Жаҳон | 11:56 / 29.07.2025
675
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Германия 2029 йилгача ҳарбий бюджетини икки баравар оширмоқчи

2029 йилга бориб Германиянинг ҳарбий бюджети 162 миллиард еврони ташкил қилиши мумкин, деб ёзади Bloomberg. Улардан тўққиз миллиарди Украинага ёрдам бериш учун кетиши керак.

Фото: Michael Bihlmayer/CHROMORANGE/picture alliance

Германия 2029 йилгача ҳарбий бюджетини деярли икки баробарга оширишни режалаштирмоқда, деб ёзади Bloomberg 28 июл, душанба куни ҳукуматнинг юқори мартабали мулозимига таяниб. Журналистларга кўра, Берлин 2029 йилда ҳарбий харажатлар учун 162 миллиард евро ажратишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Берлин Украинани қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 9 миллиард евро ажратади.

Аввал хабар қилинганидек, Германия ҳукумати мудофаа харажатларини 2025 йилдаги 62,4 миллиард евродан (Бундесвер махсус жамғармасидан ташқари) 2029 йилда 152,8 миллиард еврога босқичма-босқич ошириш ниятида эди. Бу кўрсаткичларнинг ошиши қарз тормози олиб ташланганидан кейин ва Германия ҳукуматининг янги асосий қонунига тегишли ўзгартириш киритилганидан кейин мумкин бўлди. Bloomberg қайд этишича, бундай режалар НАТО давлатларининг 2035 йилга бориб ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 3,5 фоизигача ошириш мақсадидан олдинда.

НАТО давлатлари Россиянинг Украинага қарши уруши фонида ва АҚШ президенти Доналд Трамп босими остида мудофаа харажатлари ва тегишли инфратузилмани 2035 йилга бориб ЯИМнинг беш фоизигача ошириш мажбуриятини олди. Бу ҳақда 2025 йил июн охирида Ҳаагада бўлиб ўтган иттифоқ саммити якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда айтилади.

Бу мажбуриятлар эвазига иттифоқчилар Трампдан АҚШнинг НАТО шартномаси 5-моддаси бўйича мажбуриятларини ҳурмат қилишда давом этишини кутяпти, бу эса алянснинг бир аъзосига ҳужум қилинса, қолганлари унга ёрдам беришини талаб қилади.

Мавзуга оид