Жаҳон | 14:11 / 31.07.2025
10984
7 дақиқада ўқилади

Ашхободнинг вайронага айланишидан Андижондаги фожиагача – яқин тарихдаги энг даҳшатли зилзилалар

30 июл куни Россиянинг Узоқ Шарқидаги Камчатка яримороли яқинида 8,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Табиий офат биноларга жиддий зарар етказди ва 4 метр баландликдаги цунамини юзага келтирди. Ушбу зилзила ер юзида қайд этилган кучли ер силкинишлари қаторига кириб, олтинчи ўринни эгаллади. Kun.uz эътиборингизга яқин тарихдаги энг катта талафотлар келтирган зилзилалар ҳақида маълумотларни ҳавола этади.

Фото: Kun.uz

Туркия (2023 йил)

2023 йилнинг 6 феврал тонгида Туркияда 7,8 магнитудали зилзила содир бўлиб, 53 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Шунингдек, қўшни Сурияда ҳам 9 мингга яқин кишининг ўлими қайд этилган.

Табиий офат Туркиянинг 11 та вилоятида вайронагарчиликларга олиб келди ва 14 миллионга яқин фуқарога бевосита таъсир кўрсатди. Бутун мамлакат бўйлаб 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди.

Зилзила оқибатида Туркия иқтисодиётига етказилган зарар миқдори қарийб 84 миллиард долларни ташкил этган бўлиши мумкин. 

Япония (2011 йил)

Сўнгги йиллардаги энг вайронкор зилзилалардан бири, шубҳасиз, 2011 йилнинг 11 март куни Япония соҳиллари яқинида содир бўлган табиий офатдир. Соҳилдан 72 км масофада, 30 км чуқурликда кечган тебранишлар магнитудаси 9 баллни ташкил қилади. 6 дақиқа давом этган зилзила натижасида баландлиги 40 метрдан ортиқ цунами кўтарилади ва айнан у энг катта талафотларга сабаб бўлди. Сендай аэропортини сув босади,  «Фукусима» атом электр станциясида эса авария юз беради.

Расмий ҳисоботда бевосита қурбонлар сони 15 минг 892 киши бўлгани, 6 мингдан ортиқ одам жароҳатлангани келтирилган. Мазкур табиий офат япон иқтисодиётига 198 млрддан 309 млрд долларгача зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилган.

Фото: Britannica.com

Ҳаити (2010 йил)

2010 йилнинг 12 январида Кариб денгизи ҳавзасида жойлашган Ҳаити давлатида жуда кучли ер силкиниши юз берди. Зилзила эпицентри мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсдан 22 км жануби-ғарбда, гипомаркази 13 км чуқурликда жойлашганди. 7 магнитудали асосий силкинишдан сўнг кўплаб зилзилалар қайд этилди, жумладан, уларнинг 15 таси 5 магнитудадан юқори эди. Олимларга кўра, Ҳаитидаги зилзила Кариб денгизи ва Шимолий Америка литосфера плиталари ўртасидаги алоқа зонасида ер қобиғининг ҳаракати натижасида юз берган.

2010 йил мартдаги расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 222 минг 570 кишини ташкил этган, 311 минг киши жароҳатланган ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолади, бундан ташқари 869 киши бедарак йўқолган. Моддий зарар 5,6 миллиард еврога баҳоланган.

Ҳинд океанидаги зилзила (2004 йил)

2004 йил 26 декабрда Ҳинд океанидаги Суматра ороли яқинида содир бўлган зилзила 230 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Асосий зарар сейсмик фаоллик натижасида юзага келган цунамидан келиб чиқади. Зилзила магнитудаси 9,1 дан 9,3 гача бўлган ва цунами тўлқинлари 14 давлат қирғоқларигача етиб боради. Натижада баландлиги 20 метрдан ошган тўлқинлар қайд этилган. XXI асрнинг энг ҳалокатли табиий офати сифатида баҳоланадиган мазкур зилзила 12 миллиард доллардан кўпроқ иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлади.

Фото: Google Photos

Арманистон (1988 йил)

1988 йил 7 декабрда Совет Иттифоқи тарихидаги энг даҳшатли зилзилалардан бири Арманистон ССР шимоли-ғарбидаги Спитак шаҳрида юз берди. Зилзила кучи Қора денгиздан Каспий денгизигача бўлган улкан ҳудудга сезилади. Спитак шаҳри 30 сония ичида бутунлай вайронага айланади. Ер силкинишлари магнитудаси 6,8 баллни, зилзиланинг ер юзидаги таъсир кучи эса 9-10 баллни ташкил қилган.

Расмий маълумотларга кўра, табиий офат натижасида 25 минг киши ҳалок бўлади, 140 мингга яқин одам жиддий жароҳатланган, 514 минг киши бошпанасиз қолади. Умумий зарар тахминан 10 миллиард совет рублини ташкил этган.

Фото: Eurasia.net

Хитой (1976)

1976 йил 28 июлда Хитойнинг Таншан шаҳрида 8,2 магнитудали даҳшатли зилзила содир бўлади. Дастлабки силкинишлар натижасида шаҳарнинг 90 фоиз қисми вайронага айланади. Расмий маълумотларга кўра, табиий офат 242 минг 419 кишини ҳаётдан олиб кетади. Норасмий маълумотларда эса қурбонлар сони 655 минг кишигача етган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Қурбонлар сонининг жуда ҳам кўплиги зилзила тунда содир бўлгани билан боғлиқ.

Зилзила натижасида шаҳар ер билан битта бўлиб текисланди, бутун бир касалхона ва ҳатто йўловчи поезди улкан ёриқларга кириб кетди. Бундай ёриқлар ҳозиргача айрим ҳудудларда сақланиб қолган. Таншанни қайта тиклашга қарийб 10 йил вақт кетади.

Чили (1960 йил)

1960 йил 22 майда Чилида инсоният тарихидаги энг кучли зилзилалардан бири содир бўлади. Унинг магнитудаси 9,5 балл бўлиб, ер силкинишлари 200 минг квадрат километр майдонда сезилган. Бундан ташқари, зилзила Япония ва Филиппин қирғоқларига етиб бориб, 10 метрли цунамига сабаб бўлади.

Ушбу ер силкинишида ўлимлар сони бошқа шунга ўхшаш офатларга қараганда анча кам бўлган. 1655 киши табиий офат қурбони бўлган, 3 мингга яқин киши жароҳат олган, яна 2 миллион киши бошпанасиз қолган, етказилган зарар ярим миллиард долларга баҳоланган.

Фото: National Geographic Society

Бундан ташқари, 1939 йил Туркиянинг Эрзинжан шаҳрида юз берган 7,8 магнитудали зилзила 33 мингга яқин, 1923 йил Япониянинг Канто минтақасидаги 8,3 магнитудали ер силкиниши 174 минг киши, 1920 йилда Хитойнинг Хайюан туманидаги 7,8 магнитудали табиий офат 270 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган.

Япониянинг Канто ҳудудидаги зилзила

Марказий Осиё ҳудудидаги даҳшатли зилзилалар

Марказий Осиё сейсмик жиҳатдан фаол минтақа ҳисобланади. Айниқса Фарғона водийси, Помир тоғлари, Тян-Шан тизмаларига яқин ҳудудларда ер силкинишлари тез-тез кузатилади.

Андижон зилзиласи (1902 йил)

1902 йилнинг 3 декабр куни Андижонда Марказий Осиёдаги энг кучли зилзилалардан бири содир бўлади. Кетма-кет кучли ер силкинишлари натижасида барча маъмурий бинолар, турар жой бинолари, дўконлар, саноат муассасалари вайронага айланади.

Зилзиладан кейинги жоме мадрасасининг олд қисми. Фото: Д. Анучин

Тарихий ҳужжатларда зилзила магнитудаси – 6,4, максимал шиддати –  9 баллни ташкил этгани келтирилган. Қурбонлар сони 4 минг 652 киши бўлгани, 7000 га яқин қорамол ўлгани қайд этилган. Манбаларда адирдаги ер ёрилиб, ундан бир неча дақиқа нефт, газ ва сизот сувлар қум аралаш отилиб тургани ҳақидаги маълумотлар ҳам учрайди.

Фото: Д. Анучин

Ашхобод зилзиласи (1948 йил)

Собиқ иттифоқ тарихидаги энг даҳшатли зилзила сифатида қайд этилган. 1948 йилнинг октябр ойида содир бўлган 7,3 магнитудали табиий офат кучи 9 баллни ташкил этган. СССР режимининг ёпиқлиги сабаб ҳалок бўлганлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Манбаларда уларнинг сони 110 минг кишига етган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар учрайди. Ер силкиниши бошланганида ярим тун бўлган, бу эса қурбонлар сони ниҳоятда ортишига сабаб бўлгани айтилади.

Тошкент зилзиласи (1966 йил)

1966 йил 26 апрел тонгги 5:23 да Тошкент шаҳрида эпицентрдаги ер юзасида сейсмик таъсири 8 баллдан ортиқ даҳшатли зилзила рўй беради. 10-12 сония давом этган зилзила талафот майдони 10 километрга етган. Бу шаҳарни тўлиқ йўқ қилиб юбормаган. Уйлар ёрилган, ўнлаб жамоат бинолари қулаб тушган. 300 мингдан ортиқ аҳоли бошпанасиз қолади.

Тошкент зилзиласида 200 минг киши жароҳат олгани айтилади. Бироқ қурбонлар сони расман ҳалигача очиқланмайди. Айрим манбаларда уларнинг сони 15 кишини ташкил этгани келтирилади.

Мавзуга оид