Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг бензин экспортига тақиқи Ўзбекистонга таъсир қилмаслиги айтилди
Россия ички бозорда ёқилғи нархининг кескин ошиши фонида бензин экспортига тақиқни кучайтирди. Ёз охиригача амал қилиши белгиланган тақиқ энди бензин ишлаб чиқарувчиларга ҳам тааллуқли бўлди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бу чеклов Ўзбекистонга тааллуқли эмаслигини билдирди.

Фото: Kun.uz
Россия ёз охиригача бензин экспортига қўйилган тақиқни кенгайтирди: энди нафақат савдогарлар ва нефт базалари, балки бевосита нефт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳам 31 августгача хорижга бензин сота олмайди.
Бу ҳақдаги қарорни 28 июл куни бош вазир Михаил Мишустин имзолаган. Қарор мамлакатдаги мавсумий юқори талаб ва қишлоқ хўжалигидаги дала ишлари даврида ички бозорда ёқилғи барқарорлигини таъминлаш мақсади билан изоҳланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу тақиқ “Ўзбекистонга таъсир қилмайди”.
“Вақтинчалик тақиқ халқаро ҳукуматлараро шартномалар доирасида тузилган битимларга тааллуқли эмаслиги белгиланган. Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳукуматлараро келишув мавжуд, шунинг учун бу тақиқ Ўзбекистоннинг импортига таъсир қилмайди”, – дейилади вазирлик ахборотида.
Россияда бензин экспортига тақиқ ички бозорда ёқилғи нархлари кескин ошгани фонида рўй бермоқда. 24 июл куни Санкт-Петербург биржасида АИ-95 бензини нархи тоннасига 76,3 минг рублдан ҳам ошиб, 2023 йил сентябр ойидаги тарихий максимум (76,9 минг рубл)ни забт этишга яқинлашди.
Эслатиб ўтамиз, Россияда бензин экспортига тақиқ – Украина билан урушда бир қатор нефтни қайта ишлаш заводлари ҳужумга учраши ортидан, 2024 йил феврал ойида киритилган. Бунда, ЕОИИ мамлакатлари, Ўзбекистон ва Мўғулистонга халқаро шартномалар бўйича етказиб бериш истисно этиб белгиланган.
Дастлаб, тақиқ 2024 йил 1 мартдан 31 августгача амал қилиши кўзда тутилганди, лекин дронлар ҳужумига учраган НҚЗлар яна тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, ички бозордаги тўйиниш ортидан май ойига келиб тақиқ ечилган эди.
Август ойига бориб, РФ ҳукумати бензин экспортига тақиқни тиклади ва чеклов 2025 йил 28 февралгача амал қилиши белгиланди. Кейинчалик бу муддат 2025 йил 31 августгача узайтирилди.
Шу пайтга қадар тақиқ трейдерлар ва нефт базалари кабиларга тааллуқли эди. Янги қарор билан тақиқ доираси кенгайтирилиб, 31 августга қадар нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳам бу чекловга амал қилиши кераклиги белгиланди.
Аввалроқ, Kun.uz Ўзбекистонда сентябр ойидан бошлаб АИ-80 ишлаб чиқарилиши буткул тўхтатилиши ҳақида хабар берганди.
Мавзуга оид

23:22 / 29.07.2025
Уруш балоси: «Аэрофлот»ни нега «бузишди»?

23:14 / 29.07.2025
Путинда 10 кун бор – Трамп Украинадаги уруш бўйича янги баёнот берди

20:24 / 29.07.2025
Россияда мигрантларга таксида ишлашни тақиқлаш таклиф этилди

15:20 / 29.07.2025