Жамият | 12:28
1161
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқ дарёсида қум-шағални ноқонуний қазиб олган мансабдор 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олган «Г.С» МЧЖ раҳбари С.И. иши кўриб чиқилди.

Иллюстратив фото

2024 йил 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида навбатдаги тунги рейд тадбири ўтказилган, унда Чирчиқ дарёси муҳофаза ҳудудидан қум-шағал аралашмаси ортиб берилаётгани аниқланган эди.

Ҳолатга аниқлик киритилганида қум-шағал аралашмаси «Г.С.» МЧЖ тегишли бўлган тош майдалаш цехига олиб бориб тўкилаётганлиги маълум бўлган. Ҳолат юзасидан давлат инспекторлари томонидан табиатга катта миқдорда зарар етказгани ҳисоб-китоб қилинган ва тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган эди.

Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди томонидан «Г.С» МЧЖ раҳбари С.И. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, узил-кесил ўташ учун 6 йил  муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташ белгиланди. Шунингдек, ҳуқуқбузардан давлат фойдасига катта миқдорда зарар ва жарима ундирилиши белгиланди.

Маълумот учун, 2024 йил 1 майдан айрим сув ҳавзалари, хусусан, Чирчиқ дарёси ўзанида ҳам норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган. Экология вазирлиги мораторий талабларига қатъий риоя қилиш, экологик ҳуқуқбузарликларни содир этмаслик ва бу қонунга кўра қатъий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид