Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Асабийлашиш – саломатлик душмани: эмоционал мувозанатни қандай сақлаш мумкин?
Орамизда кунда бир асабийлашмайдиган одам бўлмаса керак. Кимдир тирбандликда қолади, бошқа одам ишда тушкунликка тушади, яна кимдир яқини билан тортишади – ҳар куни озми-кўпми стресс оламиз. Баъзан инсонлар асабийлашишни кайфият алмашинуви деб ҳисоблайди. Аммо у оддий руҳий ҳолат эмас, бутун организмга таъсир кўрсатадиган физиологик жараёндир. Бир неча дақиқа давом этадиган бу вазият организмни соатлаб, баъзида кунлаб салбий таъсир остида қолдириши мумкин. Ушбу мақолада асабийлашишнинг танада қандай муаммоларни ҳосил қилиши ва стресснинг олдини олиш усуллари ҳақида сўз боради.

Фото: iStock
Асабийлашишнинг маркази мия ҳисобланади. Айнан ушбу орган атрофимиздаги айрим ҳодисаларни “таҳдид” сифатида баҳолайди ва гипоталамус орқали бутун танага сигнал юборади. Бу сигнал буйрак усти безларига боради, шундан сўнг у ердан адреналин ва кортизол деб номланувчи стресс гормонлари ажралади. Мазкур гормонлар сабаб асабийлашиш ҳолати юзага келади.
Бир марта асабийлашиш тана фаолиятини қандай ўзгартиради?
- Юрак тезроқ ура бошлайди: тана хавфга тайёрланади ва ҳаракат қилишга ҳозирланади. Натижада юрак уриши 2-3 баравар тезлашади. Бу эса қон босимини оширади ва юракни зўриқтиради.
- Нафас олиш тезлашади: мазкур ҳолатда организмга кўпроқ кислород етказилади, бу баъзан бош айланиши, бўғилиш ҳисси ёки ваҳима хуружига ҳам сабаб бўлади.
- Қон асосан қўл-оёқ мушакларига йўналтирилади: югуриш ёки ўзини ҳимоя қилиш учун куч керак бўлади деган мақсадда мия организмга шундай буйруқ беради. Оқибатда қўл-оёқ совийди, терлаш кучаяди, мушаклар таранглашади.
- Ошқозон ишлашни тўхтатади: тана бу пайтда овқатни эмас, муаммодан чиқишни устувор вазифа деб ҳисоблайди. Стрессда ҳазм қилиш тизими секинлашади. Одамда иштаҳа йўқолади, баъзида диарея ёки ошқозонда спазм кузатилади.
- Мия бутун диққатини хавфга қаратади: одатдаги сокин фикрлаш ўрнига фақат тез ва кескин қарорлар чиқариш устунлик қилади. Одам ўйламай гапириб қўйиши, қарорларни шошиб, пушаймон бўладиган тарзда қабул қилиши шундан келиб чиқади.
Нега бу ҳолат хавфли?
Асабийлашиш вақтида ажраладиган кортизол гормони даражаси баланд бўлиб қолса, у нафақат кайфиятни, балки соғлиқни ҳам емиради. Доимий равишда шундай ҳолатга тушиб туриш қуйидагиларга сабаб бўлади:
- Уйқусизлик ва чарчоқ. Стрессдан кейин мия сигналлашган ҳолатида қолади, дам олмайди. Натижада одам яхши ухламайди. Уйқу сифатининг бузилиши эса кунлик энергия, диққат-эътибор ва иш самарадорлигини пасайтиради. Бу ҳолат кучли неврозга олиб келиши мумкин.
-
Юрак-қон томир касалликлари. Асабийлашиш вақтида юрак тез уради, қон айланиши тезлашади. Ушбу ҳолат қон босимини кўтаради, юракка ортиқча юк туширади. Натижада инсулт ва юрак хуружлари хавфи ошади.
-
Иммунитетнинг пасайиши. Стресс организмни заифлаштиради. Қон оқимидаги иммун ҳужайралари камроқ фаоллик кўрсатади. Бу эса оддий шамоллашдан тортиб, сурункали яллиғланишли касалликлари ҳосил бўлиши эҳтимолини оширади.
-
Қандли диабет ва ортиқча вазн. Кортизол гормони организмни “энергия тўплаб олишга” ундайди, яъни ёғ ва шакарлар кўпроқ тўпланади. Шу сабабли стресс фонида овқатланиш тартиби бузилади ва ортиқча вазн ортади. Бу эса 2-тип диабет хавфини кўпайтиради.
-
Депрессия ва хотиржамлик ҳолатининг бузилиши. Стрессга жавобан организм доимий зўриқиш ҳолатига ўтади. Ушбу жараён руҳий мувозанатни бузиб, депрессия, хавотирли фикрлар ва руҳий чарчоқни юзага келтиради.
Асабийликни қандай жиловлаш мумкин?
Асабийлашишнинг олдини олиш ёки уни енгиллаштириш учун оддий, лекин илмий асосланган усуллар мавжуд:
- Нафас машқлари: ҳар бир нафасни 4 сония давомида олиб, 4 сония ушлаб, 4 сония чиқариш кортизол даражасини камайтиради.
- Жисмоний фаоллик: 10 дақиқалик пиёда юриш адреналин ва кортизолни камайтиради.
- Сув ичиш ва тана ҳолатини ўзгартириш: оддий оғизни чайиш ёки оёққа туриб юриш ҳам стресс таъсирини пасайтиради.
Асабийлашиш — оддий кайфият ўзгариши эмас, бу бутун организмни фавқулодда ҳолатга соладиган кучли биологик жараёндир. Ҳар сафар жаҳл чиққанда ёки ичимизда ғазаб уйғонганда танамизда юрак уриши тезлашади, нафас чуқурлашади, овқат ҳазми тўхтайди ва стресс гормони ажралади. Бу жараён такрорланса, у соғлиқ учун яширин таҳдидга айланади. Иммунитет сустлашади, уйқу бузилади, юрак-қон томир тизими зўриқади, руҳий тушкунлик кучаяди. Шунинг учун “асабийлашдим, ўтиб кетди” деган қарашлар билан чекланмай, ички осойишталикни сақлашга ҳаракат қилиш зарур.
Диёрахон Набижонова