Ўзбекистон | 23:47 / 28.07.2025
2954
5 дақиқада ўқилади

Ижро назоратининг кучайтирилиши, Самарқанддаги «қўзиқорин уй», сувга чўкиш фожиалари – маҳаллий дайжест

Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижроси назорати кучайтириладиган бўлди. Самарқандда ноқонуний деб топилган 12 қаватли «қўзиқорин уй»ни бузиш бошланди. Қорақалпоғистонда бир оиланинг уч аъзоси, Наманганда икки ўсмир сувга чўкди. Тошкентда ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 59 та уй-жой қурилиши тўхтатилди. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижроси назорати кучайтирилади

«Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди. Унда давлат органлари ва ташкилотлари, ҳамда бошқа ташкилотларда ижро интизомини ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Жумладан, қонунлар, Ўзбекистон президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг самарали механизмлари жорий қилинади. Ҳудудларда ислоҳотлар натижадорлигини ўрганиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш ишлари ташкил этилади. Давлат органлари ва ташкилотларда ижрони ташкил этишда биринчи раҳбарларнинг масъулияти оширилади. Ижро интизомини назорат қилиш жараёнларига сунъий интеллект технологиялари жорий қилинади.

Самарқандда ноқонуний деб топилган 12 қаватли «қўзиқорин уй»ни бузиш бошланди

Фурқат Халилов томонидан қурилган ва мутахассислар томонидан сейсмик хавфли деб топилган 12 қаватли ностандарт иморатни бузиш бошланди: бу ҳақдаги суд қарорини ижро этишга киришилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бино қурилиш меъёрларига жавоб бермайди, хавфли ва сейсмик жиҳатдан етарли даражада барқарор эмас.

Бино эгаси ижтимоий тармоқларда яна мурожаат билан чиқди. У 10 йилдан ортиқ меҳнати ва киритган сармояси йўққа чиқмоқда, деб ҳисоблайди.

Қорақалпоғистонда бир оиланинг уч аъзоси, Наманганда икки ўсмир сувга чўкди

Қорақалпоғистоннинг Ақчакўл сув ҳавзасида 36 ёшли аёл ҳамда унинг 10 ва 13 ёшли қизлари чўкиб кетди. Оила аъзолари кўлга шахсий қайиғи билан тушган. Бироқ, таъкидланишича, кўл ўртасига борганда эҳтиётсизлик оқибатида ҳалокат рўй берган, қайиқдаги фақат бир киши – ота тирик қолган. Ҳолат юзасидан жиноий иш очилди.

Намангандаги «Шимолий Фарғона» каналига чўмилишга тушган олти боладан 2 нафари чўкиб кетди. 16 ёшли болалардан бирининг жасади орадан 3 кун ўтиб топилди. Иккинчисини Наманган, Чуст ва Поп туманлари бўйлаб қидириш давом этмоқда.

Тошкентда ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 59 та уй-жой қурилиши тўхтатилди

Сўнгги ойларда Тошкентда айрим қурувчилар томонидан қурилиш меъёрлари ва қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари кўплаб аниқланди. Баъзилари зарур рухсат берувчи ҳужжатлар, экспертиза хулосалари ва техник маълумотномаларни олмасдан қурилишни бошлаб, фуқароларга ноқонуний равишда уй-жой сотишга уринган. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида айрим фуқаролар жамғармаларини йўқотиб, уй-жойсиз қолмоқда.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатли тузилмалар билан ҳамкорликда бу масалада қатъий ва принципиал позицияни эгаллаган. Пойтахтнинг бир қатор туманларида тўлиқ ҳужжатлар тўпламига эга бўлмаган 59 та объектда қурилиш ишлари бутунлай тўхтатилган, объектлар электр таъминотидан узиб қўйилган.

Тошкент вилояти, Паркент туманида Корея андозалари асосида «Чашма» этно-қишлоғи ташкил этилди

Жанубий Кореянинг Геонгсангбук-до вилоятида жойлашган машҳур Andong Xaxve фолклор қишлоғи андозасида ташкил этилган лойиҳадан асосий мақсад ҳудуднинг бетакрор табиати ва этнографик хусусиятларини асраб-авайлаш, шу орқали ички ва ташқи туризмни ривожлантириш экани таъкидланмоқда.

Очилиш маросимида меҳмонлар учун фолклор санъати чиқишлари, миллий либослар намойиши ва рассомчиликка оид тасвирий санъат кўргазмалари ташкил этилди. Маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари, шу жумладан, Жанубий Кореянинг Move журнали ижодий гуруҳи учун эса Паркент тумани бўйлаб пресс-тур ташкил қилинди.

Марғилонда 35 млн долларлик City қурилиши бошланди

Margilan City Mall&Residence мажмуаси шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги Наврўз маҳалласида барпо этилади ва Янги Ўзбекистон массивининг таркибий қисмига айланади. Қайд этилишича, ҳудудда савдо мажмуаси, шунингдек, 12, 14 ва 16 қаватли 11 та турар жой биноси қурилиши режалаштирилган. Уларда жами 785 та хонадон бўлади. Бундан ташқари, аҳоли учун савдо маркази, болалар ўйин майдонлари ва автомобил тўхташ жойи ҳам қурилади. Лойиҳа қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 35 млн долларга баҳоланган.

Мавзуга оид