Жаҳон | 08:40
814
2 дақиқада ўқилади

Россия армияси ҳақидаги «фейклар» иши бўйича айбланувчилар «террорчилар рўйхати»га кирди

Россия армияси ҳақидаги «фейклар» ва уни «обрўсизлантириш» иши бўйича айбланувчилар «террорчилар ва экстремистлар рўйхати»да пайдо бўла бошлади. Тегишли қонун Россия Федерацияси Давлат думаси томонидан 2024 йил охирида қабул қилинган.

Фото: ТАСС

Россия армияси ҳақидаги «фейклар» ва уни «обрўсизлантириш» иши бўйича айбланувчилар Росфинмониторингнинг «террорчилар ва экстремистлар рўйхати»га қўшилди, дейилади «Обновление перечня террористов и экстремистов» Telegram каналидаги ёзувларда. The Insider бунга эътибор қаратди.

Шундай қилиб, 17 июл куни рўйхатда Екатеринбургда яшовчи житомирлик Валентина Когут пайдо бўлди. 2024 йил май ойида Когутга нисбатан унинг YouTube каналидаги видеоси туфайли Россия Қуролли кучларини «обрўсизлантириш» айби билан иш очилган эди. Кейинчалик у икки йиллик шартли жазога ҳукм қилинди.

9 июл куни Росфинмониторинг рўйхатига украиналик журналист Янина Соколовская қўшилди, у Россияда Россия армияси ҳақида «фейк» маълумотларни тарқатишда айбланиб, сиртдан етти йилга ҳукм қилинган.

2025 йил 1 июнда Россия Давлат думаси томонидан 2024 йил охирида қабул қилинган қонун кучга кирди, унда фуқароларни экстремистик фаолият ёки терроризмга алоқадор шахслар ва ташкилотлар рўйхатига киритиш учун асослар кенгайтирилди.

РФ Қуролли кучлари ҳақидаги «фейклар» ва уни «обрўсизлантириш» ҳолатлари бўйича айбланувчилардан ташқари, энди рўйхатга нацистларнинг рамзлари ёки экстремистик ташкилотларнинг рамзларини тарғиб қилиш ёки кўрсатишда айбдор деб топилган шахслар; қотиллик, баданга ўртача оғир ва оғир шикаст етказиш, қийноқлар ва «диний/сиёсий адоват асосида» содир этилган безориликда гумон қилинган ва судланганлар ҳам киритилиши мумкин. Шу пайтгача фақат экстремистик ва террорчилик фаолияти бўйича иш қўзғатилган фуқаролар рўйхатга олинган.

Мавзуга оид