Жаҳон | 18:20 / 28.07.2025
4625
5 дақиқада ўқилади

 “Россия урушга чуқур кириб кетди, ундан чиқиши имконсиз” — сиёсатшунос

Украинадаги уруш тақдири дипломатик музокаралар орқали ҳал этиладими ёки фронтдаги жанглар ҳал қилувчи рол ўйнайдими? Трамп, Зеленский ва Путин ўртасидаги эҳтимолий учрашув ҳақида турли баёнотлар берилмоқда. Лекин учрашув бўлган тақдирда ҳам, у қанчалик самарали бўлади? “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шу ҳақда сўз юритди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп, Зеленский ва Путин ўртасида бўлиши кутилаётган учрашув натижа бермаслиги ҳам мумкинми, агар шундай бўлса, ҳаммаси фронтда ҳал қилинадими?

Зокир Усмонов: Эҳтимолий учрашувдаги натижалар мамлакатлар қўлидаги муҳим таъсир қилиш воситаларига, “козир”ларга боғлиқ бўлади. Яқин ойларда мана шундай учрашув амалга ошиши эҳтимоли юқори, деб ўйлайман. Лекин Россиядаги тизимни ҳисобга олиш керак. Чунки урушдан чиқиш Россиядаги ҳокимият учун ҳалокатли якунланиши ҳам мумкин. Улар урушга чуқур кириб кетишди, қайтиб чиқиши имконсиз.

Агар шундай бўлмаганида, Москва аллақачон музокарага жиддий киришган бўларди. Олий даражада музокара бўлган тақдирда ҳам, Россия барибир урушни тўхтатмайди. Шахсий фикрим шуки, ҳаммаси жанг майдонида ҳал бўлади. Россиядаги тизим инерция билан кетаверади.

Аввало, урушни тўхтатиш истаги бўлган мамлакат уруш бошламасди. Масалан, Ҳитлер ҳам Иккинчи жаҳон урушида ўзининг ўлимигача, иттифоқчилар армияси Германия ҳудудига бостириб кирганда ҳам тўхтамаган.

Шерзод Зиёев: Доналд Трамп АҚШ ташқи сиёсатида ўзгаришлар қилаётгани урушни тўхтатиш йўлида ечимга олиб келади, деб ўйлайман. Бироқ АҚШ масалаларга кўпроқ геоиқтисодий жиҳатдан ёндашяпти. АҚШ ва Европа ўртасида Украина масаласидаги позициянинг чигаллашгани Россияга урушни давом эттиришга ёрдам берди.

Юқори даражада учрашувлар бўлиши эҳтимоли юқори, лекин Путин ва Зеленский учрашуви қийинроқ масала. Дастлаб Путин билан Трамп жонли учрашув ўтказиши мумкин.

Шуҳрат Расул: 24 июл куни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан бундай учрашув эҳтимоли реалликка айланяпти, деб баёнот берди. Лекин 25 июл куни Путиннинг матбуот котиби Песков Украина ва Россия лидерлари учрашуви ҳақида гапиришимизга ҳали эрта деб айтяпти. Демак, бу ерда томонлар ўз мақсадлари йўлида ҳар хил баёнотлар беряпти дейишимиз мумкин.

Менинг фикримча, бундай учрашувнинг айнан август охири ёки сентябрида бўлиш эҳтимоли жуда паст. Сабаби томонларнинг позицияси бир-бирига диаметрал қарама-қарши. Москва ва Киев иккинчи раунд учрашувларида ўзларининг меморандумларини алмашган эди. Томонлар урушни айнан шу меморандумда ёзилгандек шартлар билан якунлашни хоҳлашини билдирган. Россиянинг асосий позицияси – ўзи ҳали назорат қилмаётган, лекин 2022 йил октябр ойида конституциясига киритиб қўйган ҳудудларни “Украина бизга топширсин” деяпти. Ундан ташқари, яна кўп нарсаларни сўраяпти.

Ана шу позициялар яқинлашмас экан, лидерларнинг учрашувидан ҳеч қандай мантиқ йўқ. Чунки улар асосан келишувлар тайёр бўлгандан кейин формал келиб учрашиб, қўл қўйиб кетади холос. Ҳозирча шу шароит борми? Россия ўзининг Украинага ултиматумидан воз кечдими? Йўқ.

Бектош Бердиев: Ҳоқон Фиданнинг баёнотини бутунлай пучга чиқариб қўя олмайман. Лекин Песковнинг гапида ҳам жон бор. Чунки Песков айтяптики, биз ҳали тайёр эмасмиз. Ҳақиқатда принципиал жиҳатдан учрашувга тайёр эмас. Лекин учрашув эҳтимолини оширадиган баъзи бир ҳолатлар бор. Владимир Путин бугун Зеленский билан бўлмаса-да, камида Доналд Трамп билан учрашувга тайёр. У имкон қадар Трамп билан учрашиб, урушнинг тақдирини ҳал қилишни хоҳлайди. Чунки Зеленский билан учрашиб, урушнинг тақдирини ҳал қилишни Путин “менинг обрўйимга тўғри келмайди” деб ҳисоблайди. Ва шунинг учун ҳам у дунёнинг лидери деб ҳисоблайдиган Трамп билан бу масалани учрашиб, худди Ялта конференциясига ўхшаш келишувлар қилишни истайди. Юзма-юз учрашувда Трампнинг сиёсий ва дипломатик тажрибаси катта эмаслиги Путинга қўл келиши мумкин. Трамп эса керак бўлса Хоминаий билан ҳам, Ким Чен Ин билан ҳам учрашаверади, натижа бўлмаса ҳам, унга фарқи йўқ.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида батафсил томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид