Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шереметевода яна коллапс юзага келди. 50 га яқин рейс бекор қилинган
«Аэрофлот» ахборот тизимларида йирик носозлик рўй берди. Бунга ҳакерлар ҳужуми сабаб бўлгани айтилмоқда. Авиакомпания рейслар қолдирилиши ёки бекор қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Фото: Видеодан кадр
28 июл куни эрталаб «Аэрофлот» авиакомпанияси ўз ахборот тизимларида носозлик юзага келганини маълум қилди.
«Шу муносабат билан бажариладиган рейслар жадвалига мажбурий тузатиш киритилиши кутилмоқда, жумладан, кечиктириш ва бекор қилиш орқали», - дейилади компания баёнотида.
«Аэрофлот» йўловчилардан аэропорт сайтлари ва аэропортлардаги ахборот таблоларида пайдо бўладиган маълумотларни, шунингдек, аэропортлардаги овоз кучайтиргичлар орқали бериладиган эълонларини кузатиб боришни сўради.
Компания «парвозларнинг ишлаб чиқариш режасини бажариш хавфини минималлаштириш» ва ўз хизматларини имкон қадар тезроқ тиклаш устида ишлаётганини қўшимча қилди.
«Аэрофлот» билан бир гуруҳга кирувчи «Россия» ва «Победа» авиакомпаниялари носозлик ҳақида хабар бермаган.
«Аэрофлот»нинг маълум қилишича, ахборот тизимидаги носозлик туфайли Москвадан амалга оширилиши керак бўлган 49 та рейс бекор қилинган. Москванинг Шереметево аэропортида улкан навбатлар юзага келди, деб хабар бермоқда Msk1.
Silent Crow ҳакерлик гуруҳи «Киберпартизанлар BY» ҳакерлари билан биргаликда кенг кўламли операцияни муваффақиятли амалга оширгани, натижада „Аэрофлот“нинг ички IT-инфратузилмаси бутунлай шарманда қилингани ва яксон этилгани»ни маълум қилди.
«Йил давомида биз уларнинг корпоратив тармоғи ичида бўлиб, инфратузилма ядроси – Tier0’гача кириб боришни методик жиҳатдан ривожлантирдик. Биз муваффақиятга эришдик: парвозлар тарихи маълумотлар базаларининг тўлиқ массивини қўлга киритиш ҳамда юклаб олиш, барча муҳим корпоратив тизимларни <...> обрўсизлантириш, ходимларнинг шахсий компютерлари, шу жумладан юқори раҳбарият устидан назоратни қўлга киритиш», – дейилади ҳакерлар баёнотида.
Улар тез орада олинган маълумотларнинг бир қисмини эълон қилишни бошлашга ваъда беришди.
«Аэрофлот» – Россиядаги йирик авиация гуруҳи ҳисобланади. У «Аэрофлот», «Россия» ва «Победа» авиакомпанияларини ўз ичига олади. 2024 йилда уч компания жами 55,3 миллион йўловчи ташиган, гуруҳнинг Россия авиаташувларидаги улуши 42,3 фоизни ташкил этган, деб хабар берган «Коммерсант». 2024 йилда «Аэрофлот» ва «Россия» авиакомпанияларининг йўналишлар тармоғи 248 та йўналишдаги мунтазам қатновларни ўз ичига олган, «Победа» эса 94 та йўналишда мунтазам парвозларни амалга оширган.
Сўнгги ҳафталарда Россияда Украина дронлари ҳужумлари туфайли авиақатновлар бир неча бор бекор қилинган ва қолдирилганди. Бу аксар ҳолларда «Аэрофлот» базаси жойлашган Шереметево аэропорти фаолиятига таъсир кўрсатган.
Мавзуга оид

19:04 / 21.06.2025
«Аэрофлот» Москвадан Самарқандга мунтазам парвозларни тиклайди

00:59 / 14.05.2025
Имтиҳонга кеч қолган талаба авиакомпанияни судга бериб, унда ютиб чиқди

07:50 / 30.12.2024
«Аэрофлот» самолёти Тошкент аэропортига фавқулодда қўнди

01:14 / 07.12.2024