Ўзбекистон | 18:32 / 30.07.2025
2472
3 дақиқада ўқилади

2025 йилда Ўзбекистон аэропортлари ва самолётлари саҳнида 5 киши вафот этди

Шунингдек, тиббий сабабларга кўра, 61 йўловчига парвоз қилишга рухсат берилмади. Uzbeksitan Airports парвоз учун хавфли бўлган касалликлар рўйхатини келтирди.

Фото: Kun.uz

2024 йилда Ўзбекистон аэропортларида 46 нафар йўловчи соғлиғи сабабли парвозга қўйилмади. Жорий йилнинг 6 ойида эса 61 йўловчига парвоз қилишга рухсат берилмади. Бу ҳақда Uzbeksitan Airports хабарида айтилади.

Агар сизда ўткир ёки сурункали касалликлар мавжуд бўлса, парвозлар саломатлик учун эҳтимолий хавф туғдириши мумкин. Қайд қилинишича, босимнинг ўзгариши, ҳаракатнинг чекланганлиги ва бошқа парвоз хусусиятлари йўловчи ҳолатини оғирлаштириши мумкин, шунинг учун баъзи тиббий кўрсатмалар билан парвоз хавфли бўлиши ва айрим ҳолларда йўловчи рейсдан олиниши мумкин.

«Нохуш ҳолатларнинг аксарияти парвоз вақтида рўй беради, шу боис йўловчилар юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан билиши ва ҳаво қатновига қарши кўрсатмаларни инобатга олиши зарур. Шундай қилиб, 2024 йилда 14 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, улардан 11 таси самолёт бортида, 3 таси Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида содир бўлган. 2025 йилнинг ҳозирги кунига қадар 5 та ўлим ҳолати қайд этилган ва уларнинг барчаси манзилга етиб боргунга қадар самолёт саҳнида рўй берган», деди Uzbekistan Airports тиббий хизматни ривожлантириш бўлими бошлиғи Севара Салихова.

Таъкидланишича, учишга қарши асосий тиббий кўрсатмалар қуйидагилар:

- яқин орада ўтказилган жарроҳлик операциялари;

- ўткир юрак-қон томир касалликлари (масалан, юрак хуружи, беқарор стенокардия);

- инсулт ва бошқа ўткир неврологик ҳолатлар;

- Пневмоторакс, оғир бронхиал астма, пневмония;

- тромбоэмболия, фаол қон кетиш, оғир анемия;

- қулоқ, бурун бўшлиқлари ва кўзларнинг баротравмаси;

- ҳомиладорликнинг сўнгги босқичлари, айниқса оғир асоратлар бўлса.

Учиш мумкин бўлмаган ҳолатларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.

Таъкидланишича, тиббий кўрсатмалар бўйича қўйиладиган талаблар турли хил авиакомпанияларда бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Баъзи ҳолларда, авиаташувчи шифокор маълумотномасини талаб қилиш ҳуқуқига эга - масалан, беқарор ташхислар, кислород билан қўллаб-қувватлаш зарурати, тиббий назорат ёки ҳомиладорликнинг сўнгги босқичларида.

Шу боис, парвоз олдидан авиакомпания қоидалари билан танишиш, шифокор билан маслаҳатлашиш, агар керак бўлса, олдиндан тиббий маълумотнома олиш тавсия этилади.

Мавзуга оид