмоқда: йўловчиларнинг овқатланиши, дам олиши каби масалаларда ишни тўғри йўлга қўймоқда».

«Ҳамкасблар ўз фаолиятини таҳлил қилишмоқда. Ва, менимча, умуман олганда, динамика бор. Аммо умуман олганда, на аэропортлар, на авиакомпаниялар буни [Ковер режаси жорий этилишини] олдиндан айта олмайди. Биз, албатта, Мудофаа вазирлигидаги ҳамкасбларимиз билан ишлаймиз, нимадир қилишга ҳаракат қиламиз. Аммо бу ерда хавфсизлик биринчи ўринда туради. Ноқулайликлар бор, дискомфорт бор, лекин ҳеч ким йўловчилар хавфсизлигини хавф остига қўймайди», – деган у.

Россия армияси Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади. Нишонлардан бири Киев шаҳри бўлди

Россия қуролли кучлари 21 июлга ўтар кечаси Украинага навбатдаги марта йирик зарба йўллади. Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия қўшинлари бир кечада турли русумдаги 24 та ракета ва 426 та дрон («Shaheed» зарбдор дронлари ҳамда имитатор дронлар) қўллаган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 200 та зарбдор дрони ва «ракеталарнинг аксарияти»ни уриб туширган, 203 та имитатор дрон эса нишонга етиб бормаган.

Украинанинг «ППО радар» телеграм-канали томонидан тайёрланган ҳужумлар харитасига кўра, Россия зарбаларининг асосий нишонлари Киев ва Ивано-Франковск бўлган.

Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, Киевда турар жой бинолари, омборлар, болалар боғчаси, дўконлар, нотурар бинолар зарбага учраган. Шевченковский районида «Лукяновская» метро бекатига кириш қисми шикастланган. Ткаченконинг сўзларига кўра, Киевга уюштирилган ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, тўққиз киши яраланган.

Ивано-Франковск шаҳри Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини давридаги энг йирик зарбани бошдан кечирди, деди шаҳар раҳбари Руслан Марсинков. Унинг сўзларига кўра, ҳудуддаги учта қишлоқда турар жой биноларига зарар етган, тинч аҳоли жабрланган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, тўрт киши жароҳатланган.

Украина президенти Володимир Зеленский Россия зарбаси оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, камида 15 киши яралангани ҳақида хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, Киев шаҳри, Киев, Харкив ва Ивано-Франковск областлари РФ қуролли кучлари зарбалари остида қолган. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари Суми, Хмелницкая, Кировоград, Миколайив, Полтава ва Херсон областларида дронларни уриб туширган.

«Мен Украинада ва ҳозир Украина билан ҳаётни ҳимоя қилиш учун – қурол ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаш учун ишлаётган ва санкциялар устида ишлашни давом эттираётган барчага миннатдорман. Фақатгина Россияга нисбатан ҳақиқий босим бу тажовузни тўхтатишга қодир», – дейди Зеленский.

Россия мудофаа вазирлиги Россия қуролли кучлари 21 июлга ўтар кечаси Украинага зарба бериб, ҳарбий-саноат комплекси корхоналари ва ҳарбий аэродромларга ҳужум қилганини маълум қилди. Россия томони баёнотига кўра, ҳужумда дронлар ва «Кинжал» гипертовушли ракеталаридан фойдаланилган. «Зарбадан мақсадга эришилди. Барча белгиланган объектлар аниқ нишонга олинган», – дейилади вазирлик баёнотида.

Россия ва Украина музокараларга тайёрланмоқда. Ҳозирча фақат уни ўтказиш жойи маълум – Истанбул

Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги ўз манбасига таяниб хабар беришича, Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди «ҳафта охирида» Истанбулда бўлиб ўтиши кутилмоқда, бироқ санаси ҳозирча аниқ эмас.

Шу билан бирга, Independent газетасининг Туркиядаги филиалининг дипломатик манбалари Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг янги босқичи 23 ёки 24 июлда бўлиб ўтиши кутилаётганини айтган. Манбаларга кўра, учрашув доирасида томонлар «чекланган масалалар бўйича техник музокаралар» ўтказади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 21 июл куни бўлиб ўтган брифингда Кремл музокаралар қачон ўтказилишини «саналар бўйича якуний тушунча бўлиши биланоқ» маълум қилишини айтди.

«Бизнинг меморандум лойиҳамиз бор ва Украина томони томонидан тақдим этилган меморандум лойиҳаси бор. Айтайлик, ҳозирча бир-бирига мутлақо зид бўлган бу икки лойиҳа бўйича фикр алмашилади ва музокаралар ўтказилади. Шунинг учун олдинда катта дипломатик ишлар турибди», – деди Песков.

Украина ҳукумати аввалроқ Россияга 21-27 июл кунлари Истанбулда музокараларнинг янги раундини ўтказишни таклиф қилган эди, деди Украина президенти Володимир Зеленский 19 июл якунлари бўйича мурожаатида. «Музокаралар динамикасини ошириш керак. Ўт очишни тўхтатишга эришиш учун ҳамма нарсани қилиш керак. Россия томони ҳам ечимлардан яширинишни бас қилиши керак. Асирлар алмашинуви. Болаларнинг қайтиши. Қотилликларни тўхтатиш. Тинчликни ҳақиқатан ҳам таъминлаш учун етакчилар даражасидаги учрашув керак – чинакамига узоқ муддатли. Украина бундай учрашувга тайёр», – деганди Зеленский.

Мавзуга оид