Жаҳон | 12:03 / 31.07.2025
5364
3 дақиқада ўқилади

Киевга ҳужум: олти киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши яраланди

Россия Киевга ракета ва дронлар билан ёпирилма ҳужум уюштирди. Кўп қаватли уйлардан бирининг бир қисми қулаб тушган.

Фото: Украина ИИВ

Россиянинг Киевга навбатдаги ҳужуми оқибатида олти киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши яраланди, дея хабар бермоқда маҳаллий расмийлар. Шаҳарнинг Святошинский районидаги турар жой биноси ҳам зарба остида қолган.

Россия тунда Киевга ракета ва дронлар билан ҳужум қилди, деб хабар берган шаҳар мэри Виталий Кличко. Унинг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 48 киши жароҳатланган.

Қайд этилишича, пойтахтнинг Соломенский районида бир нечта уйлардаги квартиралар шикастланган, Голосеевский районида мактаб ва болалар боғчаси биноларига зарар етган, Шевченково районида эса зарба тўлқини тиббиёт муассасаларидан бирининг болалар бўлимидаги деразаларни синдирган.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, Святошинский районида тўрт киши, Соломенскийда икки киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида олти ёшли бола ҳам бор.

Святошинский районида тўққиз қаватли турар жой биносига тўғридан тўғри зарба берилиши натижасида подъездлардан бири қулаб тушди, деган Ткаченко.

Вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкин, ҳозирда қутқарувчилар воқеа жойида қидирув ишларини олиб бормоқда.

«Умуман олганда, Киев бўйича ҳозирда камида 27 та нуқтада Россиянинг қўшма ҳужуми оқибатлари мавжуд. Соломенский райони, Святошинский, Шевченковский, Голосеевский катта зарар кўрди», – деди Ткаченко.

Ҳарбий маъмурият раҳбарининг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида жами 52 киши жабрланган, шундан тўққиз нафари болалар. Қарийб 30 киши шифохонага ётқизилган.

Киев полицияси жабрланганлардан уч нафари полициячилар эканини маълум қилди. Полиция маълумотига кўра, соат 08:00 ҳолатига олти қурбон ва 30 ярадор ҳақида маълум.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳужум оқибатлари акс этган видеони эълон қилди ва шундай деди: «Киев. Ракета зарбаси. Тўғри турар жой биносига. Вайроналар остида қолган одамлар. Барча хизматлар воқеа жойида ишламоқда. Рус террорчилари».

Россия мудофаа вазирлиги Киевга тунги ҳужумга ҳозирча изоҳ бермади.

Мавзуга оид