Жаҳон | 11:26 / 24.07.2025
2590
5 дақиқада ўқилади

Жанг майдони – синов майдони: Киев қуролларни урушда синаб кўришга чақирмоқда

Бугун Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳақида гаплашамиз. Охирги кунларда тарқалган бир хабар эътиборимни тортди. Украина дунёдаги қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган компанияларга янги махсулотларини реал жанг шароитида синаб кўриш таклифини берган. Ишонинг, бу чинакам ноодатий воқеа. Қуйида шу ҳақда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қурол беринг, биз синаб кўрамиз

Киев қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган компанияларга янги маҳсулотларни Россияга қарши жанг майдонида синаб кўришни таклиф қилган. Таклифга кўра, украиналик ҳарбийлар янги қуролни реал жанг майдонида синовдан ўтказиб, унинг самарадорлиги ҳақида ҳисобот ёзиб боради. Бояги қурол чиқарадиган компания ўша ҳисобот ёрдамида маҳсулотини мукаммалаштириши мумкин бўлади. Бу дастурга «Test in Ukraine» деб ном беришган. Лойиҳада иштирок этмоқчи бўлган компаниялар учун «Brave1» деган платформа ҳам ишга туширилган.

Украина ҳукумати ташкил қилган бу лойиҳа жанг майдонида қандай қуролларга эҳтиёж борлигини билиб олиш имконини беради. Бу эса ишлаб чиқарувчи компаниялар учун фойдали маълумот.

Киев лойиҳа доирасида асосий эътиборини ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига қаратган. Хусусан, дронларни тутиш, сунъий интеллектга асосланиб ишлайдиган тизимлар, бир сўз билан айтганда, бошқариладиган бомбаларга қарши воситалар. Шунингдек, Киев денгиз дронлари борасида янги таклифлар истамоқда.

Бу нима дегани?

Энди бу хабар нимаси билан аҳамиятли экани ҳақида. Украина Трамп келганидан буён асосий иттифоқчиси Америкадан қурол ололмаяпти. Энди Америка Украинанинг иттифоқчиси ҳам эмас, Трампнинг дард-у хаёли Киевдан олдинги ёрдамлар учун пул ундиришда. Европа Американинг рухсатисиз қурол беролмайди. Фронтнинг нариги томонида эса дунёдаги энг катта, ерининг остида битмас-туганмас ресурси бор Россия. Бундай вақтда Украина тирик қолиш учун ҳар қандай ишни қилишга тайёр. Керак бўлса ҳали синаб кўрилмаган қурол-яроғни ишлатишга ҳам.

Энди Киев машина чиқарадиган компанияларга уловингизни бизнинг фронтда синаб кўринг, деса ҳам ажабланманг. Бутун дунёдаги хирургларга тажриба истасангиз, келиб бизнинг ҳарбийларни даъволанг деса, ҳайрон қолманг. Чунки ўртада бутун бошли давлатнинг мустақиллиги, мавжудлиги, миллионлаб одамларнинг тақдири тикилган.

Бутун дунёдаги инсонларнинг Украинага кўпи билан раҳми келиши, ошиб борса озроқ ҳуманитар ёрдам юбориши мумкин. Лекин Россия Донбассдаги навбатдаги қишлоқни ер билан яксон қилишига фақат украинлар ўз қони ва жони билан қаршилик қилиши мумкин, бошқалар эмас.

Шу ўринда Украинадаги уруш аллақачон чинакам ҳарбий синов майдонига айланиб бўлганини айтиш керак. Масалан, танклар ортиқ қуруқлик жангидаги энг муҳим қурол эмаслигини кўриниб қолди. Жанг майдонида лойда ботиб қоладиган бу оғир темир-терсакдан кўра 100 долларлик дронлар кўпроқ самара бермоқда. Айнан дронлар эндиликда урушнинг энг фаол қуролига айланди ва бу қиммат қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган компаниялар учун ёмон хабар. Чунки дронларни энди мактаб болалари ҳам йиға олади, уни эплаб бошқариб олишса бас.

Охирги бир неча ой давомида Россия – Украина урушида фронт музлаб ётибди. Сабаби – дронлар. FPV дронлар сабаб ҳозир фронт чизиғига 20 км яқинлашиш ўлим билан баробар. Бунақа дронлар шунчалик арзонки, дрон операторлар энди техника учун эмас, ҳар бир душман аскари учун алоҳида дрон учирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Украинадаги уруш сабаб дунё ҳам, уруш қоидалари ҳам, ҳарбий саноат ҳам кўз ўнгимизда ўзгариб бормоқда. Бу уруш барча пардаларни кўтарди, мақталган қуроллар темир-терсакка чиқди, писанд қилинмаган миллатлар доҳий инженерлар чиқара бошлади, фронтдан минглаб километр узоқдаги давлатлар ҳам қурол омборларини тўлдиришга киришди. Ҳали бу уруш бизни кўп ажаблантиради....

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид