Соғлом ҳаёт | 18:32
1929
3 дақиқада ўқилади

Туркия соҳилларида вабо қўзғатувчи бактериялар топилди

Шифокорлар курортларда дам олаётган сайёҳларни вибрио жинсига мансуб хавфли бактериялар юқиши эҳтимолидан огоҳлантириб, очиқ яралар билан денгизга бормасликни тавсия қилмоқда.

Глобал исиш туфайли денгиз суви ҳарорати ошиб, инсон саломатлигига хавф туғдирувчи микроорганизмлар тез кўпаймоқда. Балтикадан тортиб Шимолий денгизгача тарқалган вибрио бактериялари энди Туркия соҳилларида ҳам учраяпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иссиқ денгиз сувида кўпаядиган мазкур зараркунандалар очиқ яралар орқали организмга кириб, ўлимга олиб келувчи инфекцияларни ҳосил қилиши мумкин. Бу ҳақида Туркиянинг Milliyet нашри хабар бермоқда.

Истанбул Florence Nightingale касалхонаси урологи Угур Аферин ёзги мавсумда денгизга тушаётган одамларни эҳтиёт бўлишга чақирди. Унинг айтишича:

Вибрио бактериялари иссиқ ва шўр сувда кўпаяди. Айниқса, унинг vibrio cholera деб номланган тури ифлос денгиз суви ютилиши орқали ошқозон-ичак тизимига тушиб, оғир диарея ва сувсизланишга сабаб бўладиган вабони келтириб чиқаради. Туркияда вабога учраш ҳолатлари кам бўлса-да, хавф бутунлай йўқ деб бўлмайди”, – дейди у.

Афериннинг таъкидлашича, вибрио вулнифиcус каби турлар терига тушганда тўқима инфекциялари, айрим ҳолларда эса “гўшт еювчи бактерия” номи билан танилган оғир хасталик – некротик фасиит каби ўлимга олиб келувчи касалликларга сабаб бўлиши мумкин”.

Шифокор денгиз маҳсулотларини истеъмол қилишда эҳтиёт бўлишга чақирди:

Хом чиғаноқ каби моллюскалар орқали юқадиган vibrio parahaemolyticus қорин оғриғи, қусиш, диарея ва иситма каби симптомлар билан намоён бўлади. Иммунитети заиф бўлган одамларда бу инфекция қон орқали бутун танага тарқалиб, сепсисга айланиш эҳтимоли бор”, – деди у.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, вибрио вабоси бактерияси билан зарарланган беморларнинг аксариятида инфекция ҳеч қандай аломатларсиз кечади. Шунга қарамай, бактериялар нажас орқали бир кундан ўн кунгача танадан ажралишда давом этади.

Касаллик белгилари одатда организмга бактерия тушганидан сўнг 12 соат ичида ёки 5 кунгача бўлган муддатда пайдо бўлиши мумкин. Аксарият ҳолларда аломатлар енгил ёки ўртача оғирликда кечади. Бироқ айрим ҳолларда касаллик оғир диарея ва ҳаёт учун хавфли даражада тананинг сувсизланиши билан кечади.

Шифокорлар мазкур бактериялардан организмни асраш учун денгизга боргандан кейин душ қабул қилиш, ҳўл бўлган сузиш кийимида узоқ вақт юрмаслик, очиқ ярани сув ўтказмайдиган бандаж билан боғлаш ёки бундай вазиятда соҳилга бормай туриш, хом денгиз маҳсулотларини истеъмол қилмаслик, пешоб чиқариш заруратини кечиктирмасликни тавсия этмоқда.

Мавзуга оид