Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Алиевнинг гаплари: Боку – Москва низоси янги босқичдами?
Кўзингиз тушган бўлса керак, Озарбойжон озод қилинган Қорабоғда бутун дунёдан борган журналистлар иштирокида медиа-форум ўтказди. Унда қизиқ гаплар айтилди. Шунчалик қизиқки, Россиядаги Z-блогерлар «Озарбойжон билан урушга тайёрланишга» чақирди. Қуйида Алиев ва Дмитрий Гордоннинг кичик суҳбати атрофида Россия – Озарбойжон низоси янги босқичга кўтарилгани ҳақида гаплашамиз.

«Озарбойжон биз учун ўрнак»
Демак, медиа-форумнинг энг асосий қисми Илҳом Алиев ва украиналик машҳур журналист Дмитрий Гордоннинг мулоқоти бўлди. Тажрибали Гордон форумга жуда яхши тайёрланиб, Алиевга тактик жиҳатдан жуда кучли савол берганини таъкидлаш керак.
«Озарбойжон ўз ерларини қайтиб олганини Украинада илҳомланиб кузатдик. Бу бизнинг кўнглимизни кўтарадиган ўрнак бўлди. Украинлар сиз кўп марта мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаш ҳақида гапирганингизни ҳам қадрлайди. Биз кўп йилдан буён уруш ҳолатида яшамоқдамиз. Ўз ерларини қайтарган музаффар миллат етакчиси сифатида украинларга қандай маслаҳат берасиз?», деди Гордон.
Илҳом Алиев бу саволга жуда кучли жавоб берди. Шу ўринда айтиб кетак, мен Алиев сиёсатидаги баъзи жиҳатларни оқламайман, унга нисбатан нейтрал қарашдаман, лекин Озарбойжон президенти украиналик Гордоннинг саволига жуда юқори даражада жавоб берганини алоҳида таъкидламоқчиман. Собиқ иттифоқ ҳудудида яшаб, Россия билан низо чўққига чиққан бир вақтда бунақа кучли баёнот бериш чинакам жасоратли иш.
«Ҳеч қачон оккупацияга рози бўлманг, бу – энг асосий маслаҳатим. Биз шундай қилдик. Биринчи Қорабоғ уруши вақтида вазият жуда оғир эди, кўп қурбон бердик, Хўжайлида озарлар қатлиом қилинди. Руҳий ва иқтисодий жиҳатдан жуда қийналдик. Миллиондан ортиқ озарлар ҳеч вақосиз қолишди. 750 минг Қорабоғ атрофида яшайдиган, 250 минг Арманистондан қувилган озарлар. Бизни халқаро майдонда деярли ҳеч ким қўлламасди. Қашшоқлик даражаси 100 фоизга яқин эди.
Мана шундай оғир паллада халқимизнинг омади келиб, Гайдар Алиевдек етакчи ўртага чиқди. У ёш эмас, 70 га кирганди. Саломатлиги ҳам ёмон, оғир хасталик билан курашарди. Аммо у вазиятни тиклашга эришди. Ўша пайтда фуқаролик уруши авж олганига қарамай.
Биз босиб олинган ерларимизни қайтиб олиш фикридан асло қайтмадик. Қийин бўлишини билардик. Биринчидан, релеф жуда ноқулай эди. Жангчиларимиз бу ерга Фузули орқали келди. Улар йўл йўқлиги учун Шуша тоғларига пиёда кўтарилишди. Жанг майдонида ҳамма нарсага, ўлимга ҳам тайёрлигимизни кўрсатдик. Бир сўз билан айтганда, биз ўз ерларимизни қайтариш хаёли билан яшадик.
Релеф бизга қарши, деярли ҳамма бизга қарши, Минск гуруҳидаги барча ўз сабабларига кўра Арманистон томонда бўлишди. Уларнинг барчаси бу ҳолат доимий қолиши кераклиги, статус кво ўзгармаслигини исташарди. Биз жуда қийин дипломатик ҳаракатлар орқали АҚШ, Франция ва Россия президентлари «статус кво қабул қилиб бўлмас эканини» ҳақида баёнот беришига эришдик. Лекин кўп ўтмай улар фикрини ўзгартириб, «статус кво барқарор эмас» дейишди. Яъни, қайсидир маънода статус кво қабул қилиб бўладиган дейишди. Бу ҳолат ҳаммани қаноатлантирарди, Арманистонни, музокарачи давлатларни, хуллас биздан бошқа ҳаммани.
Мен 2003 йилдан музокараларда қатнаша бошладим, жуда кўп таклифлар бердик. Лекин бизга шундай сигнал беришди: реалликни қабул қилинг. «Биз буни қабул қилмаймиз», деган гапимни «ножиддий реакция» ўлароқ қаршилашди. Халқаро ҳуқуққа асосланган барча даъволаримиз рад этилиб, бефарқлик билан «Реалликни қабул қилинг» дейишди. Хўп, дедик ва бизга тўғри келадиган реалликни яратишга киришдик, кейин сиз уни қабул қиласиз, дедик.
Биз бу реалликни 2020 йилда яратишни бошладик. 44 кун ичида яратган реаллигимизни қабул қилишга мажбур бўлишди. Кейин 2023 йил сентябрда бир кун ичида улар қабул қилишга мажбур бўлган яна бир реалликни яратдик», деди Алиев.
Озарбойжон лидери босиб олинган ерларни қайтариш йўлида шахслар, амбициялар муҳим эмаслигини айтди.
«Гап менда, қайсидир шахсларда эмас. Украинлар учун бу нарса жуда муҳим. Гап шундаки, инсон бу заминда яшаб ўтган аждодлари ва келажакда яшайдиган авлодлари олдида масъулиятни ҳис қилиши керак. Биз ерларимизни қайтиб олиш имконсиз деб ўйласам, яна 17 йил кутардик. Бу ишни мен эмас, бошқаси қилишига руҳан тайёр эдим. Шу билан бирга, ҳар қанча баландпарвоз гапдек эшитилмасин, буни мен қилмасам, бошқа кимдир қилолмайди деган хаёл ҳам бор эди. Ҳозир шунчаки ўша дамдаги хотираларим билан бўлишяпман.
Биласизми, менда ҳақиқат борлигига ишонч йўқолганди. Қорабоғдан келган қочоқларимиз билан кўп гаплашар, ҳар сафар улар кўзида умид сўниб бораётганини кўрардим. Жанг майдонидаги ҳаққоний ғалабамиз ҳақиқат борлигини кўрсатди. Лекин уни қўлга киритиш учун ҳаракат қилиш, курашиш керак, шу билан яшаш лозим. Жамият бирлашгани ҳам энг муҳим омиллардан бири. Шахсан мен олий бош қўмондон сифатида орқамдан халқ турганидан куч олдим. Шундай экан, бошлаган гапимга қайтаман – ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак», деб фикрини якунлади Алиев.
Жиддий чиқиш
Биласизми, мен Қорабоғ қайтарилганиден кейин Алиевнинг кўп чиқишларини кўрганман. Лекин айнан Гордоннинг саволига жавоб берган Озарбойжон президенти жуда таъсирли гапирди. Унинг гаплари худди ипга тизиб чиқилгандек кетма-кетликда бўлгани ҳам юракдан гапиргани, хотираларини бирма-бир эслаганини ифодалайди. Ва энг муҳими Алиев босқин остида яшаётган давлат фуқароларига маслаҳат беришга муносиб инсон. Замонавий дунёда босиб олинган ерларини куч билан қайтиб олган яна нечта давлатни биласиз? Озарбойжон бу имконсиздек кўринган ишни уддалаган давлат.
Баёнотнинг яна бир муҳим жиҳати Алиев собиқ иттифоқ ҳудудида яшаётган президент сифатида Украина Россия босқини остида яшаётганини тасдиқлагани бўлди. У украинларга «Оккупацияга рози бўлманг», деди. Яъни, украинларни Россия уларнинг ерларини босиб олиб конституцияга киритганига кўнмасликка чақирди. Бу баёнот Озарбойжон Россия билан низолашаётган мураккаб вақтга тўғри келгани унинг даражасини оширади.
Айтганча, Алиев бояги чиқишидан кейин украиналик журналист аёл унга Украина армияси бўлинмаларининг шевронларини совға қилди. Алиев совғани қабул қиларкан «Шу руҳда давом этинг», деди. Бу эса Россия пропагандаси томонидан жуда ёмон қабул қилинди.
Z-каналлар ғазабда
Россиядаги уруш тарғиботчиси бўлмиш Z-каналлар Алиевнинг Ураинага илтифотидан фиғони фалакка чиқди. Улар орасида Россияни «Озарбойжон билан урушга тайёрланишга» чорлаганлар ҳам бор. Масалан, военкор Алексей Живов 113 минг обуначиси бор каналида «Каспий тез орада яна бир ҳарбий ҳаракатлар тееатрига айланишини» айтди. «Zаписки Vетарана» каналига кўра, «Боку шиддат билан НАТО филлиалига айланиб, Украина изидан бораётган» экан. Канал муаллифи охирги воқеаларда «Озарбойжоннинг Россия билан урушга тайёрланаётгани ҳақида яширин сигнал» кўрганмиш.
900 мингга яқин обуначиси бор WarGonzo канали муаллифи Семён Пегов «Боку билан можаро муқаррарлигини» айтди. «Озарбойжон очиқчасига русофоб позиция танлади. Биз бу можарога қанча эрта тайёрлансак, шунча яхши», деб ёзади уруш тарғиботчиси.
3 миллиондан ортиқ обунашиси бор Z-блогер Юрий Подоляк Озарбойжонни «Россиянинг геосиёсий душмани» деб атади. «Поздняков 3.0» канали «Боку марказига Орешник», деб ёзди.
Ана шунақа гаплар, азизлар. МДҲда Россия билан муносабатлари кескин совиган давлатлар сони яна биттага кўпайди. Бир неча йил аввал бундай бўлишини тасаввур қилиш қийин эди. Лекин биз видеоларимизда кўп айтганимиздек, дунё 24 февралдан олдинги ва кейинги даврга бўлинади. Уруш ана шунақа бошқариб бўлмас нарса, жаноблар. У шунчалик тахмин қилиб бўлмаски, ҳеч кутмаган жойдан тарсаки еб қолишингиз мумкин. Шу учун ҳеч қачон уруш бошламаслик керак. Омон бўлинг...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид

16:04 / 22.07.2025
Россияда Роза Люксембург жамғармаси «номақбул» деб эълон қилинди

15:25 / 22.07.2025
Лондон Россиянинг «соядаги флоти» 135 танкерига қарши санкция киритди

14:51 / 22.07.2025
Ўзбекистон ва Озарбойжон савдони рағбатлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилди

13:26 / 22.07.2025