Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленскийдан норози украинлар, Россияга содиқ Хитой – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум. Бугун 27 июл, якшанба. Ўтган ҳафта воқеаларга бой бўлди. Макрон Франция Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишини айтди, Исроил Фаластиннинг Ғарбий соҳилдаги ерларини аннакция қилиш режасини эълон қилди, Россия ва Украина Туркияда навбатдаги ножиддий музокара ўтказди. Осиёда яна бир уруш бошланди, Алиевнинг баёнотлари сабаб Россиядаги уруш тарғиботчилари «Озарбойжон билан урушга тайёрланишга» чақирди. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Исроил Ғарбий соҳилни аннекция қилмоқчи
Ғазонинг кулини кўкка совурган Исроил энди Фаластинга тегишли Ғарбий соҳилга жиддий эътибор бермоқчи кўринади. Мамлакат парламенти Яҳудия, Самария ва Ўрдун дарёси водийси «Исроил давлатининг ажралмас қисми экани» ҳақида декларацияни маъқуллади. Бу халқаро ҳуқуққа кўра тўла ноқонуний декларацияда Фаластинга тегишли Ўрдуннинг Ғарбий соҳили ҳам Исроилники деб иддао қилинган. Ҳужжатда безбетларча шундай ёзилган: «Ғарбий соҳилдаги бу ҳудудлар яҳудийлар тарихий ватанининг ажралмас қисми ҳисобланади».
Кўп ўтмай Исроил Ғарбий соҳилда яна 22 та аҳоли пункти қуришини эълон қилди. Яъни, халқаро ҳуқуққа кўра Фаластинга тегишли ерларда янги Исроил аҳоли пунктлари пайдо бўлади. Ўзи бу ерларнининг катта қисмини Исроил аллақачон ҳарбий йўл билан босиб олиб, уйлар қуриб келади. Лекин Тел-Авив Ғарбий соҳилни ўзиники деб очиқ айтмасди.
Хуллас, Исроил Фаластиннинг қолган ерларини ҳам эгаллашга киришди. Ишонинг, Исроил бу иши билан янги урушга пойдевор қўйди. Бунақа безбетлик, «Бу ерларни бизга Худо берган», деган абсурд иддао билан бировнинг ерини эгаллаб олиш янги 7 октябрларга йўл очади холос. Бу гапларни эслаб қолинг.
Франция Фаластинни тан олади
Биласизми, ҳамма давлатлар ҳам Трампнинг Америкаси ёки Нетаняҳунинг Исроили каби мулоҳазасиз иш кўрмайди. Дунёда Францияга ўхшаган тузук давлатлар ҳам бор. Фаранглар лидери Макрон Яқин Шарқдаги бу охири йўқ урушни фақат икки миллат учун икки давлат қуриш орқалигина ҳал қилиш мумкинлигини айтди. Макронга кўра, Франция Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олади. Парижнинг бу борада расмий позицияси сентябрдаги БМТ бош ассамблеясида эълон қилинади.
Франция БМТ Хавфсизлик кенгаши беш доимий аъзосидан бири экани Фаластинга чинакам давлат тузиш учун умид беради. Шу тариқа Франция катта еттилик давлатлари ичида Фаластинни тан олган илк давлат бўлади. Бинямин Нетаняҳу Макроннинг бу баёнотини «террорчиликни рағбатлантирувчи ҳаракат» деб атади. АҚШ давлат котиби Рубиога кўра, Франция Фаластинни тан олиши Ҳамас тарғиботини кучайтираркан.
Канада бош вазири Марк Карни ҳам минтақадаги урушни тинчитиш учун икки давлатли ечим энг тўғри йўл эканини айтди. Канада лидери Ҳамасдан барча асирларни қўйиб юборишни, Исроилдан Ғарбий соҳил ҳудудий яхлитлигини ҳуртмат қилишни талаб этди. Шунингдек, Британия парламентининг 220 депутати Кир Стармерни Фаластин давлатини тан олишга чақирди. Аввалроқ Стармер «Фаластинни тан олиш энг тўғри йўл бўлишини» айтганди.
Украинада можароли қонун
Украинада ҳафта давомида Зеленский имзолаган қонунга қарши намойишлар ўтказилди. Бу уруш бошланганидан буён мамлакатда кузатилган илк норозилик акциялари бўлди. Гап шундаки, Зеленский Миллий аксилкоррупция бюроси ва Махсус аксилкоррупция прокуратурасини амалда мустақилликдан маҳрум қилиб, ўзига бўйсундирадиган қонунни имзолади. Қонун мазмуни ва у парламентда бошқа моддага қўшилиб ими-жимида ўтказиб юборилгани украинларга ёқмади. Йирик шаҳарларда қонунга қарши акциялар ўтказилди.
Зеленский намойишлардан кейин Радага бошқа, бу икки органга мустақилликни қайтарадиган қонун лойиҳаси тақдим этди. Зеленский ва СБУга кўра, бу икки органда Россия таъсири мавжуд бўлган. Украина президенти қонунни имзолагач, бу ишни айнан «Россия таъсирини йўқотиш учун» қилганини айтди. Бироқ Украина жамияти қонунни жуда ёмон қаршилади.
Россия – Украина музокаралари
Доналд Трамп Россияга 50 кун муддат берганидан кейин Россия ва Украина навбатдаги марта келишишга уриниб кўрди. Туркияда учинчи раунд музокаралар ўтказилди. Лекин бу музокара шунчалик ножиддий руҳда ўтдики, унда ҳеч қандай келишув бўлмади. Украина томони асосан Зеленский ва Путиннинг яккама-якка учрашув ўтказишига эришишга интилди. Бироқ руслар кутилганидек бу таклифни рад этишди. Ваҳоланки Кремл аввалроқ Путин Зеленский билан учрашишга тайёрлигини айтганди.
Ўзи Кремл ҳеч кимнинг кўнглини қолдирмайди, ҳаммага «Ҳа» дейди. Фақат уларнинг баёноти икки қисмдан иборат бўлади: биз фалон ишни қиламиз, лекин фалон, фалон ҳолатда... Ва баёнотнинг иккинчи қисмида ҳеч қачон бажариб бўлмайдиган мантиқсиз шарт турган бўлади.
Россияда тақиқлар кучайди
Россия Украина билан музокараларни истамай ўтказаётган бўлиши мумкин, лекин мамлакат парламенти ҳар ҳафта ниманидир кўтаринкилик билан тақиқламоқда. Масалан, бир ҳафта ичида Россия парламенти «анъанавий қадриятларни камситадиган» филмлар намойишини, «поезд чипталарини бегона агрегаторларга сотишни» тақиқлади. Федерация кенгаши интернетда Россия қонунчилиги экстримал деб топган маълумотни қидириш ва VPNни реклама қилиш учун жарима белгилаш тўғрисида қонунни маъқуллади. Масалан, Россияда Алексей Навалний террорчи деб топилган. Агар сиз россиялик бўлиб Навалний ҳақида маълумот қидирсангиз, жарима тўлашингиз мумкин. Айтганча, энди Россияда мобил алоқа рақамини бошқа кишига берганлар уч йилгача қамалиши ҳам мумкин.
Ва энг муҳими, Россия миллионлаб руслар фойдаландиган WhatsApp мессенерини блоклаши мумкин. Владимир Владимирович кузгача хорижий технологик маҳсулотларга чеклов жорий этишга буйруқ берди. Думада WhatsApp'ни Россия бозоридан чиқиб кетишга тайёр туришга чақиришди. Россияда аллақачон WhatsApp'нинг ўрнини босиш учун маҳаллий Max мессенжери тарғиб қилинмоқда.
Путин буйруғидаги «кузгача» деган жойи энг қизиғи. Худди бизда «Кўприк қурилиши Мустақиллик байрамига ёки Наврўзга якунлансин», дегандай. Ёки кўпчилигингиз жуда яхши кўрадиган жаноб Путин кузда яна бирор режа тайёрлаганмикин? Буни энди кузда билиб оламиз.
Таиланд – Камбожа тўқнашуви
Ҳафта давомида Осиёда янги тўқнашув кузатилди. Таиланд ва Камбожа чегарада отишиб кетишди. Тарихий ибодатхона атрофидаги тортишувли ҳудуд яқинида содир бўлган отишмада Таиланд томони камида 12 фуқароси ўлганини маълум қилди. Ҳар икки томон уруш бошлашда бир-бирини айблади. Тўқнашув давомида икки давлат ҳам оғир артиллериядан фойдаланди, авиазарбалар берилди.
«Улар нимани талашади?», деган саволингизга қисқа жавоб бераман. Ана шу тўқнашув бўлган ерда таирихий буддавийлар ибодатхонаси бор. Ҳар икки давлат уни ўзиники деб юз йилдан бери талашади. БМТ тортишувли ибодатхона комплекси Камбожага тегишли деб қарор берган, лекин бу тортишув тугаши учун етарли бўлмаган.
Алиевнинг гаплари
Ҳафта давомида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россия манзилига кескин чиқишлар қилишда давом этди. Шушада ўтган медиа форумда украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг саволига жавоб берган Алиев украинларни «оккупацияга рози бўлмасликка» чақирди. Шундоғам Алиевнинг руслар ўққа тутган самолёт атрофидаги аччиқ гапларини зўрға қабул қилган Россия пропагандаси қардош давлат лидерининг бу чиқишини ҳазм қилолмади.
Военкорлар Россияни «Озарбойжон билан урушга тайёрланишга» чақирди. Улар орасида «Боку марказига Орешник ташлашга» чорлаганлар ҳам бўлди. Алиев МДҲ лидерлари орасида Украина Россия босқинида яшаётганини тасдиқлаган биринчи сиёсатчи бўлди. Унинг чиқишлари шундоғам чўққиқа чиқаётган Россия – Озарбойжон можаросини янада авж олдирди.
ЕИ Хитой билан келиша олмади
Пекинда Европа Иттифоқи – Хитой 25-саммити ўтказилди. Бундан 50 йил аввал ҳамкорлик бошлаган дунёнинг иккинчи ва учинчи иқтисодиётлари ўртасида муносабат ҳозир энг ёмон ҳолатда дейиш мумкин. Чунки Европа иттифоқи Украинани стратегик иттифоқчи сифатида Россия билан урушда қўлламоқда. Хитой эса қадрдон дўсти Россия томонида.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен бошчилик делегация Хитойда Си Жинпинг билан учрашиб, Пекинни урушни тугатиш учун Москвага босим қилишга чақирди. Хитой раиси эса бу илтимосга чиройли қилиб рад жавобини берди. Бундан ташқари, Европа лидерлари Хитой билан савдо айланмасидаги дисбаланс 305 миллиард евродан ошгани бўйича эътирозларини билдиришди.
Хитойдаги учрашув совуққина ўтди дейиш мумкин. Чунки аслида Европа Иттифоқи лидерлари Чинда икки кун бўлиши эди, бироқ Пекин дастурни бир кунгача қисқартириб, европаликларнинг бизнес форумга режалаштирган ташрифини бекор қилди.
Бизда ҳозирча шулар. Бу сизга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид

12:00 / 20.07.2025
Урушга тайёр Жўланий, таксидаги Пизишкиён – ҳафта дайжести

16:06 / 13.07.2025
Қозонда қурол «қайнади», Трампнинг оҳанги ўзгарди – ҳафта дайжести

17:13 / 06.07.2025
Россия «Толибон»ни тан олди, Трамп Путиндан хафа – ҳафта дайжести

18:43 / 29.06.2025