Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нидерландия Исроилнинг геноцидга даъват қилувчи вазирларини «қора рўйхат»га киритди
Нидерландия ҳукумати Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва молия вазири Бетсалел Смотричга мамлакатга киришни тақиқлади. Бинямин Нетаняҳу коалициясидаги ушбу марказий шахслар Ғазо секторини «этник тозалаш» билан таҳдид қилгани учун кўплаб давлатлар томонидан «persona non grata» деб эълон қилинган.

Итамар Бен-Гвир (чапда) ва Бетсалел Смотрич / Фото: EPA
Нидерландия ҳукумати ушбу икки вазирга экстремистик фаолияти учун санкциялар жорий қилиш, уларни номақбул шахслар рўйхатига киритиш қарорини қабул қилди. Бу эса уларнинг Нидерландияга киришини тақиқлайди.
«Улар бундан буён Нидерландияга кира олмайди», - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Нидерландия, шунингдек, Европа Иттифоқи даражасида Исроил билан ассоциациялашган битимнинг савдо қисмини тўхтатиб туришни таклиф қилади. Ташқи ишлар вазири Велдкампнинг маълум қилишича, Нидерландия Исроилга ҳарбий мақсадлардаги маҳсулотлар экспортини чеклайди, бунинг учун бир нечта лицензиялар бекор қилинади.
Шунингдек, Нидерландия Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами сифатида БМТ ёрдам хизматлари идорасига 1,5 миллион евро, Қизил Хочга эса қўшимча 3 миллион евро ажратади.
Расмий баёнотда айтилишича, Смотрич ва Бен-Гвир мунтазам равишда фаластинликларга қарши зўравонликни тарғиб қилиб келган, ноқонуний яҳудий посёлкаларини кенгайтиришни ёқлаган ва Ғазода «этник тозалаш»ни талаб қилган.
Хусусан, Смотрич Ғарбий соҳилдаги яҳудий посёлкалари кенгайтирилишини маъқуллаган ва Ғазога инсонпарварлик ёрдамини киритишга қатъий қарши чиққан. У 2024 йил май ойида: «Уруш зонаси – Ғазога бир дона ғалла ҳам киритилмайди», - деган эди.
The Guardian нашрининг ёзишича, 6 май куни Смотрич қуйидагича баёнот берган: «Ғазо тўлиқ вайрон қилинади. Тинч аҳоли жанубдаги инсонпарварлик зонасига юборилади – у ерда ҲАМАС ва террор йўқ бўлади ва улар у ердан бошлаб оммавий равишда учинчи мамлакатларга кўчиб кетади».
Исроил Миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвир эса Ғарбий Соҳилда яшовчи ашаддий яҳудий посёлкачиларидан бири бўлиб, Исроилдаги барча араб фуқароларини чиқариб юборишни илгари сурган. У Нетаняҳу коалициясининг ажралмас қисмига айланган ва Ғазодаги уруш тугатилса, ҳукуматдан чиқишини очиқ айтган.
Бундан ташқари, Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп мамлакатдаги Исроил элчиси Моди Эфрайимни чақириб, расмий норозилик билдириши ҳамда Нетаняҳу ҳукуматини «курсни ўзгартиришга» чақиради. Шунингдек, Каспер Исроилдан халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилишни эслатади.
Бир неча ҳафта аввал Словения ҳам Исроилнинг икки нафар ўта ўнг қанотдаги вазирларини — Итамар Бен-Гвир ва Бетсалел Смотрични «persona non grata» деб эълон қилганди. Исроил миллий хавфсизлик ва молия вазирларининг иккаласи ҳам «геноцидга даъват қилувчи баёнотлар» берганликда айбланмоқда.
2024 йилда Буюк Британия, Норвегия, Австралия, Янги Зеландия ва Канада ҳам айни икки исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилган, уларни фаластинликларга қарши зўравонликни қўзғатганликда айблаганди.
Бундан ташқари, Халқаро жиноий суд 2023 йилда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан инсониятга қарши жиноятлар юзасидан ҳибсга олиш бўйича чиқарилган ордерларини кучида қолдирмоқда.